alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Театр

«Тўмарис» спектаклининг ҳайратлари

Бугунги кунда кино оламида фаолият юритаётган актёр, актрисаларни театрда роль ижро қилишларини тасаввур қила оласизми. Бу саволга аниқ жавоб бера олишингиз бироз мушкул, чунки театрнинг ҳам, кинонинг ҳам ўз йўли, мураккаб томонлари бисёр.

alt

«Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб агентлик қошида «Киноактёр театр студияси» ташкил этилди. Мазкур театр студиясининг илк спектаклини режиссёр Сайфиддин Мелиев саҳналаштирди.

alt

«Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидур» нақлидан келиб чиққан ҳолда театр студияси биринчи ишни «Тўмарис» номли тарихий спектаклни саҳналаштириш билан бошлади.

alt

Спектакль намойиши бўлиб ўтадиган «Киночилар уйи»нинг пушти зали умуман ўзгача кўриниш касб этган. Залга кириб боришингиздан тарихий маконга, эрамиздан аввалги асрларга тушиб қолгандай таассурот уйғонади. Анахита ҳайкалчалари, жониворлар шохлари, қурол-аслаҳалар, хум идишлару, мис идишларда ёниб турган шамлар ҳуллас барчаси мозийдан дарак беради.

alt

Бу ҳали ҳаммаси эмас, залнинг ўзи ҳам худди шундай юқоридаги таассуротларни давом эттиради. Эски, катта аравалар, девор бўйлаб илинган қурол-аслаҳалар, хумлар, қадимги кийим бош ва идишлар ҳам шулар жумласидандир. Томошабинлар ўтирадиган залнинг қоқ ўртасида бир кўришда қафасга ўхшайдиган, аммо спектакль давомида ўтов сифатида фойдаланилган, қадимий турар жойи ҳам ўрнатилган.

alt

«Тўмарис» спектакли дейишган вақтда хаёлимизга бирдан ўша эрамиздан аввалги асрлардаги Аҳмонийларга қарши курашган, озодлик, ор-номус тимсоли бўлган сак-массагетлар маликаси Тўмарис келади. Спектакль ҳам айнан ўша сиз-у биз билган малика Тўмарис ҳақида. Аммо, умуман бошқача кўриниш, услуб, кенг тасаввур, мукаммал ижро ва қиёмидан ҳам ўтказилган даражада саҳналаштирилган спектакль ҳақида гап кетмоқда.

alt

Тўмарис ролини ижро қилган Илмира Раҳимжонова кўпдан буён киноларда кўриниш бермагани, ижодий танаффусда бўлгани учунми ёки бошқа сабабданми шу даражада маҳорат билан ўз ролига киришдики, унинг ижросини кўрган бағри тош инсон ҳам ўзини тута олмасдан кўз ёши қилиши тайин эди. Айниқаса ўғли Спарангиз вафотида унинг нидоси юракни ўртаб, этни жунбушга келтирадиган даражада бўлган. Актриса ушбу ролга жуда ҳам мос танланган, «Тўмарис ролини бошқа актириса Илмира каби ўйнай олмайди» дейдиган даражада ажойиб ижро бўлган.

alt

Спектаклдаги ҳар бир актёр ўз ўрнида, уларни ҳеч бирини бошқа актёр билан алмаштириб бўлмайдиган даражада танланган. Ҳаттоки баъзи актрисалар спектаклда роль ижро қилиш хоҳиши баландлиги туфайли, баъзи бир ролларни иккита актриса ҳам ижро қилган. Мисол учун Тўмарис ролида Илмира Раҳимжонова билан  биргаликда, Гулхумор Абдуллаева гавдаланади. Рада ролини эса актрисалар Жамила Ғофурова, ҳамда Наргиза Салмоновалар ижро қилишган. Бундан ташқари кино оламининг юлдузлари Карим Мирходиев, Фарҳод Ҳудойбердиев, Феруза Собитова, Ҳусан Рашидовлар  спектаклда такрорланмас ижролари билан намоён бўлишди.

altalt

Спектакль давомида бир зум ҳам эътиборни йўқотмайсиз, чунки эътиборингиз, диққатингиз актёрларнинг диққат эътибори билан қўшилиб кетади. Улар каби ўйлаб, улар каби фикрлай бошлайсиз. Режиссёр томошабинни сония қадар зериктирмасликка, сония қадар чалғимасликнинг жуда ҳам ажойиб йўлини ўйлаб топган.

alt

Сиз ўрта қатордаги ўриндиқда ўтирган бўлсангиз Эрон шоҳи Кирёвуш сизнинг ёнингизда айёр канизак Меҳрибедодни бўғишга чоғланса, ҳолбуки бу жонли, ростдан ҳам бўлаётгандек тассаввур уйғотса қандай қилиб чалғишингиз мумкин.

alt

Спектаклнинг давомийлик вақти яъни 50 дақиқа ичида сизга қўрқув, ваҳима, ачиниш, муҳаббат, эзгулик, нафрат, ор-номус, озодлик, кураш туйғуларининг энг юқори даражаси ҳамроҳ бўлади.

alt

Мазкур тажрибага қўрқмасдан бел боғлаган режиссёр Сайфиддин Мелиев театрни саҳналаштириш учун роппа роса 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида тайёргарлик кўрганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Кўпгина актёр, актрисалар йиллик таътилдан кечиб бўлса ҳамки ўз ишларига содиқ туришган.

alt

Кино танқидчилар, журналистлар, меҳмонлар мазкур спектаклни, мазкур тажрибани жуда ҳам юқори баҳолашди. Ҳақиқатдан ҳам катта бир асарни, катта бир даврни узоғи билан 50 дақиқанинг ичига жо қилишнинг ўзи бўладими. Йиғилганлар мазкур спектаклни яна бир келиб томоша қиламан деган қарор билан кетишди.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 17-08-2016

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг