Ўзбек эстрадасининг энг машҳур, гўзал ва бетакрор хонандаси
Райҳоннинг узоқ кутилган шоу концерт дастурига
23 феврал куни муҳташам
"Истиқлол" санъат саройида старт берилди.
Райҳон доимо мухлислари назарида, чунки унинг жозибали овози, такрорланмас ижод услуби барчани ўзига ром этади. Албатта машҳурликнинг энг юқори чўққисида бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди, аммо Райҳон буни мана неча йиллардан бери ўзининг гўзал ижоди орқали уддасидан чиқмоқда.
Концерт дастури тафсилотлари ҳақида сўзлашдан аввал, ушбу шоу дастур 2015 йилнинг энг кутилган ва жуда ҳам кўп шов-шувларга сабаб бўла оладиган концертлардан бири бўлишини аниқ айта оламиз.
Райҳон яна бир бор ўз мухлисларини ҳайрон қолдирди. Концертга ташриф буюрган ҳар бир мухлис эътиборига, буткул ўзгача ва ҳеч бир концертда такрорланмаган ғояга эга шоу дастур тақдим этилди.
Чироқлар сўниб, мухлислар назари саҳнага қадалди. Пайдо бўлган катта экранда жаҳон кинематографиясининг сўнгги йиллардаги энг машҳур фильмлардан лавҳалар намойиш этилди.
Ва ниҳоят барчанинг севимли хонандаси бетакрор Райҳон мухлислари қаршисига чиқди.
Саҳнадаги декорация, эффектлар, баъри кинематография элементларини ўзида мужассамлантирган бўлиб, саҳнадаги илк кўриниш барчага Голливуднинг 2013 йилда энг машҳур фильмлари қаторидан жой олган “Буюк Гэтсби” фильми лавҳаларини эслатди.
Райҳон ушбу шоу дастурида мухлисларига ўз қўшиқлари орқали кино оламига саёҳат уюштирди. Дастур ғояси асосида кинематография бўлиб, барча кино ва мусиқанинг гўзал уйғунлашуви гувоҳи бўлишди.
Концертда хонанда ўз ижоди даврида ижро этган мухлисларга таниш қўшиқларни буткул ўзгача аранжировкада ва жонли тарзда куйлади. Концертда жаранг сочган ҳар бир қўшиқнинг мусиқасига янгича сайқал берилган бўлиб, сокин тароналар шўх оҳангларда ва аксинча шўх тораналар сокин оҳангларда ижро этилди.
Райҳоннинг илк образи 20-30 йиллар хориж аёллар услубини эслатар ва ҳар бир мухлисга бу кўриниш жаҳон киноси орқали таниш эди. Хонанда саксафон оҳанглари остида “Қани” қўшиғини джаз йўналишида куйлаши, жаҳон кинематографиясининг машҳур юлдузи Чарли Чаплиннинг чиқиши кино оламига бўлган саёҳатнинг бошланиши эди.
Концерт ғояси асосида кинематография бўлганлиги боис, мухлислар хонанда билан биргаликда Голливудга ҳам, Боллувудга ҳам саёҳат қилдилар. Албатта кинематографияни Голливудсиз ва Болливудсиз тасаввур этиш қийин.
Болливудга бўлган сайрда Райҳон ўз тароналарини хинд қўшиқлари услубида ижро этди. Экранда хинд фильмларидан лавҳалар намойиш этилган бўлса, саҳнада Райҳон ва раққосалардан хиндча рақс тақдим қилинди.
Худди шу тарзда арабча услубда ҳам қўшиқлар ижро этилиб, чиройли арабча рақслар мухлислар олқишига сазовор бўлди.
Экранда ўзбек киносининг ўлмас дурдоналаридан бири бўлмиш “Ўтган кунлар” лавҳалари намойиш этилди, саҳнада эса кино эпизодларидан кўринишлар тақдим этилди. Райҳон ижросида жаранг сочган миллий қўшиқлар эса кечага янада файз бағишлади. Хоразмча қўшиқлардан Бухороча услубдаги қўшиқлар Райҳон ижросида буткул ўзгача, такрорланмас тарзда ижро этилди.
Марҳум онасига бағишлаб айтган “Мама” қўшиғини ижро этар экан, барча чироқлар сўниб қоронғуликда фақат Райҳоннинг махзун овозини этиш мумкин бўлди. Залдаги хонанданинг зийрак мухлислари эса мобил телефонларидаги чироқларини ёндириб туришди. Бу қўшиқни нафақат Райҳон кўзида ёш билан ижро этди, балки залдаги барча кўзига ёш олиб тинглади.
Қўшиқни ижро этиб бўлиб, Райҳон мухлисларига ушбу чироқлар учун миннатдорчилик билдирди ва бу концерт дастури ғояси асосига бежизга кинематография соҳаси танланмаганлигини, унинг марҳум ота-онаси Тамара Шакирова ва Отабек Ғаниев ўзбек киносининг энг машҳур вакиллари бўлганликларини ва бобоси ўзбек киносининг асосчиси Наби Ғаниев эканлигини таъкидлаб ўтди.
Онаси ёруғ оламни тарк этганлигига уч йил бўлганлигини қайғу билан эслаб, шу давр ичида ҳаётида энг қувончли кунлар, аёл бахтига эга бўлганлигини, яъни Оллоҳ берган икки фарзандни дунёга келтирганини қувонч билан айтиб, мухлислари билан сўзлашди. Фарзандлари ҳақида сўзлаши билан юзига табассум югурган Райҳон фарзандларига бағишлаб айтган “Асалим мани” қўшиғини ижро этди. Экранда эса илк бора мухлисларига эгиз фарзандларини суратини намойиш этди. Хонанданинг мухлислари учун эса бу концертдаги энг қувончли тухфалардан бири бўлди.
Ушбу концертда мухлислар учун ҳақиқий сюрприз бу
латофатли Лола билан бетакрор Райҳоннинг дуэти бўлди. Икки ёрқин юлдузнинг ижросидаги
“Кўникмадим” таронаси ҳақиқатда такрорланмас ижодий тандем бўлди.
Райҳон "Не бўлар" қўшиғини ижро этганда "Инстаграм" тармоғи учун эсдалик суратлар ҳам қилинди.
Мониторлар ва унда намойиш этилаётган кино лавҳалар, эффектли товушлар, гўзал Райҳон ва ўз маъносига эга рақс ҳарақатларини ижро этаётган раққослар мухлисларни бир зумга ҳам зериктирмади.
Райҳоннинг ушбу концертини кичик мюзикл деб ҳам айтиш мумкин, чунки бу шоу дастурда биз мюзикл жанрининг барча жиҳатлари, яъни мусиқа, хореография, рақс ҳаракатлар орқали ўрнатилган диалог ва мураккаб спецэффектлар ҳамоҳанглигини кўрдик.

Бетакрор Райҳон ўз мухлисларини бу сафар ҳам лол қолдира олди. Концерт дастури Райҳон каби бетакрор ва аншлаг тарзда ўтди.
Ўзбек шоу бизнесининг энг ёрқин ижодкорларидан бири Райҳон навбатдаги концертини муваффақиятли ўтказди.
Концертдан тўлиқ фотоҳисоботни
бу ерда кўришингиз мумкин.
ИЗОҲЛАР 0