Нигина Анарбаева ва Бахтиёр Юсуповларнинг бенефисидан
Ўзбек Миллий академик драма театрида ёш истеъдодли актёрлар Нигина Анарбаева, ҳамда Бахтиёр Юсуповларнинг бенефиси бўлиб ўтди.
Бенефиснинг очилиш қисмида дастлаб театр ва ундаги ижодкорларнинг яратган роллари акс этган суратлардан тайёрланган видео ролик намойиш этилди.
Кейин саҳнада Ботир Зокиров ижросидаги «Ҳаёл» таронаси жаранг сочди. Саҳнага чиққан Нигина ва Бахтиёр томонидан қўшиққа ўзгача бир манзара, яъни сюжетли клип ишланган десак, тўғри бўлар, назаримизда.
Тарона сўзларига монанд соф севги тасвирини самимий тарзда маҳорат билан ижро этиб беришди.
Биринчи блок садоқат ва вафо тимсоли, буюк шоирамиз Зулфия ҳамда уларнинг турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон ҳаётига бағишланди. Унда ижодкорлар бу икки гўзал қалб эгасининг бир-бирига бўлган кучли муҳаббати, ижодий лаҳзалари, ҳамда бир зумда Зулфия ўз ҳимоячиси, куюнчагини йўқотган ўша машъум кун тасвирларини ўз маромида чиқариб беришга интилишди. Боз устига залдаги гулдурос қарсаклар мазкур маъсулиятли вазифани нечоғлик уддалай олганликларидан далолат бўлди.
Ундан кейин Нигина Анарбаева ва Бахтиёр Юсуповлар биргаликда «Ёшлик» таронасини ижро этишди.
Иккинчи блок сатирик кулгуга бағишланди. Бунда Бахтиёр Юсупов шер ўйнатувчи, ўт учирувчи, фокусдаги кўзбўямачиликлар, илон ўйнатиш каби жараёнларни кўрсатиб берди.
Кейинги блокка ўтишдан аввал «Тасанно» болалар театрининг ёш актёрлари ўзларининг грузинча рақслари билан барчага хушнудлик улашди. Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, бу ёш ижодкорлар Бахтиёр Юсуповнинг шогирдлари бўлиб, актёр бу театрда педагоглик фаолиятини ҳам олиб боради.
Тўртинчи блокда спектакллардан парчалар ижро этилди. Айниқса, «Буратинонинг саргузаштлари» спектаклидан тайёрланган чиқиш барчада катта қизиқиш уйғотди. Унда Нигина тулки, Бахтиёр эса бўри ролида гавдаланди.
Бенефиснинг якуний лаҳзалари олдидан саҳнага экран тортилди. Унда «Унутилмас сиймолар» сарлавҳаси остида мазкур отахон театрнинг ҳақиқий суянчи, устуни бўлган, ижро этган роллари билан эл юрагида чуқур из қолдирган актёр ва актрисалар сиймолари акс эттирилган лавҳа тақдим этилди.
Шундан сўнг, бенефис қаҳрамонлари томонидан қўшиқ янгради. Ижодкорларнинг соҳир овози, қўшиққа монад рақслари йиғилганларга олам-олам қувонч улашди. Кайфиятини кўтарди ва уларнинг маҳоратига яна бир баҳо беришга имкон яратди.
Бенефесда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб устоз санъаткорлар ташриф буюришди. Улар орасида Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Саида Раметова, Турғун Азизов, Шоҳида Исмоилова, Фарход Абдуллаев, Фатхулла Маъсудовларни учратиш мумкин.
Бенефеснинг қай даражада ўтгани ва актёрлар маҳоратининг талқини хусусида устоз актёрлар фикрларини тингладик:
Турғун Азизов:
Бугун очиғи, шогирдларимнинг мустақил ишларини томоша қилиб, жуда қувондим. Уларнинг ижро маҳорати, танлаган йўналиши ҳам ўзини оқлади. Муҳими тадбир барчага манзур бўлди. Мен уларнинг фаолиятларига муваффақият ва омад тилайман. Бундан-да ажойиб саҳна асарларини кутиб қоламан.
Ёдгор Саъдиев:
Актёрлар театр репертуаридан ташқари, ўзларининг имконияти, ижодий ёндашувларини тақдим этишга ҳаракат қилган. Бу жиҳат менга жуда маъқул келди. Яна бир эътиборли жиҳати бугун Бахтиёр ва Нигина қўшиқ ҳам айтди, рақсга ҳам тушди, шеърларни ҳам ўқиди. Уларнинг серқирра ижоди намоён бўлди. Энг муҳими эса уларда бу иқтидор бўлган ва уни кўрсатиб беришга интилишди.
ИЗОҲЛАР 0