Янгиликлар
“Ёшлар ҳафталиги” ўз ишини бошлади
Куни кеча,
Ёшлар ижодиёт саройида “Камолат”ЁИҲ, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган,
"Эртанги кун бизники, марра бизники” шиори остида ўтказилаётган
“Ёшлар ҳафталиги” ўз ишини бошлади. Ҳафталикни юртимиз ёшлари орзиқиб кутганликлари ва унга пухта тайёргарлик кўрганликлари кеча ҳафталик доирасида ўтказилган тадбирларда кўриш мумкин бўлди.
Ҳафталик, "Ёшлар ижод саройи”да брифинг билан бошланди. Унда ташкилотчилар ҳафталик ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимларига тўлиқ маълумотлар бериб ўтдилар.
"Ёшлар ҳафталиги” – бир неча йўналишдаги катта тадбирларни ўзида мужассамлаштирган.
Ана шундай катта лойиҳалардан бири бўлмиш,
“Мода ва дизайн” фестивали ҳам куни кеча ўз ишини бошлаб олди.
Унда мода дунёсининг ёрқин вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда
Камолиддин Беҳзод номидаги Рассомчилик ва дизайн институти ва Республика рассомчилик коллежининг фаол ёшлари иштирок этди.
Модалар намойиши тўрт босқич асосида олиб борилди. Яъни,
“Замонавий ўзбек либослари” (адрас ва джинси мато уйғунлигида - жами 28 та либос);
«Эртаклар олами» (жами 11 та);
«Ҳиндулар олами» ( жами 9та);
«Шарқ ва ғарб миллий либослари» (жами 25 дан зиёд) бунда асосан Хитой, Ҳиндистон, Олмон, Япон, Корейс, Белорусия, Россия, Украина, Чехославакия ва Ўзбекистон миллий матоларидан тикилган либослар кўрсатилди.
Бир-биридан гўзал либосларни кузата туриб баҳри дилинг очиладади киши. Бежирим мунчоқлар, нафис матолар уйғунлигида яратилган бундай либослар ҳеч биримизнинг эътиборимиздан четда қолмас. Янада аниқ маълумотларни бевосита иштирокчиларга юзланиб, билиб олдик.
Аброр Порсоев, Ўзбекистон Бадиий Академияси бошқарма бошлиғи:
“Ёшларга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган фестивалда бир-биридан иқтидорли ёшлар қатнашмоқда. Мана бугун Республика рассомчилик коллежи томонидан ўтказилган мода ва дизайн намойишида миллий, замонавий ҳамда эртак либослари тақдим этилди. Лекин театр либосларига ҳам алоҳида урғу берилди. Сабаби бу коллежда асосан, театр йўналишидаги факультетларнинг борлиги ва бу ердаги ўқувчиларнинг ишларини кашф этиш мақсадига қаратилади. Бугунги ишлар ҳали модалар намойишининг бошланиши, ҳамда ёшлар ижод намуналаридан ташкил топган. Кейинги босқичларда тақдим этиладиган модалар Камолиддин Беҳзод номидаги Рассомчилик ва дизайн институти талабалари ва бошқа қатор профессионал модельерлар дефилеси жамоалари ўрин эгаллаган. Либослар саҳна юзини кўриши учун жуда кўп босқичлардан ўтди ва энг охирги сара ишлар бугун намойиш этилмоқда”.
Озода Азимова, Тарихий либос факультети ўқитувчиси:
“
Ҳозир тақдим этиладиган либосларни ва уларнинг ҳар бир детал, аксесуарларини ҳам асосан, ўқувчиларимизнинг ўзлари яратган. Фестивалда 80 дан зиёд ўқувчиларимиз иштирок этяпти. Тўғриси бундай фестивалларда биринчи қатнашишим. Шуни алоҳида айтиб ўтишим лозимки,биз бевосита чет давлатлар билан алоқада бўламиз. Ўтган йилда Исроил ва Франциядан меҳмонлар келишган. Улар ўзларининг коллекциялари ҳақидаги ролик ҳамда презинтацияларини кўрсатиб, ўзларининг тажрибаларидан ўқувчиларга ўргатишди ва биздан ҳам анча нарса ўрганиб кетишди. Бугунги намойишдаги либосларимизнинг аксарияти тарихий кўринишга эга. Ҳар бир либос аслидан нусха қилиб бажарилган. Бизда асосан либос яратишда тарихий либослар ҳақидаги китоблардан фойдаланилади”.
