alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

Бетакрор Райҳон билан концерт олди суҳбат

- Февраль ойида бўлиб ўтадиган концертингиз ҳисоб бўйича 15чиси. Райҳон бу сафар мухлисларини нималар билан хайрон қолдиришни мақсад қилган?

- Бу йилги концертимда кўплаб янги қўшиқлар, кутилмаган меҳмонлар бўлади. Бу йил ҳам мухлисларимизни зериктириб қўймаймиз деган умиддамиз. Ҳозирда катта тайёргарлик ишлари кетмоқда. Мусиқий материал олдингиларига нисбатан бироз бошқача бўлади. Шоу дастуримиз юқори даражада ўтишидан умидвормиз, чунки ҳақиқатдан ҳам узоқ вақт мобайнида жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

- Ўтган йили концертингизда Шаҳриёр, Сардор Раҳимхон, Зиёдалар билан дуэт куйладингиз, аммо уларга клип яратилмади. Сабаби нима?

- Тўғрисини айтганда, бу қўшиқларга ҳам клип олиш режамизда бор эди. Зиёда билан куйлаган таронамизга клип суратга олиш ишлари бошланиш арафасида унинг ҳаётида фожеа рўй берди, отасидан айрилиб қолди. Шу билан режаларимиз амалга ошмай қолди. Сардор Раҳимхон билан сюжет устида келиша олмадик. У таклиф қилган сюжет менга ёқмади, мен таклиф қилганим унга. Шу билан клип олинмай қолиб кетди.

- Бу йил кўп давлатларда саёҳатда бўлдингиз, яқинда эса турмуш ўртоғингиз билан яна таътилга бориб келдингиз. Қаерда дам олдинглар? Кўрган давлатларингиз орасида сизга кўпроқ ёққани кайсиниси бўлди?

- Турмуш ўртоғим билан Тайландда дам олиб, қайтдик. Тўғрисини айтсам, менга барчаси ёқади. Бошқа давлатларга бориш, у ернинг маданияти, аҳолиси, урф-одатлари билан танишиш мен учун жуда ҳам қизиқ. Доим Парижга боришни орзу қилар эдим. Тасаввуримда Париж кўчалари мусаввирлар, Dior либослари ва Chanel ифорига бурканган хонимлар билан тўла бўлиши керак эди. Аслида умуман бошқа манзарага гувоҳ бўлдим. Шунга қарамай, Париж жуда ҳам гўзал шаҳар. Ҳар бир давлат ўзига хос. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, қаерда бўлмайин, доимо Ватанимга тортаверади.

- Сиз учун қандай ҳордиқ тури афзалроқ?

- Мен учун қумда ётиб, денгиз шовқинини эшитиш – мукаммал ҳордиқ. Лекин, турмуш ўртоғим фаол ҳордиқ турини хуш кўради. Шу сабабли, дам олишларимиз доим фаол тарзда ўтади. Турмуш ўртоғим жуда кўп юрт кезган инсон, улар билан саёҳат қилиш жуда ҳам қизиқарли.

alt

- Сиз халқ назаридаги инсонсиз. Гўзаллигингизни сири нимада?

- Ёш ўтган сайин қоматни сақлаш қийинроқ. Доим спорт билан шуғулланаман, парҳез тутаман, еган, ичганимни назорат қиламан. Нон маҳсулотларини умуман истеъмол қилмай қўйганман. Тўғрисини айтсам, бу битмас туганмас парҳез ўзимнинг ҳам асабимга тега бошлади. Лекин бошқа илож йўқ.

-Либосларингиз сизнинг ғоянгиз бўйича яратиладими ёки тайёр маҳсулотлардан ўзингизга ёққанини танлаб оласизми?

- Либосларим ғояси доимо ўзимга тегишли. Узоқ вақтдан бери Анжела исмли дизайнер билан ҳамкорлик қиламан. Ўзимга ёққан либосни кўрсатсам, у мени доимо тўғри йўналтиришга ҳаракат қилади. Интернетда ёки журналларда либосларни кўраман ва баъзан уч-тўрт хил либос ёқиб қолади. Масалан биттасининг ёқаси, яна бирининг этаги, учинчисининг бел қисми, ва мен дизайнерим билан қандай қилиб шуларни уйғунлаштириш борсаида маслаҳатлашаман.

- Tarona Shou да кийган либосингиз шов-шувларга сабаб бўлди. Бу либос ҳам сизнинг ғоянгиз бўйича яратилганми?

