Алишер Файздан тез кунда янги клип
Нодир Азимов сўзи ва Иқбол Муҳаммад мусиқаси билан куйланган таронага Мирмақсуд Оҳунов режиссёрлигида видео кетма-кетлик суратга олинди.
Операторлик вазифаси Музаффар Юсуповга ишониб топширилган. Либослар устида дизайнер Шаҳноза Қаюмбекова иш олиб борган. Грим устаси Мавжуда Якубова, фотограф Ислом Рўзиев.
Клип трек йўналишида суратга олинди. Клипда хонанда ўзининг яккахон концерт дастурида «Жанон» қўшиғига рақс ижро этган раққоса Нафиса Хасанова билан ҳамкорлик қилди.
Алишер Файз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
«Концертнинг чарчоқлари тарқаб, гуруҳимиздаги қадрдонлар билан яна иш «уммони»дамиз. Ҳар йили концерт репертуарида клипи билан тақдим қилиниши кераклиги билан ажралиб турадиган қўшиқлар бўлади. Ижодий жамоа билан келишган ҳолда бу гал репертуардан бир нечта қўшиқлар танлаб олинди. Шулардан бири «Жанон» қўшиғи. Иш жараёни нисбатан енгилроқ кечадиган бўлгани учун клип суратга олишни айнан шу қўшиқдан бошладик. Боиси бошқа танланган қўшиқларга клип тасвирга олиш жараёни таҳминимизга кўра 3-4 кун вақт олади. Нодир Азимов шеъри, Иқбол Муҳаммад мусиқаси билан куйланган «Жанон» қўшиғи миллийлиги, севиб тинглайдиган эски қўшиқларимизни ёдга солгани билан юрагимни «жиз» эттирди. Клип йўналиши ва бошқа жиҳатларини эса ижодий жамоамиздаги қадрдонларим, ўз ишининг усталарига доимгидек ишондим. Боиси битта «кема»да сузгандан кейин унинг ҳар тарафидаги одамга ишонч бўлиши керак. Қолаверса, клип борасида мутахассис эмасман. Шунинг учун ўз касбининг усталари режиссёр Мирмақсуд Оҳунов ва тасвирчи Музаффар Юсуповнинг танловини мақулладим. Насиб қилса, тез кунларда янги клипимизни мухлисларга ҳавола қиламиз!»
ИЗОҲЛАР 0