Шохжаҳон Жўраевнинг концертга тайёргарлик жараёни
Хонанда Шохжаҳон Жўраев 20, 21, 22 октябрь кунлари «Истиқлол» санъат саройида «Ким эдигу, ким бўлдик» деб номланган жонли ижрода бўлиб ўтадиган концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда.

100% жонли ижрода бўлиб ўтиши куталаётган концерт дастурининг тайёргарлик жараёнларида сайтимиз билан меҳмон бўлдик.

Хонанда «Истиқлол» санъат саройидаги илк концерт дастурини ҳам 100% жонли ижрода тақдим қилган ва шу вақтгача ушбу анъанасига содиқ қолиб келаётгани қувонарли ҳолатдир.

Бундан олдинги яъни 2014 йилда бўлиб ўтган, «Дунёнинг жаннати» деб номланган концерт дастури ҳалигача мухлисларнинг ёдида. Бу галги концерт дастурининг номи эса кўпларнинг эътиборини тортди.


Биз тайёргарликнинг айни авж нуқтасига бордик, хонанда созандалар билан ҳар бир таронага пухта тайёргарлик кўраётгани учун бизнинг келганимизни сезмай ҳам қолди.
Хонанданинг маъмури берган маълумотларга қараганда, дастурда жами бўлиб 20дан ортиқ тарона жаранг сочиб, бу қўшиқларнинг аксарияти ҳали мухлисларга маълум бўлмаган, янги ижод намуналари экан. Бундан ташқари бу йил хонанда муҳташам декорация, бошловчи, қизиқчилар жамоаси хуллас мухлисларни жонли ижро тароватидан йироқлаштирадиган ҳар қандай қўшимча воситалардан фойдаланмаслиги ҳақида ҳам хонанданинг маъмури айтиб ўтди.

Куннинг иккинчи қисмида бўлиб ўтаётган тайёргарлик жараёнида хонанда «Недир ул» деб номланган дилрабо қўшиқ устида созандалар билан ишлади. Жонли ижро узоқ ва машақатли меҳнатни талаб қилгани учун ҳар бир қўшиқ устида керак бўлса ҳафта мобайнида ҳам ишлаш мумкин.

Шохжаҳон Жўраев куйлаётган қўшиқларининг сўзига алоҳида эътибор бериши эътиборга лойиқ. Дастурда хонанда Зоҳиджон Олов, Ўткир Хидиров, Абдулла Орипов сингари шоирларнинг, Огаҳий, Ҳофиз Хоразмий каби классик адабиёт номоёндаларининг ижодларига мурожаат қилган.
Хонанда уч кунлик катта имтиҳонга тайёргарлик кўрар экан, унинг имтиҳон олди кайфияти аъло даражада. Чунки Шохжаҳон Жўраев бундан олдин ҳам бу каби имтиҳонларни аъло баҳога топширган эди.





