Дунёни ўзига ром этган ўзбек пианиночиси
Лола Астанованинг Тошкентдаги чиқиши дирижер Владимир Федосеев бошчилигидаги П.И.Чайковский номидаги катта симфоник оркестри концерти доирасида бўлиб ўтди. Мазкур концерт санъатга ҳомийлик қилиб келувчи бизнесмен Алишер Усмоновнинг Тошкент аҳлига янги йил совғаси бўлди.
«Классиканинг Lady GaGa»си Лола Астанова, ҳозирги кунга қадар академик мусиқа оламида шов-шувларга сабаб бўлиб келмоқда. Лола Астанова дунёда энг гўзал пианиночилар рўйхатидан ўрин олган, ҳозирда АҚШда яшаб, ижод қилувчи, асли Тошкентда туғилган ўзбек қизи.
Унинг фортепианода яратган поп қўшиқлар транскрипциялари YouTube.да бир ярим миллионгача кўришларни йиғади.
Жаҳон классик мусиқаси дунёсида ўз ўрнини топа олган бу ижодкор Myday Special журналига интервью берган ва бугун биз бу иқтидорли инсон билан сизни бир оз яқиндан таништирамиз.
Лола Астанова - пианиночи. У Успенка муаллимаси Тамара Попович, шунингдек, Моксва консерваторияси профессори Владимир Наумовнинг ўқувчиларидан бири бўлган. Саккиз ёшидан АҚШ, Германия, Россия, Австрия, Франция ва Италияда концертларини тақдим этиб келади. Москвада бўлиб ўтган Ф.Шопен номидаги ёш пианиночилар II Халқаро танлови совриндори. «Новые имена» - «Янги номлар» лойиҳасининг стипендиати. Техасдаги Райс Университети битирувчиси. У илк яккахон концертини Нью-Йорк шаҳрида Карнеги-Холл саҳнасида 26 ёшида тақдим этган. Лола Астанова ЮНЕСКО шафелигида суратга олинган «XX аср истеъдодлари» ҳужжатли фильмига киритилган.
Москвада Шопен номидаги танловда совриндор бўлганимда мен ҳали бола эдим. Лекин ёш бўлишимга қарамай, ўша вақтлардаёқ танловларнинг кулис ортида сиёсатнинг кўплиги, саҳнада эса бетакрорлик эмас, бу ҳолатда «қиёфасизлик» сўзига синоним бўла оладиган «академиклик» қадрланишини тушунганман.
Танловлар бу – тор доирадаги мавзу бўлиб, бугунги кунда ҳақиқий мусиқий карьера учун деярли ҳеч нарса бермайди. Тингловчига қандай дипломларинг ва кубокларинг борлигининг қизиғи йўқ, у ёки мусиқадаги тириклик ва ҳақиқийликни сезади ёки йўқ.
57-кўчадаги Steinway Hall ертўласи деворлари – деярли барча 20-аср буюк мусиқачиларини кўрган, ва у ерда ўзгача энергетикани ҳис қилиш мумкин. Нью-Йоркдаги илк йилларим мен ҳам кўп вақтимни ўша ерда ўтказганман. Лекин ҳамма нарса бир кун тугайди: бир неча йил аввал Steinway бу бинони сотиб юборди ва у энди хотиралар ва афсоналар қаторидан ўрин олди.
Олти йил аввал мен Карнеги-холлда Дональд Трамп бошчилигида ўтказилган ва машҳур актриса Жули Эндрюс томонидан ташкиллаштирилган Владимир Горовиц хотирасига бағишланган гала-концертда дебьют қилган эдим. Афсуски, актриса билан жуда кам мулоқотда бўлдик. Ўша кунги Дональд Трамп билан танишув кейинги мулоқотларимизнинг дебочаси бўлди. Мазкур концертдан сўнг мен бир неча бор унинг Палм-Бичдаги клубида саҳна олдим, хайрия оқшомларида иштирок этдим.
Севимли актёрим Роберт Де Ниродан хушомадлар эшитиш, фильмларини севиб томоша қиладиган Баз Лурман («Мулен Руж» мюзикли, шунингдек, «Қоидасиз рақслар», «Буюк Гэтсби», «Австралия» фильмлари режиссёри ва ҳ.к. – муҳаррир изоҳи) билан таниш бўлиш мен учун ёқимли. Лекин энг ёдда қолган ва мен фаҳраландиган учрашувлар бу – менинг мусиқам ҳаётида қандайдир муҳим роль ўйнаган, мисол учун оғир касаллик билан курашиш учун куч топишга ёрдам берган оддий томошабинлар билан бўлган учрашувлар.
Мени доимо Чайковский симфониялари таъсирлантиради, айниқса тўртинчи ва олтинчи «патетик». Бу чуқур эмоционал мусиқа. Озодлик ва самовий ҳиссиётларни эса мен ҳар доим электрон мусиқадан топаман. У менга чексиз эркинлик туйғусини беради ва қувватлантиради.
Яхши мусиқа оламни ёрқин раглар билан тўлдиришга, ичимиздаги ҳис-туйғуларни акс эттиришга ва кўринмас қувват ва умид учқунларини беришга қодир ва уларсиз ҳаётимиз нурсиз ва зерикарли бўлар эди. Эҳтимол, ҳар бир мусиқачининг вазифаси ҳам шу.
Бугун одатда мен роялни уч соатдан кўп чалмайман, лекин мусиқа билан шуғулланиш бу билан якун топмайди. Деярли бутун куним ўз студиямда янги материал устида ишлаш билан ўтади. Саҳна чиқишлари, тасвирга олиш ишлари, ёзишлар, кўчиб юришлар – суткада эса бор-йўғи 24 соат – бу унчалик ҳам кўп эмас.
Кундалик ҳаётимда мен оддийроқ ва қулайроқ кийимларни афзал кўраман, лекин саҳна либосларим билан қандайдир умумий ришта мавжуд. Бир муддат аввал мен Инстаграмда модадаги қизиқишларим ва ўз услубим ҳақида янги саҳифа очдим, бу дегани қизиқувчилар у ерга кириб кўришлари мумкин.
Агар бугунги кунда ўз соҳамда бирор ютуқларга эришган бўлсам, бунда Тамара Афанасьевна – аниқ принциплар ва ақл бовар қилмас профессионал этикага соҳиб инсон, мени фикрлаш ва мусиқани англашга ўргатган инсон – Лев Николаевич ва гармония бўйича илк устозим – Марк Борисович Русакларнинг хизмати катта. Бутун ҳаётим давомида шундай истеъдод билан ўз фанини ўргата оладиган инсонни учратмадим.
Болалигимда онам ҳар доим ёнимда бўлган, мени машғулотларга олиб борган, сафарларимда ҳамроҳлик қилган ва барча муҳим лаҳзаларда қўллаб-қувватлаган. Мен оддий оилада катта бўлганман, ота-онамда улкан имкониятлар бўлмаган бўлсада, улар мени ҳар жабҳада қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишган. Бунинг учун улардан миннатдорман. Бугунга келиб менга ёрдам берадиган ўз профессионал жамоамга эгаман.
Ҳаётий қонунларим? Ҳозирги кун билан яшаш.
Лола Астанованинг машҳур Максим Венгеров, Ольга Перетятько ва Владимир Федосеевлар билан бир саҳнада П.И.Чайковский номидаги Симфоник оркестр концерти бўлиб ўтган чиқиши ҳақида бу ерда ўқинг.
ИЗОҲЛАР 0