- Албатта, бу либосимни ҳам ўз таклифим билан ёш, иқтидорли дизайнер Ирода Ағзамхўжа яратган. Шу ўринда, бу дизайнер қизимиз ҳақида тўхталсам, ёш бўлишига қарамай, жуда ҳам маҳоратли, қўли гул дизайнер, тавсия қиламан. Либос ҳақида гапирадиган бўлсам, ўзим ҳам бундай резонансни кутмаган эдим. Аслида кўйлак ҳаддан ташқари очиқ эмас, унинг ички қисмида тана рангидаги матодан фойдаланилгани боис, балки визуал англашилмовчилик бўлгандир. Меъёрдан ортиқ очиқ либослар кийишимга турмуш ўртоғим ҳам рухсат бермаган бўлар эди.

- Sevimli TV да Фарҳод ака билан «Сиз билан» кўрсатувини олиб бормоқдасиз. Бу таклиф ким тарафидан берилди?

- Телеканалнинг ўзи бу таклиф билан чиқди. Мен ўзимни аввал ҳам телебошловчи ролида синаб кўрганман ва менга бу жуда ёққан. Яна шундай таклиф тушганда, биргина шартимни айтдим, кўрсатувда санъаткорларни заиф нуқтасига урадиган, уларни ноқулай вазиятга тушуриб қўядиган саволлар бериладиган бўлса, мен қабул қила олмайман. Лекин ташкилотчилар бу умуман бошқа форматдаги кўрсатув эканлигини айтишди ва мен рози бўлдим. Ҳозирда бир неча сонини тасвирга олиб бўлдик. Жуда ҳам қизиқарли ва самимий руҳдаги лойиҳа бўлмоқда. Жуда қизиқ мавзулар кўтариляпти. Рус тилида олиб боришим ҳақида гапирадиган бўлсам, бу халқаро форматдаги кўрсатув ва икки тилда олиб борилишининг сабаби кўпроқ аҳолини қамраб олиш.

alt

- Фарзандларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

- Улар икки олам. Имрон тортинчоқроқ, одамларга қўшилиб кетиши қийинроқ, Ислом эса аксинча, жуда киришимли, ҳамма билан тез тил топишиб кетадиган бола.

- Сиз қаттиққўл онамисиз?

- Унчалик эмас. Мен болалар тарбияси ҳақида кўп китоб ўқийман, мисол учун, улар билан гаплашадиган бўлсам, албатта, ўтириб, уларнинг кўзларига қараб гапираман. Нима мумкин, нима мумкинмас, ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қиламан.

- Турмуш ўртоғингиз Фарҳод акани фарзандларингиз тарбиясидаги роллари қандай? Маслаҳатлар бериб турадиларми?

- Улар болалар тарбиясида мени қўллаб-қувватлайдилар. Унинг болаларни тарбиялаш тушунчаси меникидан фарқ қилади. У фарзандлар билан қаттиққўлроқ бўлиш тарафдори, мен эса аксинча, юмшоқлик билан тарбиялашга ҳаракат қиламан.

- Сиз учун ёлғоннинг катта-кичиги борми? Ёлғон гапиришганини сезиб қолсангиз нима қиласиз?

- Ёлғон гапираётган инсон яқиним бўлса, дарров айтаман, бегона бўлса, индамай, кулиб қўя қоламан ва ўзим учун хулоса чиқараман. Ўзим асло ёлғон гапирмайман ва шу сабабли баъзи инсонлар мени ёқтиришмайди. Ичимдан кечганини тилимга чиқариб қўя қоламан. Бу ҳаммага ҳам ёқмайди.

alt

- Бахт формулангиз борми?

- Биласизми, бахт менимча – яқинларинг саломатлиги, севимли эканингни ҳис этиш ва энг асосийси сева олиш. Ўзингни, яқинларингни сева олиш. 

- Болалигингиздан энг илиқ хотира?

- Тўғрисини айтсам, болалигимдан ёрқин хотира йўқ. Кўпчилик болалигига қайтишни хоҳлайди, мен эса ҳеч қачон болалигимга қайтишни истамаган бўлар эдим.

- 2017 йилда нималарни режалаштирган эдингиз ва уларнинг қай бири амалга ошди?

- Фақат ижодий режалар тузаман, ҳаётда эса оқим билан бирга сузишга қарор қилганман. Ҳозир мен шундай руҳий ҳолатдаман, атрофимдаги ҳамма нарсада гўзалликни кўра оламан. Эрталаб уйғонганим учунгина ўзимни бахтиёр сеза оламан. Ҳаётимни олдиндан режалаштиришни хоҳламайман. Кундалик режаларим бор албатта, лекин ҳаётимни Яратганга ишониб топширганман.

- 2018 йилдан нималарни кутмоқдасиз? Нималарни режалаштирдингиз?

- Бу йил ўзим устимда янада кўпроқ ишлаш ниятидаман.

- Ортга қараб нимадан афсусланасиз?

- Ҳеч нарсадан афсусдамасман. Ҳар неки бўлган бўлса, мени шу кунларга етишимга сабаб бўлди. Ҳозир мен бахтлиман ва бунга сабабчи бўлган ҳаммадан миннатдорман.

alt

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 23-01-2018

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг