Жаҳонгир Отажоновнинг концертидан фоторепортаж
Дастур «Гуноҳим» деб номланган қўшиқ билан бошланди.
Хонанда жорий йилда иккинчи маротаба концерт дастурини тақдим қилаётган бўлсада, зал ҳам, балкон ҳам мухлислар билан лиқ тўла эди.
«Мен сизга муштоқман, сиз менга муштоқсиз», деб номланган таронасининг ўрталарида хонанда ўзининг доимий одатини такрорлаб залга, мухлислар томон ошиқди.
Хонанда мухлислар билан самимий муомала қилиб, ҳам қўшиқ куйлаб, ҳам мухлисларнинг райини қайтармасдан улар билан суратга тушди.
«Истайсизми, йўқми сизни севаман», «Ёлғончи ёр», «Гул», «Куз гуллари», «Кўрдингми», деб номланган бир-биридан ажойиб тароналари ҳар бир мухлиснинг кўнглига чин санъат, соҳир овоз ва тугал мусиқий композицияни олиб кирди дея оламиз. Ҳақиқатдан ҳам ушбу қўшиқлар катта маҳорат билан куйланди.
Классик адабиёт намоёндаси Саъдий Шерозий қаламига мансуб «Ҳикоят» қўшиғи ҳам юқоридаги куйлар сингари юқори даражада ижро қилинди.
Хонанданинг «Қўшиқчи» деб номланган янги қўшиғи мухлисларнинг ёдидан узоқ вақт чиқмаслиги аниқ. Бугунги кунда ўзини қўшиқчи санаб юрганлар ҳақида хонанданинг танқидий муносабатга қурилган мазкур қўшиғи, «Илҳом» Марк Вайль театр студиясининг актёр, актрисасининг ноодатий, импровизацияга қурилган рақси туфайли янада мукаммал композицияга айланди.
Театр студиясининг актёрларидан иборат раққос ва раққоссанинг ҳаракатлари ҳам мазкур концертда алоҳида янгилик бўлди десак янглишмаймиз. Шу вақтгача импровизацияга қурилган бундай кўринишга, аввал гувоҳ бўлмаган эдик.
Уларнинг чиқиши «Муҳаббат олийжаноб», деб номланган қўшиқда чўққига етди. Инсон руҳиятининг турли кўринишларини, қўшиқдаги сўзларга мос равишда ҳамда унга фалсафий ёндошган ҳолда оддий кийим ва ҳаракатлар билан кўрсатиб беришди. Ажойиб.
Хонанданинг «Соат» деб номланган ноанъанавий, соат милларига асосланган, вақтни тараннум қиладиган хонишида ҳам «Илҳом» театрчиларининг чиқишлари қўшиққа мос ноодатий бўлди. Оддий соат, ўйинчоқ машина, чопон сингари деталлардан фойдаланган актёр раққослар қўшиқ мазмунини янада ойдинлаштира олди.
Хонанда томонидан куйланаётган қўшиқларнинг бирортасига видео клип ишланмаган, ўтган сафарги дастур видео тасмаларга ҳам муҳрланмади, аҳамиятлиси шундаки, шундай ҳолатда ҳам бу қўшиқлар мухлислар томонидан жўр бўлиб куйланмоқда.
«Мен ўзимни севаман, менга ўзим ёқади», деб номланган қўшиқни санъат саройига келган мухлислар орасида деярли барча мухлислар хонандага жўр бўлиб куйлашди.
Хонанданинг созандалари икки марта кўпроқ ва қийинроқ имтихон топширди десак ҳам муболаға бўлмас. Чунки хонанда хоҳлаган вақтда қўшиқ куйлашдан тўхтаб, мухлисларга микрафонни тутар ёки талабларга биноан умуман режада бўлмаган қўшиқни ижро қиладиган ҳолатларда уларга осон бўлмади.
Хусусан ушбу кун умуман режада бўлмаган «Бевафо», «Аёл макри» сингари қўшиқлар ҳам куйланди. Бу нафақат хонанданинг профессионаллигидан, балки созандаларнинг ҳам ўз ишининг устаси эканлигидан далолат.
Хонанда мазкур концерт дастури билан иккита, шу вақтга қадар бошқа бирорта санъаткор қила олмаган янгиликни қилди. Биринчиси 2016 йилда, жонли ижрода иккинчи маротаба концерт дастурини тақдим қилгани бўлса, иккинчиси бу концерт дастурида ҳам умуман тасвирчилар гуруҳи ишламади. Демак бу концертни ҳам концертга ташриф буюрмаган мухлислар видео альбом орқали кўра олмайди.
Икки ойдан ортиқ вақт мобайнида тайёргарлик кўрилган дастур «Соат» деб номланган тарона билан ниҳоя топди.
Концерт дастури меҳмонлари:
Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева;
Шоир Бобур Бобомурод;
Актриса Халимахоним.
Олов қалб Жаҳонгир Отажоновнинг жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган «Иштибоҳ» концерт дастуридан фоторепортажни бу ерда ўқинг.





ИЗОҲЛАР 0