alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Концертлар ва шоу

Виа Мароканд - доим «ҳаракатда»!

Абдурашид Тошматов:

«1990 йилда таваллуд топган. Яккасарой туманида жойлашган 144-мактабни, сўнг 2-сонли Тошкент юридик колледжини тамомлаган».

alt

Асал Зокирова:

«1993 йилда таваллуд топган. Кўп мактабларда таҳсил олган. Республика рассомлик коллежини шунингдек, Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактабини тамомлаган».

alt

— Гуруҳингизни нега айнан ВИА Мароканд деб номлагансиз?

Асал: Ўзимизнинг урф-одатлардан чиқиб кетмаган ҳолда, миллий ном қўйишга қарор қилганмиз ва Самарқандимизнинг қадимий номини қўйганмиз.

— Гуруҳ айни дамда ўз услубига эга. Шу йўналишни продюсерингиз Жавлон Шодмонов  аниқлаб берганмилар?

Асал: Бизнинг «бошимиз» Жавлон ака. Ҳамма нарсани улар ўргатадилар. Улар бизнинг устозимиз. Жавлон Шодмонов каби санъат соҳасида билимимиз йўқлиги сабабли ҳам фақат уларнинг фикрига таянамиз.

Абдурашид: Ҳақиқатдан ҳам Жавлон ака бизга йўл кўрсатадилар.

— Қўшиқларингиз мавзуси доим ҳар хил, аммо ҳаммаси кайфиятни кўтарувчи. Ғояни асосан ким беради?

— Одатда Жавлон ака клип ғоясини берадилар, биз фикрларимиз билан уни тўлдиришимиз мумкин. Офисимизда ўтириб, клип устида ишлаймиз. Барча клипларимиз устида Жавлон ака иш олиб борадилар. Икир-чикирларигача эътиборларини қаратадилар. Фақат битта клип, «Салом, муҳаббат» Санжар Маткаримов томонидан суратга олинган. Оператор эса Ёдгор Носиров бўлган.

— Жавлон Шодмоновнинг олдига биринчи бўлиб, ким келган Асал ёки Абдурашид?

Абдурашид: Жавлон ака ўзи менинг поччам бўладилар. Улар: «Гуруҳ очаман сени оламан», - деб юрар эдилар. Кейин бир куни мени чақириб, «Битта қиз бор, гаплашдим, ўйлаб кўраман деб айтди», - дедилар. Кейинчалик билсам бу Асалхон экан. У ёғини улардан эшитасиз.

Асал: Иккаламиз баравар келганмиз. Ёнма-ён тургизиб қўйишганда жуда бир-биримизга мос келдик, ҳар ҳолда бизга шундай дейишган (кулади). Шундай қилиб бизнинг гуруҳ ташкил топган.

— Ижодга тегишли қарорнинг барчаси Жавлон Шодмонов билан маслаҳатлашилган ва келишилган ҳолда амалга ошириладими ёки ўзингиз ҳам мустақил равишда қарор қабул қила оласизларми? Умуман Жавлон Шодмонов билан ишлаш қандай?

— Айтиб ўтганимиздек, барча қарорларни Жавлон ака қабул қиладилар. Биз ҳам ўзимизни фикрларимизни билдирамиз ва улар буни инобатга оладилар. Улар билан ишлашга келсак, жуда осон.

— Иккалангиз ҳам «Тош табиб» фильмида роль ижро этгансиз. Қай бири сизга маъқул келди? Кинода роль ижро этишми ёки саҳнада куйлашми?

Асал: Албатта бошида дебют роль ҳамма учун қийин бўлади деб ўйлайман. Жуда қийналганмиз. Асабийлашиб, йиғлаб, гап эшитиб, ижро этганман. Тўғриси жуда қийналганман. Тажрибали актрисаларимиз бор экан, менга маслаҳатлар бериб ёрдам беришди. Лекин барибир актёрлик маҳорати кераклигини билдим. Ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим.

Абдурашид: Бизга кинода ўйнагандан кўра, қўшиқ куйлаш маъқул экан, буни тушуниб етдим. Лекин барибир инсон ўзини ҳар соҳада синаб кўриши керак. Шунинг учун бу бизга қандайдир маънода бир дарс  бўлди. Ҳаттоки дебют роль учун яхши чиққан деб ўйлайман.

alt

— Қўшиқ матни, мусиқаси ёки мавзуси устида тортишиб қолган пайтингиз бўлганми? Ким кўпроқ ён босади?

Асал: Биз бир-биримиз билан эмас, балки шоир ёки бастакор билан тортишиб қолишимиз мумкин. Асосан бизнинг фикрларимиз бир хил чиқади. Балки бирга ишлаганимиз учун нима хоҳлаётганлигимизни тезда тушуниб олармиз.

Абдурашид: Асал тўғри айтди, биз бир-биримизни яхши тушунамиз. Ҳеч қачон ҳали ундай вазиятларга дуч келмаганмиз.

—  Ўзбек эстрадасида кимнинг кўшиқларини мунтазам равишда тинглаб борасиз?

Асал: Ўзбек эстрадасида биз барчани тинглашга ҳаракат қиламиз. Лекин кўпроқ мен, Рашид Ҳолиқовни, ҳамда ўғиллари Санжар Ҳолиқовни тароналарини севиб тинглайман.

