Сердар Ўртач «Истиқлол»да ўзбекча куйлади
Концерт дастури Афзал Рафиқов томонидан жаранг сочган икки қардош халқ дўстлигига бағишланган монолог билан бошланди. Ташкилотчилар аввалдан маълум қилганидек, декорацияларга алоҳида эътибор қаратилгани концертнинг илк сониялариданоқ кўзга ташланди. Саҳнага илк бўлиб ўзининг «Ох, мани ватаним бу» қўшиғи билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев чиқди.
Бу оқшом дастурда бошловчилик вазифаси сухандонлар Музаффарбек Мирзабеков ва Лазиза Нозимхоноваларга ишониб топширилганди.
Улар Сердар Ўртач ва унинг мусиқа санъатидаги ўрни ҳақида гапириб ўтдилар. Сўнгра саҳнага ёш эстрада хонандаси Сардор Мамадалиев таклиф қилинди. Хонанда «Кўнглимда бир ёр» қўшиғи билан ташриф буюрганларни хушнуд этди.
Саҳнада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева пайдо бўлганда залдагилар гулдурос қарсаклар билан хонандани олқишлаб кутиб олдилар.
Мавлуда Асалхўжаеванинг шўх-шодон таронасидан сўнг саҳнага эл севган сўз устаси Обид Асомов чиқди. У ўзининг теша тегмаган ҳазиллари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият улаша олди.
Туркиянинг энг таниқли санъаткорларидан бири бўлмиш Сердар Ўртачнинг концертига таниқли шоу-бизнес вакиллари ҳам ташриф буюришганига гувоҳ бўлдик.
Концерт дастурининг яна бир кутилмаган, лекин қувончли лаҳзалари саҳнада Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ артисти Озодбек Нарзарбековнинг пайдо бўлгани эди. У мухлисларга «Сенинг» номли қўшиғини тақдим этди.
Шундан сўнг кечанинг узоқ кутилган қисми бошланди. Саҳнага миллионлаб мухлислар қалбини забт этган хонанда Сердар Ўртач ташриф буюрди. Томошабинларнинг ҳайқириқлари-ю олқишларидан уни қанчалар севишларини кўриш мумкин эди. Сердар ўз дастурини энг янги қўшиқларидан бири билан бошлаб берди. Унинг «Gıybet» деб номланган мазкур таронаси 2016 йилда ёзилган бўлиб, халигача хит-парадларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Дастур ораси мухлислар билан мулоқотга киришган хонанда, бундан учи йил аввал уйлангани, олдинлари кўпроқ маҳзун қўшиқлар ёзган бўлса, уйлангач бахтиёрлиги сабаб кўпроқ шўх тароналар яратаётгани ҳақида ҳам гапириб ўтди. «Balım» қўшиғи ҳам айнан хонанда турмуш қурганидан сўнг ёзилган бўлиб, унда «Мендан бошқа ҳеч ким сени асалим, жоним демасин...» каби жумлалар қўлланилган.
Концерт дастурида раққосалар дастасини ҳам эътироф этиб ўтиш жоиз. Сабаби хонанда ўзи билан фақатгина 2та раққосани олиб келган бўлиб, қолган барча раққосалар ўзимизнинг юртдошларимиз эди. Буни Сердар Ўртач ҳам таъкидлаб ўтди.
Концерт кутилмаган ҳодисаларга бой бўлди. Кутилмаганда залдаги мухлислардан бири хонандага, унинг концертида севган қизига турмушга чиқишни таклиф қилмоқчи эканини айтди. Хонанда уларни саҳнага таклиф қилди. Йигитнинг таклифига қиз розилик билдирди. Сердар икки ёшни бағрига босиб табриклади.
Сюрпризлар бу билан тугамади. Хонанда бир куни интернетда қўшиқ тинглаб ўтириб, Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонованинг «Санамгина» номли қўшиғини эшитиб қолгани ва унинг қалбидан чуқур жой эгаллаганини айтиб, мухлислардан шу қўшиқни сўзларини эслашда кўмак сўради. Мухлислардан бири чиқиб қўшиқни хиргойи қилиб берди. Шундан сўнг Сердар Ўртач саҳнага Юлдуз Усмонованинг ўзини таклиф этди. Кўзларига ва қулоқларига ишона олмаган томошабинлар катта олқиш билан ўзбек примадоннасини кутиб олдилар.
Хонандалар биргаликда ўзларининг дуэт қўшиқларини ижро этдилар. «Diyemem» деб номланган мазкур тарона бундан уч йил аввал ёзилган бўлиб, видеоклип ҳам суратга олинган. Сердар Юлдуз Усмоновадан «Санамгина»ни ижро қилиб беришни илтимос қилди, хонанда ҳамкасбини илтимосини ерда қолдирмади.
Концерт дастури давомида хонанда Dansöz, Beni Unut, Karabiberim, Şeytan, İki Deli, Nar çiçeğim, İsmi Lazım Değil каби қўшиқларини ижро этди. Дастурнинг якуний кульминацион нуқтаси ўзбек хонандалари билан Сердар Ўртач биргаликда куйлаган ўзбек тилидаги қўшиқлари бўлди. «Қўшиқ» деб номланган мазкур тарона шоира Рислиғой Ҳотамова шеъри, бастакор Султон Али Раҳматов мусиқаси асосида яратилган бўлиб, уни Мавлуда Асалхўжаева, Сардор Мамадалиев, Гуласал Абдуллаевалар билан биргаликда куйланган Сердар Ўртачнинг илк ўзбек тилидаги қўшиғи. Хонанданинг ашаддий мухлислари концерт сўнгида уни гулларга кўмдилар. Бугун соат 19:00да «Истиқлол» санъат саройида концертнинг иккинчи куни бўлиб ўтади.
ИЗОҲЛАР 0