
Бўлажак раққосалар танлаб олинди
Ёшларни турли ёд, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишларини олдини олиш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига жалб этиш, уларнинг иқтидорларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан «Ёшлар театр студияси», «Миллий ва замонавий эстрада хонандалиги», «Миллий ва замонавий рақс» ва «Инглиз тили» лойиҳалари фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунга келиб мазкур лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирган 200 нафардан ортиқ ёшлар Марказга мурожаат этдилар.
Жорий йилнинг 10-11 июнь кунлари «Миллий ва замонавий рақс» лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирган ёшлар Тошкент Давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби малакали ўқитувчилари томонидан саралаб олиш йўли билан танлаб олинди ва гуруҳларга ажратилди.
«Мен саралашнинг бундай қизиқарли ўтишини асло кутмаган эдим. Ташкилотчиларнинг саралаб олинган ёшлардан миллий ва замонавий рақс гуруҳларини ташкил этишлари бизни жуда хурсанд қилди. Тўғриси уйдагилар бугунга қадар қаршилик қилишаётган эди, бугунги ҳолатни кўриб фикрлари ўзгарди» - дейди танлов иштирокчиси Гулчехра Холдорова.
Танловнинг якуний натижасига кўра иштиркочилар уч гуруҳга яъни бошланғич, ўрта ёшли ва катталардан иборат рақс гуруҳларга бўлинган ҳолда дарсларни бошлайдилар.

ИЗОҲЛАР 0