alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Концертлар ва шоу

Олов қалб Жаҳонгир Отажоновнинг концертидан

Ўзининг ўзига ўхшаган олов қалб мухлисларига эга Жаҳонгир Отажоновнинг ҳар йилги концерт дастури жуда катта қизиқиш билан кутилади. Бир йиллик катта танаффусдан сўнг хонанда яна «Истиқлол» санъат саройини жонли, такрорланмас, оҳанграболи куй-қўшиқлар жарангига тўлдира олди.

alt

Бу йилги концерт дастури «Иштибоҳ» деб номланган бўлиб,  хонанданинг таъбирича бу сўз «хато» деган маънони англатар экан. Отажоновнинг жонли ижрода ўтадиган шоуси худди шу номли қўшиқ билан старт олди. Қўшиқ Ўзбекистон халқ шоири Омон Матчон қаламига мансуб бўлиб, жуда ҳам сокин, ўзига хос йўналишда куйланди.

alt

Концерт бошланиши жуда ҳам ажойиб бўлди. Дастур бошланди, хонанда эса негадир ҳаёллади, бу вақтда илк қўшиқнинг мусиқаси ҳам чалина бошланган эди. Саҳнада фақат мусиқачилар, хонандадан эса дарак йўқ. Мухлислар ҳам, созандалар ҳам бир-бирига ҳайрат билан қараб қўйишди, ичида “хонанда қани” деган сўроқ ўтган бўлса ажаб эмас. Бироздан сўнг «Иштибоҳ» қўшиғи янгради, аммо ҳалигача хонанда кўриниш бермасди. Кўплар - «бу, Жаҳонгирнинг навбатдаги жумбоғи бўлса керак»деб, саҳнанинг тўрт томонига қараб уни қайси томондан чиқар экан дея кутишди. Бу вақтда хонанда саҳнада, парда орқасида мазза қилиб, қўшиқнинг деярли ярмини куйлаб бўлган эди. Унинг саҳнада пайдо бўлиши эса мухлисларнинг байрами бўлди. Қарсаклар, қарсаклар ва яна қарсаклар…

alt

Бирин-кетин, бир-биридан дилбар, дилрабо қўшиқлар: «Фоний», «Худбин», «Аввалгидек бўлмайди», «Муҳаббат олийжаноб» тароналари куйланди. Бу қўшиқларнинг ҳар бири алоҳида шарҳ талаб қиладиган даражада мустаҳкам композицияга эга қўшиқлардир. «Муҳаббат олийжаноб» деб номланган таронанинг жаранги  эса ҳалигача қулоғимиздан кетмаяпти.

«Қизғалдоғим», «Ёлғончи ёр» қўшиқларидан сўнг куйланган «Орзуларни чопгум болталаб» деб номланган куйда хонанда тўла «очилди». Бу «очилиш» эса навбатдаги қўшиқларни шу даражада маромига етказишга хизмат қилдики, буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Кетма-кет «Менга ўзим ёқади», «Машҳарда ҳам сени излаб ўтар бўлдим», «Отам ўгитлари» деб номланган тароналар куйланди.

«Аёл макридан» деб номланган қўшиқни «Истиқлол» санъат саройи хонанда билан биргаликда куйлади, балкон эса ушбу қўшиққа «рақсга тушди».

alt

«Бевафо» деб номланган қўшиқда хонанда саройнинг орқа томонларида ўтирган мухлисларини зиёрат қилди. Зиёратки олқишсиз бўлмади. Хонанда гоҳ ўнг томондаги мухлисларининг ёнига, гоҳ чап томондаги мухлисларининг ёнига шошарди. Ҳам югуриб, ҳам рақсга тушиб, ҳам куйлаш ўзбек санъатида фақатгина Жаҳонгир Отажоновга хос бўлса керак.

Умрингизда бирор марта 4200 кишидан иборат хор жамоасини кўрганмисиз, бизнингча кўрмагансиз. Агар сиз хонанданинг концертига тушганингизда нафақат бундай катта хор жамоани кўриб, гувоҳ бўлишингиз балки сиз ҳам ўша жамоанинг ситқидил аъзоси бўлар эдингиз. Худди шундай бўлди, «Бевафо» деб номланган қўшиқни бутун зал ва балкон биргаликда куйлади, Жаҳонгир Отажонов эса дирижерлик вазифасини аъло даражада уддалади. Бутун сарой Отажоновнинг «Бевафо»сидан жўр бўлиб нолиди.

alt

«Муборакхон тайёрмисиз» дея, хонанда дастурдаги якка-ю ягона раққоса қиз Муборакхонни саҳнага чорлади. Муборакхон ҳа деганда овоз, кўриниш беравермагач хонанда киноя ва ҳазил билан, «бугунги концертимиз Муборакхонни тайёр ёки тайёрмаслигига асосланади» - деб, айтиб ўтди. Бу қисқа, лўнда ҳазил мухлислар томонидан яхшигина қарсаклар билан баҳоланди.

alt

Шу вақтда «Соат» деб номланган, ўз тақдирини клипсиз ёки бошқа қўшимча воситаларсиз ҳал қиладиган, оҳанграболи қўшиқ куйланди. Соат миллари сингари чиқ-чиқ нақорот сўзлари билан уйғунлашган қўшиқ жуда ҳам ажойиб топилма, ишонаверинг бунақаси ҳали бўлмаган.

alt

Дастурга «Оқ булутлар» номли кўп йиллик хит тарона якун ясади. Бу якун мухлислар учун жуда ҳам кутилмаган, худдики яхши бадиий фильмнинг тенг ўртасидан тўхтатиб қўйгандек бўлди. Мухлислар шу 2 соат вақтни қандай ўтиб кетганини ҳам билишмади. Дастур ҳали яна шунча вақт давом этганида ҳам ҳеч ким жойидан жилмасди.

alt

Қайд этиш жоизки, Жаҳонгир Отажоновнинг концерт дастурида бошловчи, қизиқчи ва бошқа кулгу жамоалари бўлмади. Агар бўлган тақдирда ҳам улар бу дастур учун «ортиқчалик» қилар эди. Хонанда кетма-кет кийим ҳам алиштирмади, оддий, қулай кўринишга эга кийимлар билан мухлисларга янада яқинлик сезиб дастурни ўтказди. 

alt

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 04-06-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг