
Ҳафта янгиликлари: тезкор
Шу йилнинг 29 сентябрида Грецияда United World-2017 болалар маданият, мода ва санъат 17-Халқаро фестивалининг финали бўлиб ўтди. Фестивалда 20та давлатдан 62нафар иштирокчи қатнашди. Ғолиблар 4та ёш гуруҳлари ўртасида аниқланди. Бизнинг юртимиз вакили Самуэль Зингерман ўз ёш гуруҳида ғолибликни қўлга киритиб, Tiny Mister United World унвонини қўлга киритди.



***
Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида совриндор бўлган боксчилар Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси томонидан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг Матбуот хизмати хабар берди. Ўзбекистон Республикаси давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов спорт жамоатчилиги фаоллари ҳузурида бокс бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ва совринли ўринларни эгаллаган спортчиларни юксак натижалар билан табриклаб, уларга тўнлар кийгизди ҳамда пул мукофотлари сертификатларини топширди.
***
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон «Фаридам» эстафетасининг ғолиби билан дуэт куйлашга ваъда қилган эди. Мазкур эстафета ғолиби Шоҳзамон билан биргаликда «Нархи қанча меҳрни айтинг?» қўшиғи яралди. Қўшиқ матни Ҳушнуд Дарвешга, мусиқаси эса Шоҳзамоннинг ўзига тегишли бўлиб, мусиқий сайқал устида Аҳмад Ҳожиматов ишлаган. Ҳозирда мазкур таронага клип суратга олиш ишлари ҳам ўз ниҳоясига етиб қолган. Видеоклип маҳоратли клипмейкер Санжар Маткаримов томонидан суртга олинди.
***
Тошкентда Россия кино ҳафталиги бошланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ёшлар пресс клуби залида ҳафталикка бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда россиялик машҳур репортёр ва продюсер Михаил Дегтярь, “Ника” совриндори, Венеция кинофестивали ғолиби, оператор Алишер Хамидходжаев, продюсер Наталья Иванова, Россияда хизмат кўрсатган артистлар Светлана Тома, Эвклид Кюрдзидис иштирок этишди. Ҳафталикни Эдуард Бордуковнинг “Коробка” фильми бошлаб берди. Россия Федерацияси маданият вазирлигининг кўмагида Россиянинг “Фестсинема” кинокомпанияси “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган Россия кино ҳафталиги давом этади.
***
«Ниҳол» мукофоти совриндори, ёш истеъдодли хонанда Шаҳзод Муродов «Жингалагим» номли таронасига клип тасвирга олдирди. «Жингалагим» деб номланган қўшиқ сўзи Саманга, мусиқаси Темур Рахмоновга мансуб.
Клип сюжет йўналишида бўлиб, Дилмурод Агзамов режиссёрлигида суратга олинди. Оператор Рустам Муродов. Хонанданинг янги қўшиғи ва унга комедия жанрида суратга олинган клипдан тез орада баҳраманд бўлиш мумкин.


***
Режиссёр Саид Мухторов суратга олган «Кулба» фильмининг премьера куни аниқ бўлди. Фильм премьераси Алишер Навоий номли кино саройида 27 октябрь куни бўлиб ўтади. Фильмда Ўзбекистон халқ артистлари Убайдулла Омон, Гавҳар Зокирова, Яйра Абдуллаева, Рихси Ибрагимова, Ўзбекистон санъат арбоби Исамат Эргашев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Мадина Муҳторова, Фатҳулла Маъсудов ҳамда бошқалар роль ижро қилишган. Сценарий муаллифи Аҳрор Нурмуҳаммад. «Кулба» фильмини 28 октябрдан бошлаб юртимизнинг барча кинотеатрларида томоша қилишингиз мумкин.

ИЗОҲЛАР 0