Концертлар ва шоу
Мафтункор Лола ҳамкасби Шоҳруҳхоннинг концерти ҳақида
Мен концерт залига ташриф буюрганимда жуда ҳам илиқ муҳит ҳукм сураётганлиги ва Шоҳруҳхоннинг мухлислари самимий ва унга содиқ эканликлари гувоҳи бўлдим. Зал таниқли юлдузларга бой эди.
Концерт аввалида залдан саҳнага катта мушук ниқобидаги йигит чиқиб келди. Ҳамма албатта бу Шоҳруҳхон бўлса керак деб ўйлагани аниқ, аммо ниқоб остида кеча бошловчиси Алишер Узоқов бекинган эди.
Парда очилиб саҳнада Шоҳруҳхон пайдо бўлган дақиқалардан бошлаб концерт дастурини шунчаки томоша қилиш мумкин эмас эди, чунки у билан биргаликда куйлашни, рақсга тушишни хохлар эди инсон. Унинг қўшиқлари ҳақиқатда жуда ҳам ажойибдир. Ахир Шоҳруҳхон нафақат истеъдодли хонанда, балки у жуда яхши композитор ҳам.
Концертнинг ўзи бир нафасда ўтди деса ҳам бўлади. Дастурнинг эътиборга лойиқ томонлари етарлича бўлди.
Улардан бири дуэт чиқишлар бўлиб, Шохруҳхон концертда Муниса Ризаева, Шаҳзода, Жоҳонгир Позилжоновлар билан дуэт куйлади ва албатта биз ҳам “Йиғлар осмон” қўшиғимизга Шохруҳхон томонидан ёзилган ремиксни биргаликда ижро этдик.
Концертнинг жуда ҳам гўзал ва романтик дақиқаларидан бири бу залдаги мухлислар Шоҳруҳхоннинг илтимосига кўра телефон чироқларини ёқган маҳали бўлди.
Бу кечада мени жуда ҳам таъсирлантирган дақиқалардан бири бу концертда бошловчилик вазифасини бажараётган актёр Алишер Узоқовнинг она ҳақидаги монологидан сўнг, саҳнада Шоҳруҳхон ва унинг икки нафар укалари чиқиб, биргаликда волида-ю муҳтарамалари учун бағишлаб ижро этган қўшиқлари бўлди. Мен ўйлайманки ҳар бир она учун фарзандининг истеъдоди гувоҳи бўлиш бу жуда ҳам улкан бахт. Зебо Наврузованинг фарзандлари ҳақиқатда ҳам жуда истеъдодли фарзандлардир.
Умуман олганда мен концерт ва Шоҳруҳхон ҳақида шуни айтишим жоизки, ушбу икки кун давомида бўлиб ўтган концертда зал мухлисларга тўла бўлди, хонанда эса ўз мухлисларига юракдан меҳр ила куйлаб, янги ва хит бўлишга улгурган қўшиқларини ҳадя этди.
Ҳа айтганча, биз Шохруҳхон билан "Tarona records" компаниясининг бу йилги концертлар фаслини очиб бердик.
Kunutun.uz нинг
Telegram’даги расмий
каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси:
18-02-2014
ИЗОҲЛАР 2