Концертлар ва шоу
Зохиршох Жўраевнинг "Мама" клипи тақдимотидан
14 январ санасида, яъни юртимизда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланган бир вақтда
Sarbon Appetit ресторанида сулола вакили, Шерали Жўраевнинг кенжа ўғли
Зохиршох Жўраев ўзининг
“Мама” номли қўшиғи ва унга ишланган клипнинг тақдимотини ўтказди.
Тақдимотга ушбу куни Зохиршохнинг санъатдаги ҳамкасблари, дўстлари умуман бир сўз билан айтганда, ҳақиқий санъат шайдолари ташриф буюрдилар.
Кечани
Нилуфар Сотиболдиева олиб борди. Саҳнага кеча сабабчиси таклиф этилар экан, Зохиршох даврага йиғилган меҳмонларни қутлаб, ўзининг бир неча қўшиқларини жонли тарзда куйлаб берди.
Хонанда томонидан ушбу куни тақдим этилган қўшиқ,
"Мама" шеъри
Доғистон Халқ шоири Расул Гамзатов қаламига мансуб бўлиб, у мўътабар оналаримизни мадҳ этади. Маълумки айнан шу қўшиқ Зохиршохнинг падарлари устоз санъаткор
Шерали Жўраев томонидан 30 йил аввал ижро этилган. Ота изидан борган Зохиршох, ижодидаги танаффусдан сўнг, мухлислари ҳукмига айнан шу “Мама” қўшиғини тақдим этди.
Ташриф буюрган меҳмонларга видеомаҳсулот тақдим этилишидан аввал, Зохиршох албатта 30 йил олдин отаси томонидан ижро этилган бу қўшиқни отаси каби айтмаганини, аммо қўлидан келганча ҳаракат қилиб ижро этганини таъкидлади.
- Мен, Она тимсолида тинчликни кўраман, мен она тимсолида бахтни кўраман, дунёни тинчлигини кўраман, - дейди Зохиршох Жўраев.
Экранларда намойиш этилган клип ҳар бир инсонни таъсирлантирадиган, кўзига ёш келтирадиган ажойиб ижод иши бўлган десак муболаға бўлмайди. Тақдимотга ташриф буюрган барча клипни катта олқишлар билан қарши олди. Ўйламизки, ижодкорнинг бу иши албатта ўз мухлисларини ва тингловчиларини топади.
Буюк шоир Расул Гамзатов қаламига мансуб “Мама” шеъри, қуйидаги мисралар билан бошланади:
По-русски мама, по-грузински нана,
А по-аварски - ласково баба.
Из тысяч слов земли и океана
У этого - особая судьба.
Албатта бу кеча хонанданинг отаси, ҳамиша мухлислар иззат-эҳтиромида, эл ардоғида бўлган устоз санъаткор
Шерали Жўраевнинг иштирокисиз тўкис бўлмасди. Қўшиқ жаранг сочгандан кейин саҳнага Шерали Жўраев таклиф этилдилар.
Устоз санъаткор фарзандининг ушбу ижросидан кўнгли тўлганлигини, четдан бу қўшиқни тинглаганда албатта инсон тўлқинланиши айтиб ўтдилар. Фарзандларига доим эл ҳизматида бўлишини айтиб, ҳаётида унга доим омад ёр бўлишини тиладилар.
Меҳмонлар саҳнада турган устоз санъаткор Шерали Жўраевни шундай қўйиб юбора олмадилар ва улардан қўшиқ ижро қилиб беришни сўрадилар. Йиғилганлар талабига кўра ушбу кеча меҳмонлари Шерали Жўраевнинг жонли ижросида ҳаммамизга яхши таниш, дилга яқин қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар. Ота ва ўғил бир саҳнада гўзал қўшиқлар ижро этиб, барчага яхши кайфият улашдилар. Тақдимот яқин дўстлар даврасида, файзли ўтди.
Тақдимот сўнггида эса ташриф бурган санъат вакиллари Зохиршох Жўраевга ўзларининг самимий тилакларини билдиришди.
Тақдимотнинг юлдузли меҳмонлари
Kunutun.uz нинг
Telegram’даги расмий
каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси:
15-01-2016
ИЗОҲЛАР 0