«Мавсум хитлари» тақдирлаш маросимидан фоторепортаж
Мушташам Истиқлол санъат саройида «Мавсум хитлари» тақдирлаш маросими ўтказилди.
Бошловчилар Нилуфар Сотиболдиева, ҳамда Рустамбек Худойберганов.
Концертни «Диёр» гуруҳи ўзларининг шўх тароналари билан очиб берди.
Ньютоннинг эврикасига сабаб бўлган олма, бугун Улуғбек Раҳматуллаевга ҳам омад олиб келгани шубҳасиз. Яқиндагина Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган хонанда бу йил «Қирмизи олма» номли ўйинбоп таронаси ва унга ишланган клипи хит даражасига кўтарилди.
Хонанда саҳнада пайдо бўлиши билан қийқириқлар зални тутиб кетди. Томашабиннинг ярмидан ошиғи қўшиқни хонанда билан бирга ижро этди. Ҳа, концертда Улуғбек Раҳматуллаевнинг мухлислари кўпчиликни ташкил этиши яққол намоён бўлди. Хонандага мукофотни Мавлуда Асалхўжаева топширди.
Навбат Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовага келди. Унинг ёрқин либоси кўзни қамаштираман, дейди. Тилло балиқдек товланган хонанда «Алдама мани» таронасини куйлади ва ўзи рақсга тушди. Унинг шу қўшиғи мавсум хити деб топилган бўлиб, қўли бироз жароҳатланган Ботир Қодиров Гулсанамга совринни топширди.
Ёш умидли хонанда Феруза Каримова саҳнага чиққанида, томошабинга бу чеҳра бироз нотанишдек туюлди. Аммо Феруза «Дастингдан» таронасини бошлаганида, унинг кимлиги аёнлашди. Хонанданинг қўшиғига раққосалар хиром айлади. Дастурга биноан унга мукофотни Абдурашид Йўлдошев топширди.
Унинг юзида, қўшиғида файзи бор, дея таърифланган хонанда Алишер Файз саҳнага чиққанда залдаги хотин-қизлар рақсга тушиб кетди. Хонанда иккита қўшиқ ижро этди. Унинг «Ҳай-ҳай» қўшиғи мавсум хит даражасига кўтарилиб, унга совринни «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси лицензия бўлими раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров топширди.
Концерт дастурига наманганлик хонанда Дилдора Кунузоқова ҳам ташриф буюрган. Онасининг таъкидига кўра, у катта саҳнага чиқишни орзу қилган. Концерт дастури рўйҳатига киритилмаган хонанда бир кун олдин чақиртирилган ва унинг орзуси ижобат бўлганини кўришимиз мумкин. Ҳасса таёққа ошно бўлган бўлса-да, унинг ёрқин овози, дардли таронаси барчани сергаклантирди.
Юрагида дарди бор, нигоҳлари маюс хонанда Шоҳруххон «Алдамадим» таронаси учун мукофотни қўлга киритди. Хонанда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев қўлидан ўз мукофотини қабул қилиб олди.
Муниса Ризаеванинг «Ман боп» қўшиғи мавсум хити деб топилди. Саҳнада клипдаги сюжетнинг бир қисми намоён этилди. Муниса Ризаевага мукофотни Sayyod.cоm сайти раҳбари Сардор Комилов топширди.
Мухлислар уни интиқлик билан кутишди, қўшиқларини соғинишди. Шу куни 9 йил катта саҳнада бўлмаган Юлдуз Усмонова яна улар билан бирга. Ҳа, ашаддий мухлис учун хонандани эълон қилишнинг хожати йўқ. Саҳнада Юлдуз Усмонаванинг номи ҳали айтилмади, унинг созандалари кўриниши биланоқ, зал жонланиб кетди.
