
3 нафар ёш боксчимизнинг ЖЧ-2016даги ғалабаси
Айни кунларда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Сибур Арена мажмуасида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
olamsport.com сайтининг хабарига кўра, 17-18 ёшли боксчилар ўртасида ташкил этилаётган жаҳон чемпионатида дунёнинг 75 давлатидан 402 нафар чарм қўлқоп устаси 10та вазн тоифасида иштирок этмоқда.
20 ноябрь куни бўлиб ўтган мусобақаларда рингга кўтарилган 3 нафар боксчимизнинг бари ғалаба қозонди.
60 кг вазнда қатнашаётган Билолбек Мирзараҳимов қозоғистонлик кучли рақиби Санатали Толтаевни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
69 кг вазндаги боксчимиз Улуғбек Собиров иккинчи жангида ҳам муваффақиятга эришди. У жазоирлик Самир Мекаоучени 5:0 ҳисобида доғда қолдирди. Улуғбек илк жангида япониялик Зен Куроянагини мағлубиятга учратган.
75 кг вазн тоифасида ўз имкониятини синовдан ўтказаётган Шоҳрузбек Рустамов иккинчи жангини ўтказди. Озарбайжонлик Расим Чобанлига қарши кечган баҳсда ҳамюртимиз 5:0 ҳисобида зафар қучди. Шоҳрузбек илк жангида беларуслик Ягор Скамарохни 5:0 ҳисобида таслим этган эди.

ИЗОҲЛАР 0