Концертлар ва шоу
Шаҳзоданинг юбилей концертидан
Эстрада хонандаси мафтункор Шаҳзода ҳар йили май ойида ўзининг яккахон концерт дастурини мухлисларига тақдим этиб келади.
Бу йил хонанданинг концерт дастури унинг 15 йиллик ижодига бағишланди. Дастурга ҳам айнан шундай “Ижодимга 15 йил” деб ном берилди.
Хонанда катта юбилей концерт дастурига пухта тайёргарлик кўргани дастурнинг илк сонияларидан кўриниб турарди. Концертдаги ёрқин чироқлар, бетакрор саҳна декорациялари, ҳар концертда хонандага ҳамроҳ бўлувчи рақс жамоасининг гўзал рақслари дастурга янада кўрк бағишлади.
Хонанда саҳнада оқ либосда фаришта мисол пайдо бўлди. Шаҳзода мухлислари билан яна дийдор кўришиб турганидан мамнун эканлигини айтиб, ушбу дастурда кўпгина туҳфалар тайёрлаб қўйганини маълум қилди.
Демак, хонанда томонидан мухлисларга тайёрлаб қўйилган туҳфалар ҳақида бирма-бир тўхталиб ўтамиз.
Илк туҳфа барчанинг севимли “Тўрт қадам” таронаси хонанда томонидан истеъдодли созанда Виталий Папелов чалган мусиқа оҳанглари остида жонли тарзда ижро этгани бўлди.
Хонанданинг иккинчи туҳфаси, яъни Улуғбек Раҳматуллаев билан ижро этилган дуэт қўшиқ барча учун ҳақиқатда кутилмаган янгилик бўлди.
“Божалар” гуруҳи билан айтилган дуэт барчага манзур бўлди. Жаҳонгир Позилжонов ва унинг дўстлари ижросидаги рақслар эса залда ўтирган мухлисларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Ҳаммангизга мафтункор Шаҳзода нафақат хонанда сифатида, балки кино актрисаси сифатида ҳам яхши таниш. Барчамиз унинг ижросидаги кўпгина фильмларни яхши биламиз, ана шундай фильмлардан бири бу “Фотима ва Зуҳра” картинасидир. Ушбу концерт дастурида айнан шу фильмдаги саундтрек “Ҳаёт айт” қўшиғи барча учун кутилмаган тарзда ижро этилди, яъни хонандага бу таронани ижро этишда картинадаги ҳаммага таниш актерлар Гулчеҳра Эшонқулова ва Улуғбек Қодировлар жўр бўлишди. Фильм қаҳрамонларини биргаликда саҳнада кўрган мухлислар бу туҳфани қарсаклар билан қарши олишди.
Шаҳзоданинг юбилей концертида ташриф буюрган мухлисларнинг эътиборини тортган яна бир ажойиб туҳфа бу, экранда хонанданинг ижод йўли, ҳаёти ҳақидаги монологлар бўлди. Ҳар бир танаффус орасида ўқилган монологлар сўнггида эса “Мен бахтлиманми?” деган савол янграрди. Барча мухлислар олдида бу саволга Шаҳзода концерт сўнггида жавоб берди.
Концертда шунингдек, хонанда дуэтдошлари бўлмиш, Шоҳруххон билан “Унутолмадим” таронасини, Жасур Ғоипов билан эса "Super lady (Bari gal)"ни ижро этди. Ҳар бир хонанданинг чиқиши ажойиб саҳна декорациялари билан ҳамохангликда кечди. Айниқса Жасур Ғоипов билан ижро этилган қўшиқ вақтида саҳнада пайдо бўлган спорт машинаси барчага манзур бўлди.
Шаҳзода концертида 15 йиллик ижоди даврида ижро этган, мухлисларининг севимли қўшиқларини куйлади.
Хонанданинг репертуаридан жой олган ёшу қарига ҳуш ёқадиган “Chicco” ва "Chiccita” тароналари ҳам янгради. Саҳнада эса беғубор кичкинтойлар завқли ўйинлари билан барчани юзига табассум югуртирдилар.
Мафтункор хонандамиз севимли ва ҳаммага таниш қўшиқларидан ташқари концертда бир нечта янги тароналарини ҳам ижро этди. Улардан бири “Раҳмат ҳаёт” қўшиғи бўлса, иккинчиси жуда ҳам ажойиб “Самолёт” таронаси бўлди.
Хонанданинг зиёрак мухлислари эътиборидан хонанда жуда майин ва гўзал ҳаракатлар билан рақсга тушганлиги ҳам четда қолмади.
Юбилей шоу концерт дастури жуда ҳам гўзал ва кўтаринки руҳда ўтди. Унинг сўнггида эса хонанда ҳаммани қизиқтирган “Мен бахтлиманми?” саволига, “Бахтлиман” қўшиғини ижро этиб жавобини қайтарди.
Биз ўз ўрнида мафтункор Шаҳзодага чексиз аёллик бахтини, ижодий парвозларни ва доимо қувончли кунлар унга ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.
Концертдан тўлиқ фотоҳисоботни эса
бу ерда кўришингиз мумкин.
Kunutun.uz нинг
Telegram’даги расмий
каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси:
06-05-2015
ИЗОҲЛАР 0