Усмонова Шаҳло, Республика Расссомчилик коллежи 3-босқич талабаси:
“Мен фестивалда дугонам Наргиза Жуманиязова билан биргаликда Миллий либос, ҳамда замонавий либослари коллекцияси билан иштирок этаяпмиз. Миллий либосларга биз Қорақалпоқ миллий келинлар либосини танладик. Бу либосни бир ой мобайнида яратдик. Мана шу либосни яратиш учун биз Қорақалпоқ либослари тарихини ўрганиб чиқдик. Бу вилоят либосини танлаганимизнинг сабаби у қўл ишларига яьни нақшларга жуда бой. Авваллари қатор кўргазмаларда иштирок этганимга қарамасдан бугун жуда ҳаяжондаман. Чунки мен бу фестивал сабаб илк маротаба миллий либос яратишга муваффақ бўлдим. Либослар эскизларни ўзимиз чизамиз ва бизга бунда устозлар катта кўмак беради. Менинг бугунги ишимда устозим Дилдора Зияеванинг хизматлари чексиз. Биз атлас ва кожа уйғунлигида яратдик. Ўйлайманки, либосларимиз ўзининг аудиториясини топади”.
Шаҳзода Маҳкамова, Республика Расссомчилик коллежи 3-босқич талабаси:
“Ёшлар ҳафталиги”да мен ўзимнинг покахонтас коллекцияси билан иштирок этаяпман. Коллекцияси учта либосдан иборат бўлиб, унда тарихдаги америка ибтидоий жамоа ҳиндуларининг костюмларини ҳозирги замон талабларига таянган ҳолда яратдим. Мен бу коллекцияни яратишимга бир фильм туртки бўлди. Шу кино таъсирида либосларимни яратдим. Кейинги йилда ҳам шу фестивалда янгидан-янги ишларим билан қатнашиш ниятидаман”.
Ғаниева Севинч, Республика Расссомчилик коллежи талабаси:
“Мен қозоқ миллий либослари" коллекцияси билан қатнашмоқдаман. Қозоқлар либослари бежирим кўринишга эга эканлиги билан мени ўзига жалб этди. Либосларимни яратишда тақир духоба, зардузи, турли мунчоқлар, дур ҳамда бош кийимида мўйнадан фойдаландим. Мен жуда бахтиёрман. Чунки мен бугун республикамизнинг ёш истеъдодлари қаторидан ўрин эгалладим. Бу фестивал бизга нафақат янги ижодкорларни кашф этиш балки ўзаро тажриба алмашишу, дўстлашиш имкониятини яратиб берди, десам муболаға бўлмас”.
Шу тариқа, кўтаринки руҳда “Ёшлар ҳафталиги ўз ишини бошлаб олди ва 21 ноябрга қадар давом Ёшлар ижод саройида давом этади.
Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчи эдикки,
“Ёшлар ҳафталиги” доирасида “Қисқа метражли фильмлар фестивали”; “Мода ва дизайн фестивали”; “Талабалар театр студиялари фестивали”; “Қувноқлар ва зукколар” танлови; “Тафаккур синовлари” танловининг финал босқичи; “XXI аср- интелектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий конференция; “Янги нигоҳ” видеороликлар танлови совриндорларини тақдирлаш маросими каби тадбирлар ўрин эгаллаган.
Тўлиқ фотоҳисоботни
бу ерда кўришингиз мумкин.
Нозима Мияссарова тайёрлади.
Kunutun.uz нинг
Telegram’даги расмий
каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси:
17-11-2015
ИЗОҲЛАР 0