Tashkent Fashion Week: 1-кун
«Анъанавийлик ва замонавийлик» номи остидаги кўргазма билан очилган Tashkent Fashion Week 2018, ўз подиумини биринчи бўлиб ёш дизайнерларга топширди. Бу йилги #beyoung намойишида 52 нафар умидли ва ёш дизайнерлар 27та тўпламини тақдим этдилар.
Дизайнерларнинг либослари тўрт фаслга мослаштирилгани билан алоҳида диққатга сазовордир. Намойишлар орасида эътиборимиз марказида бўлган коллекциялар:
Дурдона Тошкентова, Нафиса Абдуллаева ва Мафтуна Абдумажидова ҳамкорлигида яратилган либосларда, асосан қора рангли матодан фойдаланилган. Ноодатий бичимдаги либосларга волан ва қўшбурмалар билан безак берилган. Коллекциядан жами 10та либос ўрин олган.
Фарида Минтўраева, Гулҳаё Ражамуродовалар тақдим этган коллекция ёмғирпўш ёпинчиқлардан иборат бўлди. Клеенкали ёпинчиқларга ўзгача безак берилган бўлиб, коллекция замонавий тенденцияларга хос дадил ечимни ўзида акс эттирган.
Нилуфар Кенжаева, Моҳинур Орифова эса, ўз коллекцияларида газ, нубук матоларидан самарали фойдаланган. Либосларга тўғноғичлар билан безак берилган. Бу эса, коллекциянинг кўзга тезда ташланиши ҳамда бежирим кўриниш олишини таъминлаган.
Ширин Игамбердиеванинг либослари кундалик турмушда асқотиши шубҳасиз. Комбинезон, плашлар катта чўнтаклар билан безатилган. Либосларга мос махсус бош кийимлар ҳам тайёрланган бўлиб, асосан тоза шерсть матосидан фойдаланилган.
Лазиза Ҳайдарова ҳам кўпчилик ҳамкасблари қатори қора рангдан унумли фойдаланган. Шим, кўйлаклар тикишда юпқа кожа матоси танланган. Деярли барча либоснинг бел қисми, камарлар билан безатилган.
Ойдин Иштемирова, Маҳлиё Шоназарова ҳамда Гулҳаё Баҳриддиновалар яратган либослар ёзбоп бўлиб, улама матоларни ёдга солади. Чунки либослар бир матодан эмас, турли матолар билан уйғунликда яратилган.
Кун Денис Томилин ва Умида Хамидовалардан тақдим этилган муаллифлик намойишлари билан давомланди.
Денис, тўла қоматли аёллар учун яратилган тўпламини тақдим этди. У коллекцияга кулрангни танлаган бўлиб, классик ва оқшом либосларини кўриш мумкин бўлди.
Умида Ҳамидова ўз тўпламлари билан ҳам аввалги ҳафталикларда иштирок этган бўлиб, бу йил у мода иҳлосмандларига уч қисмдан иборат Pret-a-Porter, Pret-a-Porter de lux ва Оқшом либосларини ўз ичига олган коллекциясини тақдим этди. Адрас, бахмал матоларидан фойдаланилган ва дизайнер кўпроқ эътиборни декорга қаратган.
Ҳафталикнинг иккинчи куни ўз ишини Ҳиндистонлик машҳур дизайнер Ritu Beri ҳамда Николай Нам ва Елена Мильбергерлардан тақдим этиладиган муаллифлик намойишлари билан давом эттиради.
Tashkent Fashion Week 2018 тўлиқ дастури бу ерда.
ИЗОҲЛАР 0