Райҳоннинг «Намасте» қўшиғи тақдимотидан
19 декабрь куни пойтахтимиздаги Màrmaris Gourmet масканида ўзбек эстрадасининг бетакрор хонандаларидан бири бўлган Райҳон ўзининг янги «Намасте» номли таронаси тақдимотини ўтказди.
Кеча бошида хонанда ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиб, қўллаб-қувватлаш учун келганликлари учун миннатдорчилик билдирган вақтда мусиқий кайфиятни MATIN BAND гуруҳи солисти Хуршид Иногамов таъминлаб турди.
Шу куни хонанданининг қўшиғи тақдимотига хонанда Манзура, Рашид Холиқов, Зиёда, Райҳон концерти ташкилотчиси Жавлон Камолов, оила аъзолари ва яқин дўстлари ташриф буюришди.
Саҳнада қўшиқ куйлаётган Хуршид ёнига кейинроқ, Райҳоннинг турмуш ўртоғи Фарход Алимов чиқиб, импровизация қилган ҳолда ёрига атаб қўшиқ куйлаб берди.
Қўшиқ тақдимотигача Райҳон ташриф буюрган меҳмонлар учун ўзининг энг хит «Парвоз этай», «Излама» ва «Халос эт» ва бошқа тароналарини кичик концерт сифатида жонли ижрода куйлаб берди.
Ундан сўнг, кутилган онлар «Намасте» қўшиғи ва унга ишланган клип премьераси бўлиб ўтди. Қўшиқ муаллифи Якзон. Қўшиққа клип Ҳиндистонда суратга олинган бўлиб, бу ҳақда аввал ҳам хабар берган эдик. Клип режиссёри Нозим Жумаев.
Райҳон клип яралиши ҳақида:
«Биз съёмкадан сўнг Дели кўчалари бўйлаб кетаётган вақтда бахайбат филни кўриб қолдик. Мен, «тўхта!» сўзлари билан автомобилдан тушиб унинг ёнига югуриб бордим. Кутилмаганда фил ҳам тўхтади. Шу вақтда операторларимиз ҳам тез ҳаракат қилиб, фил билан кадрни суратга олишга муваффақ бўлдилар».
Хабарингиз бор, Райҳон айни дамларда февраль ойида бўлиб ўтадиган яккахон концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда. Хонанданинг маълум қилишича, бу галги дастур ҳам аввалгиларидан қолишмаган ҳолда, ёрқин ва креатив бўлади. Ундан ташқари Муниса Ризаева билан дуэт куйланиши режалаштирилган.





ИЗОҲЛАР 0