Азиза Ниёзметованинг концерт дастури
«Истиқлол» санъат саройида қишки концерт дастурлари мавсуми бошланди. Бу мавсумни хонанда Азиза Ниёзметованинг «Юрагимдан жой бераман келсангиз» деб номланган икки кунлик дастури очиб берди.
Бу дастур хонанданинг 25 йиллик ҳисобот концерт дастури ҳисобланади. Хонанда концерт бериш борасида роппа-роса 10 йил танаффус қилган эди.
Дастур уч бўлимдан иборат бўлиб, жами 21та қўшиқ ижро этилди. Қўшиқларнинг аксарият қисми хонанданинг янги ижод наъмуналаридан таркиб топгани ҳам аҳамиятга моликдир. Дастур Ватан ҳақидаги оҳанграболи тарона билан бошланди.
Ўзбекистон халқ артисти, соҳирнафас ҳофиза Олмахон Ҳайитованинг «Найлайин» деб номланган қўшиғини куйлангани ҳам айни муддао бўлди. Бу қўшиқни мухлислар давомли қарсаклар билан кутиб олишди. Бундан ташқари «Кишмиш», «Бу кўча» деб номланган тароналарни ҳам мухлислар хонанда билан жўрликда куйлади, куйламаганлар ўйнади. Хуллас мухлислар ҳам хонандани кутиб жим турмади, улар ҳам хонандага жўровоз бўлишди.
Хонанданинг концерт дастури хилма-хил дуэтлар ва соҳирнафас дуэтдошларнинг кўплиги билан ҳам эсда қоларли бўлди. Хонанда Собиржон Мўминов билан куйлаган «Хоразмга куёв бўламан» дуэтининг яратилганига 20 йилга яқин вақт бўлиб қолган бўлса-да, ҳамон мухлисларнинг энг севимли таронаси эканлиги мухлисларнинг давомли қарсаклари, рақсларидан ҳам билинди.
Бундан ташқари Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов билан куйланган «Оғажон» дуэтини ҳам мухлислар жуда яхши кутиб олишди. Мазкур дуэтлар ва дуэтдошлар мухлислар кайфиятини янада кўтара олди.
Ҳар бир қўшиқ алоҳида, бир-бирини такрорламайдиган рақслар ҳамоҳанглигида тақдим этилди. Хонанданинг кўриниши, кийимлари ҳам ўзига жуда ярашган.
Хонанда дастурни раҳматли устоз санъаткор Бекжон Жуманиёзов репертуридан жой эгаллаган «Лазги» қўшиғини қайта ижро этиб, якунлади.





ИЗОҲЛАР 0