Абдурашид: Санъаткор бўлганингиздан кейин ҳаммани эшитар экансиз. Чунки улардан ниманидир ўрганасиз. Агар кимнидир алоҳида таъкидлаб ўтиш керак бўлса, Тоҳир Содиқов ва Шохруҳхоннинг тароналарини кўпроқ тинглайман. Чунки Тоҳир Содиқов бир неча йиллардан бери ўз мухлисларига эга бўлиб келмоқдалар. Бизга ҳам уларнинг йўлини берсин. Шохруҳхон ҳам жуда мазмунли тароналар куйлайди.

— Ўзбек эстрадасида юлдузли жуфтлик деган тушунча жуда урф бўлди. Сизлар бу борада қандай фикрдасиз?

Асал: Менимча бу яхши. Бир хил касб эгалари бир-бирларини яхшироқ тушунишади. Ноўрин рашк ва тушунмовчиликлар бўлмайди. Масалан, бизда қанча юлдузли жуфтликлар бор ва қаранг улар бахтли, осойишта ҳаёт кечиришмоқда.

Абдурашид: Албатта бу яхши. Агар бир-бирларига жуда ҳам мос бўлишса, нега жуфтлик бўлмасин?! Менга, масалан, Шохруҳхон билан Асал жуфтлиги жуда ёқади ёки айтайлик Ойбек ва Нигора чиройли жуфтлик, фарзанди ҳам бор. Одам ўз бахтини кўра олса албатта яхши.

— Сизларни кўпроқ Россия эстрадасидан Потап ва Настяга ўхшатишади. Бунга қандай қарайсизлар?

— Агар ўхшатишса биз албатта бундан хурсандмиз. Чунки улар жуда қувноқ, ноодатий услубга эга гуруҳ. Биз ҳам уларга ўхшаб миллионлаб мухлисларга эга бўлиш ниятидамиз.

alt

— Характерларингиздаги қандай камчилик бир-бирингизни асабингизга тегади?

Абдурашид: Партнёр бўлганимиздан кейин камчиликларини кўрмасликка, уларга эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Лекин Асалда камчилик бор дея олмайман. Ҳамма нарсани борича айтиши сал одамни ўйлантириб қўяди. Кеч қолиши ҳам бор. Лекин мен бунга ўрганиб қолганман, шунинг учун бу мен учун муаммо эмас.

Асал: Менга Абдурашиднинг камчиликлари кўринмайди.

— Бир-бирингизнинг яхши ҳислатларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

Абдурашид: У жуда қувноқ, шаддод қиз. Яхши чиқишамиз.

Асал: Ҳа, Абдурашид ҳам ҳудди шундай кўнгли очиқ инсон.

— Клипларингиздаги кўринишингиз устида ким иш олиб боради?

Асал: Ҳар бир клипимизда Соня исмли стилистимиз биз билан ишлайдилар. Жавлон ака билан биргаликда маслахатлашиб яратишади. Продюсеримиз ноодатий ёрқин рангдаги нарсаларни хоҳлаганлиги сабабли кийим борасида анча меҳнат қилинади.

— Ижодингиз давомида қандай ютуқларга эришдингиз?

Абдурашид: Биринчи ютуғимиз мана шу «Мароканд»ни ташкил топгани ва биз шу гуруҳ аъзосига айланганимиз. Иккинчидан халқимизга манзур келадиган тароналар яратаётганимиз. Халқ бизни тинглаяптими, демак бу бизнинг ютуғимиз. Давлат тадбирларида ҳам турли хил сертификатлар билан тақдирланяпмиз. Биз асосан халқ учун хизмат қиламиз. Бизнинг кўшиқлар манзур келса, биз учун бундан каттароқ мукофот йўқ.

— Тароналарингиз хит даражасига кўтарилмоқда деб ўйлайсизми?

Асал: Буни биз билмаймиз. Халқдан, тингловчилардан сўраш керак. Ўзимизга баҳо берадиган даражага етмадик деб уйламиз.

Абдурашид: Ҳақиқатдан ҳам тароналаримиз  хит даражасига етмоқдами ёки йўқми буни мусиқа шинавандаларидан сўраб билиб олишингиз мумкин. Лекин бизнинг тароналарни сўрашаётган экан, бизни тинглашаётган эканлар, демак ёмон ижод қилмаяпмиз деб ўйлайман.

alt

— Хит бўлиши учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

Абдурашид: Жуда кўп нарса омадга боғлик. Омад бўлмаса юқори поғоналарга эришиб бўлмайди.

Асал: Жавлон акани маслаҳатига қўлоқ тутиш керак (кулади).

— Виа Марокандни куни қандай бошланади? Ҳар кунги иш тартибингиз борми?

Абдурашид: Кун тартиби ҳар хил. Санъаткорларда кун тартиби бўлмас экан. Турли хил тадбирлар, съёмкалар бўлиб қолади. Хатто режа қилишга ҳам улгурмаймиз. Ҳамма вақт, ҳамма нарсага тайёр бўлиш керак экан.

Асал: Абдурашид тўғри айтдилар. Тартиб деярли йўқ. Лекин бўш вақт топилди дегунча албатта оила аъзоларимиз билан бўлишга ҳаракат қиламиз.

— Сўнгги таронангиз «Дадам капитан» бўлган. Янги клип ва қўшиқ устида иш олиб бормоқдамисизлар? Қачон чиқади?

— Кеча шу борасида тортишув бўлди. Янги тарона тайёрлаб турганимизда, Жавлон ака йўқ деб, бошқа тарона сўзларини бердилар. Энди эртага умуман бошқа қўшиқ устида иш олиб борамиз ва 2-3 ой давомида клипи билан бирга тақдим этамиз.

— Ёзги таътилни қай тарзда ўтказмоқчисиз, режалар борми?

Асал: Фақат иш ва ижод билан банд бўламиз.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 27-06-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг