Юлдуз Усмонованинг баҳорий концертидан
Саҳна баҳорий гуллар ила безатилган. Илк чиқишда хонанда ҳам шунга монанд либосда намоён бўлди ва концертни «Ҳаёт шунақа» таронаси билан бошлаб бердилар.
«Бу тоғлар» таронаси жаранг сочганда Комилахон Мирзаева хиром айлади.
«Севги тангоси» қўшиғи Зарина Ахмедова рақси билан ўзгача кўриниш касб этди.
Хонанда «Дўстларим» таронасини куйлар экан, қўшиқнинг яратилишига туртки бўлган сабабларни айтиб ўтди. Бу қўшиқ оғир кунларда ўзларини четга олган “чин дўстлар” ҳақида эди.
«Садо бер ёр» таронасига Халима Ибрагимованинг думбоқлар рақс жамоаси хиром этдилар.
Усмон Аъзим сўзи билан куйланган «Ўтиб борар» таронасида саҳна декарациясида ҳам шунга мос равишда вақт ўтаётганини англатувчи механизмлар акс этиб турарди.
Иккинчи блокда товусдек товланиб чиққан примадонна «Сен ва мен учун» таронасини ижро этди.
«Бевафо» қўшиғига рақсга тушган Ирода Исмоилова ва Зарина Ахмедоваларнинг ҳаракатлари Юлдуз Усмоновани ҳам рақсга чорлади.
Хонанда мархум устоз санъаткорларни ёд этган ҳолда «Ўртар» қўшиғини янги талқинда ижро этди. Экранда намойиш этилган лавҳалар томошабинга яна бир бор ўша дилга яқин қиёфаларни эслатди.
Қонцертнинг учинчи қисмига ўтишда Шукрулло Исроилов бўй кўрсатди. У ўзининг маҳоратини ишга солиб, бироз бўлса-да томошабинлар лабига кулгу улашди.
Бугунги кунда кўп учраётган ёш оилалар нотинчлиги, ажралишлар сонининг юқорилиги хонандани ҳам бефарқ қолдирмаган кўринади. У оиладаги мувозанатни кўпинча аёл ушлаб туриши, сабрли бўлиши кераклиги ҳақида гапирар экан, 10-15 йил, барчанинг турмушида паст-баландликлар бўлиши ва бунга чидаш кераклиги, эр-хотин энг яқин дўст бўлиб кетишларини ишонч билан таъкидлади. «Хаста бўлма» таронаси эса бир-бирини ардоқлайдиган жуфтликларга бағишланди.
Биринчи ва иккинчи блоклардаги тароналарнинг деярли барчаси ҳаётий, тарбиявий ёхуд инсонни ўйлашга ундовчи бўлса, охирги блокдаги тароналар шўх, рақсбоплиги билан ажралиб турди.
«Регитон», «Сан-сан», шунигдек, эски, қадрдон қўшиқларидан тайёрланган попурилар мухлисларга жуда манзур келди.
Концертнинг илк кунида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен меҳмон бўлди.
Бу йилги концетда жами 20 дан зиёд тарона ижро этилди. Албатта, тароналарнинг деярли барчасида рақслар ижро этилди. Бош балетмейстер, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшаной Шарипова бўлди. Бундан ташқари, балетмейстерлар Гулмира Ширинова, Эркин Қаххоров, дирижёр Зокиржон Атобоев, «Наврўз» ва «Навбаҳор» рақс ансанбили, Тошкент Давлат Миллий рақс ва хареография Олий мактаби ўқувчилари хонандага яқиндан ёрдам берди. Хонанданинг саҳна либослари дизайнер Дилноза Умирзоқова томонидан яратилган.
Эслатиб ўтамиз, концерт 24 мартга қадар давом этади.
ИЗОҲЛАР 0