
Самарқанддаги тарғибот тадбирлари тафсилотлари
«Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» мазмунидаги тарғибот тадбирлари аввал ҳам хабар берганимиздек, 16-20 май кунлари Самарқанд вилоятининг 2 шаҳар ва 14 туманида, яъни Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Тайлоқ, Пастдарғом, Ургут, Булунғур, Нуробод, Иштихон, Оқдарё, Қўшработ, Пайариқ, Жомбой, Нарпай, Каттақўрғон, Пахтачи туманларидаги 216та умумтаълим муассасалари, 122та академик лийец ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда 8та олий ўқув юртида ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда 100 нафардан зиёд таниқли санъаткорлар ва эстрада хонандалари, кино ва театр актёрлари, шоир ва ёзувчилар, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари иштирок этиб, жами 106 208 нафар, шундан 47 758 нафар умумтаълим муассасалари ўқувчилари, 40 959 нафар академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, 4 000 нафар олий ўқув юрти талабалари, ҳамда 13 490 нафар уюшмаган аҳолининг иштироки таъминланди. Ушбу тадбирлар ўқувчи ва талаба-ёшларнинг ёши ва психофизиологик жиҳатларидан келиб чиқиб, олдиндан ишлаб чиқилган намунавий сценарий ва маъруза матнлари асосида ташкил қилинди.


Самарқанд вилоятида тарғибот тадбирларида фаол иштирок этган эстрада хонандаси Акбар Атамухаммедов мазкур тарғибот хақида қуйидаги фикрларини билдириб ўтди:


«Сўзим бошида Ўзбекистонимизнинг сахий, соддадил халқи, ақли расо, билимга чанқоқ ёшлари билан «Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» мазмунидаги тарғибот тадбирларида учрашишимизга, бевосита мулоқотда бўлишимизга сабабчи бўлган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ёшлар маданият ва санъат маркази ҳамда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ва ҳамкор ташкилотчиларга чин дилдан миннатдорчилигимни айтмокчиман.1 мартда бошланиб, шу кунгача давом этаётган тарғибот тадбирларида, мен Тошкент шаҳри, Тошкент, Жиззах, Сурҳондарё, Сирдарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида иштирок этдим. Қолаверса юқорида санаб ўтган ҳудудларнинг аксариятида ўз ташаббусим билан қатнашдим. Чунки санъаткор учун бу бебаҳо тажриба экан. Биринчидан, юртимиз биз учун кўплаб шароитлар яратиб қўйди, демак бизни ҳам Ватанимизга, халқимизга фойдамиз тегсин ахир. Иккинчидан эса, мухлислар билан бевосита мулоқотда бўлиб шуни тушундимки, келажакда ўз йўналишларимизга, ёзаётган қўшиқларимизга, суратга олаётган клипларимизга бироз бошқача кўз билан, янада маъсулиятлироқ қарашимиз керак экан. Ўзимизнинг дунёга ибрат бўла оладиган маданиятимиз бўла туриб, нега кўпинча оммавий маданиятни тарғиб қиламиз? Биз тадбир давомида ҳаттоки энг узоқ худудларда, тоғларимизнинг орасида жойлашган қишлоқларда ҳам ёшларимизга чинакамига ўрнак эканлигимизни англадим. Биз шундай тарғиботчи бўлишимиз керакки, тилимиз дилимиздан фарқли бўлмасин. Ҳар бир тарғибот гуруҳи билан борган жойимда ёшлар бизга баралла бир ёқадан бош чиқариб ваъда бердилар-ки, ҳеч қачон шу мўжазгина мактабдан, ёки коллеж, лицейдан, қолаверса, уюшмаган аҳоли орасида йўлидан адашганлар, ижтимоий тармоқларда ўтириб, ёлғон гапларга учиб, уруш бўлаётган давлатларга бориб, қўлига қурол олиб, кимнидур ҳаётига зомин бўладиган террорчилар чиқмайди. Шундай экан, бу тадбирни моҳияти, ижтимоий, ҳохласангиз сиёсий аҳамияти хақида кўп гап юритишимиз мумкин... Лекин агар шу барча хонандалар, актёр, ёзувчи, тарғиботчиларнинг харакатлари, жуда бўлмаганда, биттагина адашганни нотўғри йўлдан, нотўғри фикрдан қайтара олса, демак биз ўз зиммамиздаги вазифани уддалаган бўламиз».

ИЗОҲЛАР 0