Паралимпиачилар Риодан қайтиб келишди
Бугун, 21 сентябр куни Рио-де-Жанейродаги Паралимпиада-2016 ўйинларида иштирок этиб, Ўзбекистон шарафини химоя қилган 32та спортчимиз, миллатимиз қахрамонлари Тошкентга қайтиб келишди. Кутиб олиш тантанаси Тошкент Халқаро аэропортида бошланиб, Миллий Паралимпия ассоциациясида давом этди.
Спортчиларни кутиб олиш учун санъат ахли ҳам Тошкент Халқаро аэропортига чиқдилар. Улар қаторида Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов, Муножат Йўлчиева, Озодбек Назарбеков, Зулайхо Бойхонова, Дилсўз, театр актери Миролим Қиличев, Адхам Солиевларни кўриш мумкин бўлди.
Паралимпия ассоциациясига спортчиларимиз байрамона безатилган икки қаватли автобусларда шаҳримиз кўчаларидан тантанали равишда етказилдилар.
У ерда спортчиларни яқинлари, ота-оналари, ОАВ вакиллари ва юртдошларимиз кутиб олишди. Спортчилар учун байрам дастурхони безатилган бўлиб, ўзбек эстрадаси хонандалари Озодбек Назарбеков, Муножат Йўлчиева, Улуғбек Рахматуллаев, Абдурашид Йўлдошевлар ўзларининг қўшиқлари билан ҳақиқий қаҳрамонларимизни табриклашди.
Чемпионларимизга пул мукофоти билан тақдирланашади. Олтин медаль совриндорлари 200 000 АҚШ доллари, кумуш медаль сохиблари 100 000 АҚШ доллари, бронза медали учун эса ҳар бир спортчимиз 75 000 АҚШ доллари билан мукофотланадилар.
Шунингдек, XV Паралимпия ўйинлари қатнашчилари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан сотиб олинган «Малибу» маркали енгил автомобиллари билан мукофотланади.
Спортчиларимизни тақдирлаш маросими эртага, 22 сентябр куни Олимпия шон-шуҳрати музейида бўлиб ўтади. Тақдирлаш маросимининг тантанали иккинчи қисми Миллий Олимпия қўмитасида ўтказилади.
ИЗОҲЛАР 0