«Бойсун баҳори» фестивали бўлиб ўтди
Фестиваль эрта тонгда оқинларнинг чорлов қўшиқлари садоси ва ўнлаб ҳавога учирилган варраклар билан бошланди, шунингдек Оқтош ота тепаликларида ўтовлар барпо этилиб, у ерда халқ амалий санъати намуналари жой олганди.
Фестивал доирасида иштирокчи ва меҳмонларга урф одат қўшиқлари ва рақслари, оқинлар маҳорати, анъанавий ҳунармандчилик санъати намуналари, дорбозлар чиқиши, ошпазлар, миллий либослар дизайнерлари ўртасида танловлар ва Сурхондарё вилоят драма театрининг саҳналаштирилган намойишлари тақдим этилди.
Илк Бойсун фестивали 2002 йилнинг майида ўтказилган.
Икки юздан ортиқ иштирокчилар фестивалда Ўзбекистон ҳудудий фольклор маданиятини намойиш этдилар: Сурхондарё вилоятининг – «Жайхун» жамоаси, Андижондан – «Гулруҳ» жамоаси, Жиззах вилоятидан – «Гаштак», Бухоро вилоятининг – «Хўжаи жаҳон», Намангандан – «Яллама ёрим», Самарқанд вилоятидан – «Сарбози», Сирдарё вилоятидан – «Сайхун йигитлари», Тошкент вилоятидан – «Шош наволари» ва бошқалар.
Фестиваль Абдуҳошим Исмоилов ва хонанда Зулайҳо Бойхоновалар жўрлигидаги қўшиқлар садоси остида байрам мушаклари билан якунланди.
Бойсун – Сурхон воҳаси дурдонаси, жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири – ўнлаб авлодларнинг кўп асрлик турмуш тарзи бу ерда деярли ўзгаришсиз сақланиб қолган. Анъанавий қўшиқ ва рақслар, оқинлар оғзаки ижоди авлоддан авлодга, оғиздан оғизга ўтиб келмоқда. Айнан шу ерда минг йиллар аввал оқинлар дунёга машҳур “Алпомиш”ни яратганлар.
2001 йилда Бойсуннинг маданий мероси – унинг бетакрор анъаналари ва халқ оғзаки ижоди «ЮНЕСКОнинг оғзаки в номоддий маданий мероси дурдонаси» деб тан олинган, 2008 йилда эса инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
ИЗОҲЛАР 0