Соғинган диллар қувонди, кутилган лаҳзалар келди. Томошабинларга ҳай-ҳай демасангиз, Юлдуз Усмоновани қучиб олса. Хонанданинг қучоғи гулларга тўлди. Мухлислар кутган саҳна қироличаси «Мен сен билан қироличам» таронасини ижро этди ва айнан шу қўшиқ мавсум хити деб топилди.
Примадоннага мукофотни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Миржалол Қосимов топширди. Мухлислар албатта уни битта тарона билан қўйиб юборишмади ва яна қўшиқ сўрашди.
Кейин янграган «Бормикан» таронаси саҳнани ларзага келтирди. Телефон чироқлари билан томошабинлар Юлдуз Усмоновани қўллаб-қувватлаб турди. Меҳр ва эътибор учун ташаккур билдирган хонанда, ҳали яна катта концерт дастурларида дийдорлашиш насиб этишини тилади.
Саҳнада мафтункор Лола «Хабар ол» таронаси билан. Унга айнан шу қўшиқ учун мукофотни актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров топшириш учун саҳнага чиқди.
Ҳазилкаш актёр айни дамда ҳам кесатиқларидан фойдаланди. Масалан, Лола «Хабар ол», деб чақираверганидан сўнг саҳнага чиққанни ёки ҳамма санъаткорлар балкон деб бақирган бўлса, айнан Лола шу сўзни ишлатмаганини қистириб ўтди.
Сардор Раҳимхон ва Ҳалима ижросидаги «Ҳалима» комедик таронасига мукофотни топшириш учун саҳнага «Наврўз» радиосининг бош директори Мирафзал Мирсодиқов ташриф буюрди. Сардор Раҳимхон Ҳалимага ўзининг миннатдорчилигини билдириб, «Мавсум хитлари» статуэткасини унга топширди. Диплом эса Сардор Раҳимхонда қолди.
Саҳнага янада кўтаринкилик олиб кириш учун «Ҳасан Ва Ҳусан» триоси таклиф этилган. Йигитлар ўзларининг маиший мавзудаги ҳазиллари билан томошабинларга хушкайфият улашди.
«Лолажон» таронаси билан танилган Музаффар Мирзараҳимов «Сенсиз» қўшиғи учун «Мавсум хитлари»га киритилди. Унга мукофотни Нилуфар топширди. Хонанда мукофотдан кучли ҳаяжонланди шекилли, Нилуфарнинг тилакларини тингламай, саҳнани тарк этди. Саҳнада қолган Нилуфар эса унинг ортидан тилакларини билдиришга мажбур бўлди.
Рашид Холиқов «Йўқ дема» таронаси мавсум хити деб топилди ва мукофотни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Дилором Умаровадан қабул қилиб олди.
Хоразмлик машҳур хонанда Бунёдбек Саидовнинг «Лўппи-лўппи» қўшиғи учун мукофотни топшириш Ҳалимага юклатилган эди. Аммо у саҳнадан чиқиб кетган экан. Шунинг учун мукофотни олиб чиққан қизларнинг ўзи топширди. Бунёдбекнинг юзида бироз иззатомуз кайфият пайдо бўлди. Лекин у ҳаммасини тўғри тушунди шекилли, миннатдорчилик билдириб, саҳнани тарк этди.
Ҳали бошида Ботир Қодиров фақат Гулсанамга мукофот топшириш учун келган деб, янглишибмиз. Аслида хонанданинг «Нима бўлди?» қўшиғи «Мавсум хитлари»дан ўрин эгаллаган экан. Унга мукофотни Shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев топширди.
«Мавсум хитлари» дастурида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг «Жиги-жиги» қўшиғи ҳам бўлиб, у учун мукофот хонандага топширилиши керак эди. Аммо маълумотга кўра Озодбек Назарбеков шу куни узрли сабабларга кўра тақдимот маросимига кела олмаган.
«Мавсум хитлари» деб топилган қўшиқ ижрочиларини барчасини табриклаймиз ва ижодий парвозлар тилаб қоламиз.





ИЗОҲЛАР 1