Беном гуруҳининг концертидан фоторепортаж
«Истиқлол» шу кунларда санъатга ошно мухлислар билан тўла. Концертлар мавсуми бошланиб кетган ва уни Беном гуруҳининг концерти давом эттирди.
Концерт катта экранларда «Бир муҳаббат қиссаси» номли мини-фильмнинг намойиши билан бошланди. Айтиш жоизки Сарвар ва Комил концерт дастурини ҳам айнан шундай номлаганлар. Фильм Бехруз исмли йигит ва унинг суюкли ёри ҳақида эди. Бутун концерт давомида мухлислар экранларда икки инсоннинг муҳаббат қиссасини кўриб, Беном гуруҳининг қўшиқларини жонли тинглашга муваффақ бўлдилар. Севишганларнинг айрилиғи билан бошланган фильм нима билан якунланиши концерт сўнггида аён бўлди. Мазкур мини фильм махсус концерт учун суратга олинган.
Фильмда қиз йигитни ташлаб кетган дақиқаларда саҳнада Сарвар ва Комил «Сен йиғлама» таронаси билан ўз мухлислари қаршисига чиқдилар.
Қўшиқ якунлангандан сўнг гуруҳ, барча билан саломлашиб, кучли ҳаяжонда эканликларини айтиб, барча ташриф буюрганларга ўз ташаккурларини билдиришди. Шунингдек, ваъдага мувофиқ концерт жонли ижрода бўлишини айтиб ўтишди.
Бутун концерт давомида Мўъжиза рақс жамоаси ўзларининг гўзал саҳна чиқишлари билан концертга янада фаз киритдилар.
Сарвар ва Комил концертда ижодлари давомидаги энг машҳур тароналарини ижро этдилар. Улар қаторида «Дард», «Салом», «Қанийди сени» «Балки тун», «Айт» ва бошқа мухлисларнинг кўпгина севимли қўшиқлари янгради.
Гуруҳ аъзолари концертда турли классик, кэжуал, ёшларбоп замоновий услубларда намоён бўлишди.
Сарвар ва Комил бутун концерт давомида жонли куйлашар экан, мухлислар ҳам улар билан биргаликда куйлашди. Катта экранларда қўшиқ сўзлари кўрсатилиб турилди ва залдаги барча бир овоздан йигитларга жўр бўлишди.
Концертга буюрган мухлислар уларни қарсаклар билан қўллаб туришни ҳам унутмадилар.
Биринчи дуэт Шаҳзода билан куйланди. «Кечалар» қўшиғи барчага яхши кайфият улашди.
Гуруҳнинг иккинчи дуэтдоши латофатли Лола бўлди. Беном гуруҳининг ҳар иккала дуэтдоши улар каби жонли ижрода куйлади.
Ижодкорларнинг илк яккахон концерт дастурлари омадли ўтди десак муболаға бўлмайди. Сарвар ва Комил концертда эътиборни жонли ижрога қаратган бўлиб, бутун дастур давомида мухлислари билан биргаликда самимий мулоқатда бўлдилар, улар билан бирга куйладилар ва янада кўпроқ ижод қилишга илҳомландилар десак адашмаган бўламиз.
Сарвар ва Комилни илк яккахон концерт дастурида қўллаб-қувватлаш учун хонандалар Улуғбек Раҳматуллаев, Ёдгор Мирзажонов, Шаров Муқимов, актёр Алишер Узоқов ва актриса Шаҳзода Муҳаммедовалар ташриф буюришди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал хонанда Шохруҳхоннинг 3 кунлик яккахон концерти «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтган эди.

Беном гуруҳининг концертидан бир кун аввал эса санъат оламида барча ижод қилувчи шахслар учун муҳим тадбирлардан бири «Эътироф» мукофотини топшириш маросми бўлиб ўтган эди.





ИЗОҲЛАР 0