«Қор маликаси» оилавий мюзикли ижодкорлари лойиҳа ҳақида
Биз репетиция жараёнида иштирок этишга муваффақ бўлдик ва фурсатдан фойдаланиб, мюзиклда роль ижро этаётган актёрлар ҳамда режиссёр Ҳасан Салихов билан суҳбатлашдик.
Актриса Зарина Низомуддинова, «Қор маликаси» роли ижрочиси «Мюзиклда «Қор маликаси» образини ижро этиш учун таклиф қилишганда, ўзимга қизиқ бўлганлиги боис дарров розилик бердим. Аввал бундай лойиҳада иштирок этмаганман, бу мен учун дебют. Репетиция жараёнлари бошланган. Режиссёрлар қаҳрамонимни тўлақонли намоён этишимда йўл-йўриқлар кўрсатмоқдалар. Бир оз ҳаяжон ҳам бор, албатта». |
Актриса Ситора Алимжанова, Герда роли ижрочиси «Герда образи менга жуда яқин, у қўрқмас, таваккал қилувчи қиз. Ҳаётда мен ўзим ҳам таваккалчиман. Севиб кўрадиган эртагимдаги қаҳрамон образини бир кун келиб талқин этаман деб ҳечам ўйламагандим. Бу мюзиклда беғуборлик бор. Аввал фақат киноларда роль ижро этганлигим ва мюзикл, спектаклларда ишлаш тажрибам бўлмаганлиги боис бир оз ҳаяжон ва қўрқув бўлди». |
Хонанда Азиза Низамова, қароқчи қиз роли ижрочиси «Менга топширилган роль феълимга жуда яқин. Ҳаётда ҳам шўх-шаддодман. Ўзбек тилининг ўзига хослиги сабабли, фикримча мюзиклни омад кутмоқда. Мен бу лойиҳада иштирок этаётганимдан хурсандман. Томошага келган ҳар бир мухлис яна бир бор болаликнинг беғубор дунёсига ғарқ бўлишини истар эдим». |
Ёш актёр Камрон Саидмуродов, Кай роли ижрочиси «Бу менинг мюзиклда биринчи ролим ва менга қаҳрамоним жуда ҳам ёқади. У ўзи жуда меҳрибон, аммо совуққон «Қор маликаси» қўлига тушгандан сўнг ўзгариб қолади. Аммо мени эртакнинг якуни хурсанд қилади, чунки яхшилик ёвузликдан устун келади. Ўйлайманки, бизнинг мюзикл барча болаларга ёқади ва янги йил таътилини янада қизиқарлироқ қилади». |
Ҳасан Салихов, лойиҳа режиссёри «Биз икки йил мобайнида Тошкент аҳлини «Қор маликаси» биринчи оилавий мюзикли билан шод этиб келдик. Бу йил эса намойишларни ўзбек тилида тақдим этишни истадик. Актёрлар жамоасини бемалол «оғир артиллерия» десак ҳам бўлади, чунки ёрқин ва жуда ҳам истеъдодли ижодкорлар ишга киришганлар. Бундан жуда ҳам хурсандмиз. Биз сюжет ва мусиқани борлигича қолдирдик, фақатгина барчасини сифатли равишда ўзбек тилига таржима қилдик. Бу янги йил томошаси турли ёшдаги аудиторияни ўзига қарата олади ва биз унга катта-кичикни таклиф этиб қоламиз». |
Мазкур мюзикл илк марта 2016 йилда рус тилида тақдим этилган бўлиб, унда Эртакчи ролини таниқли хонанда Сардор Милано ижро этган эди.
Сеанслар вақти, чипталар нархини бу ерда кўришингиз мумкин.
ИЗОҲЛАР 0