alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Концертлар ва шоу

Сардор Раҳимхоннинг самимий руҳдаги концертидан

9 май санасида Истиқлол санъат саройида Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг икки кунлик «Ҳар кунинг улуғ неъмат» номли 10 йиллик концерт дастурига старт берилди.

alt

Мазкур концерт ҳақида батафсил тўхталишдан даставвал хонанданинг концерти эмоционал, таъсирли, самимий, ёқимли ва қувноқ онларга тўла тарзда ўтди, деб ҳеч бир шубҳасиз айта оламиз. 

alt

Мухлисларга тўла зал қаршисида зарпардалар очилиб, катта монитор орқали Сардор Раҳимхоннинг 10 йиллик ижоди даврида қалбида тўпланиб қолган дилизҳорлари, ушбу давр ичида топган ва йўқотганлари, ўрганганлари ҳақидаги фикрлари видеотасвир орқали намойиш этилди.

alt

Дид билан безатилган саҳна декорациялари, куб шаклидаги экранлар, ҳар бир қўшиққа мос видеотасвирлар эътиборни жалб этади.

alt

Дастур «Ишонмасман» қўшиғи билан бошланар экан, саҳнада шу куни «Наврўз» рақс ансамбли раққосалари ўз хиромлари билан барчани шод айладилар. 

alt

10 йиллик концерт дастурида мухлислар хонанданинг дилга яқин ва таниш қўшиқлари билан бир қаторда янги қўшиқларни ҳам тинглашга муваффақ бўлдилар. 

alt

Улар қаторидан «Аскар Онаси», «Ўғлим, «Бебаҳогинам»,« Оқибат» каби тароналар жой олди.

alt

Янги қўшиқлар қаторида «Аскар Онаси» таронаси алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Хонанда концерт дастури илк куни 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тўғри келганлиги боис юртимиз тинчлиги йўлида фидо бўлган жасур ва мард ўғлонлар ва уларнинг хокисор оналари учун айнан шу қўшиқни бағишлади. Мазкур тарона концерт дастурининг энг таъсирли ва олқишларга бой лаҳзаси бўлди.

alt

Саҳнага жанг майдонида мардонавор ҳалок бўлган аскар йигит онаси таклиф этилди, Сардор Раҳимхон тиз чўккан ҳолда онаизорга таъзим айлаб, гулдаста тақдим этди, мухлислар эса тик турган ҳолда қарсаклар билан Аскар Онасини олқишлашди. 

alt

Хонанда бутун концерт давомида меҳр-оқибат, ҳаётидаги айриқлар, қўшиқлари тарихи ҳақида мухлислар билан ўртоқлашишни ҳам унутмади. Гоҳ кулиб сўзласа, гоҳ кўзидаги ёшини тутолмай таъсирланиб сўзларди.

alt

Хонанда икки қиздан кейин ўғил фарзандли бўлганлигидан хабарингиз бор. Шу боис концертда жажжи ўғилчаси учун ҳам қўшиқ куйлади. Тарона билан ҳамоҳанг тарзда экранларда ўзбек санъаткорларининг фарзандлари билан тушган оилавий суратлари намойиш қилиниб турилди. 

alt

Сардор Раҳимхонинг концерти ҳам дуэтларсиз ўтмади. Ҳар бир дуэт қўшиқ мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Илк продюсерлик лойиҳа иши ва синглисидек бўлиб қолган хонанда Дилсўз билан ҳаммага манзур бўлишга улгурган қўшиқ «Соғинди юрак»ни ижро этди.

alt

Барчага яхши кайфият улашган дуэт эса Халимахон билан ижро этилган «Халима» қўшиғи бўлди.

alt

Шохрух репер билан анча йиллар аввал айтилган «Йиғлар осмон» қўшиғи илк бор саҳнада икки хонанда ижросида жаранг сочди.

alt

Сардор Раҳимхоннинг сўнгги қўшиқлари орасида «Омон-омон» таронаси хитга айланиб бўлди. Мазкур қўшиқни ижроси олдидан хонанда, концертда мухлисларга гўзал шеърни ўқиб эшиттирди.

alt

«Маликам энди қара», Хоразмча ва грузинча қўшиқлар концертга янада яхши кайфият бағишлади.

alt

Хонанда Отаси ва Онасига ҳам бағишлаб қўшиқ куйлади. Волидаларига айтилган таронадан сўнг эса гўзал гулдаста ҳам тақдим этилди.

alt

Танаффуслар орасида Comedy.uz резидентлари Хасан ва Хусан триоси ўзларининг янги ҳазиллари ва концертга ташриф буюрган санъаткорлар иштирокидаги саҳна кўринишлари билан мухлисларга яхши кайфият улашдилар.

Шунингдек пародист йигитлар ижросида мухлислар Эркин Комилов, Ғиёс Бойтоев, Мирзабек Холмедов, Абзал Рафиқов, Ўткир Сидиқовлар чиқишларидан баҳраманд бўлишди. 

Концертнинг илк кунида юлдузли меҳмонлар қаторида Рашид Ҳолиқов, Райхон Ганиева, Адиз Ражабов, Зухра Ашурова, Муқаддас Холиқова, Алишер Файз, Асал Шодиева раққоса Паризода ва бошқаларни кўриш мумкин бўлди. Ташриф буюрган санъаткорлар ҳамкасблари концертида рақсга тушишни ҳам унутмадилар. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ўзининг ўн йиллик концертида мухлисларига ўзгача бир руҳдаги, файзли ва меҳрга тўла дастурни тақдим этди. 

alt

Хонандани ҳақиқатда муваффақиятли концерт дастури билан қутлаб, кейинги ижодларида янада улкан зафарларни тилаб қоламиз .

Концертдан тўлиқ фотоҳисобот бу ерда.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 10-05-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг