«Туркистон»да «Яхши болалар шаҳарчаси» концерт дастури
3 июнь куни «Туркистон» санъат саройида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Яхши болалар шаҳарчаси» номли концерт дастури бўлиб ўтди. Концерт «Марварид» болалар студияси қатнашчилари томонидан чиройли тарзда ўтказилди.
Концерт олдидан болажонларнинг саҳна ортидаги ҳаяжони, тайёргарликларига гувоҳ бўлдик. Ҳар бир рақс ҳаракатлари, қўшиқнинг ҳар бир сўзи қайта-қайта машқ қилинаётган эди. Чексиз ҳаяжон нафақат концертнинг жажжи қатнашчиларини балки уларнинг ота-оналарини ҳам қамраб олган эди.
Концерт дастури бошланиб, болажонлар саҳнада пайдо бўлиши билан «Туркистон»да беғуборлик ҳукм сура бошлади. Ташриф буюрганларнинг бирида қувонч бўлса, яна бирида ёшлик хотиралари, кимнидир эса фарзанди учун ғурур туйғуси қамраб олган эди.
Болажонлар саҳнага юзида табассум билан чиқиб, турли хил рақс ва қўшиқларини тақдим этишди. Хар бир чиқиш ўзига хос рангбаранг либолсар билан бойитилган эди.
«Яхши болалар шаҳарчаси» концерт дастури болажонларга нима тўғрию, нима нотўғрилигини, маданият, тарбия ва энг яхши хислатларни ўргатишга қаратилган эди. Бу шаҳарчада барча болажонлар фақатгина эзгу ишлар билан банд эдилар.
Саҳна кўринишининг охирида барча ота-оналар ўзи учун хулоса қилишди десак адашмаган бўламиз. Чунки эртак мана шу сўзлар билан якун топди: «Болаларнинг ҳеч бири ёмон бўлиб туғилмайди, балки уларга бўлган эътиборсизлик, ота-оналарнинг бандлиги ва шунга ўхшаш бохоналар сабабчи бўлади. Болаларингиздан мехрингизни аяманг».
Концерт дастури якунига етса ҳам ота-оналар қарсаклар чалиб, анча вақт саҳнани тарк этмай туришди. Болажонлар ўз чиқишларини аъло даражада намойиш этишди. Концертдан фотосуратларни ҳукмингизга ҳавола этамиз. Марҳамат, томоша қилинг.





ИЗОҲЛАР 0