ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
People

Хонанда Мадина Мумтоз билан суҳбат

1966
0

— Ҳозирда шоу-бизнес оламида санъаткор бўлмаса ҳам экранга чиқишга ошиқишмоқда. Бунга сизнинг фикрингиз қандай?

 —  Аслида, шоу-бизнес билан санъатни аралаштириш керак эмас. Иккаласи икки хил нарса. Шоу-бизнесдаги инсонлар шоуменлар. Санъатда бўлса фақат санъаткорлар. Тўғри, шоу-бизнесда ҳам ҳақиқий санъат эгалари бор. Лекин, ҳеч қандай иқтидори бўлмай туриб, фақат бир нарсалар эвазига экранларда кўриниб турган бўлса, у шунчаки “артис”. Артист эмас, “артис”. Артист деган номга ҳам муносиб бўлиш керак. Агар шу орқали шоу-бизнесда ўз йўлини топган бўлса, демак унда оз бўлса ҳам истеъдод бор. Умуман иқтидори бўлмаганлар вақт ўтиб ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишади.

— Мана сиз ўзингиз қўшиқ ҳам куйлайсиз, фильмларда ҳам суратга тушгансиз. Лекин ҳозир кўпчилик актрисалар истеъдод бўлмаса ҳам кўшиқ  куйламоқда, кўшиқчилар эса кинода роль ижро этишмоқда. Бу тўғри деб ўйлайсизми?

—  Агар оз бўлса-да истеъдоди, актёрлик маҳорати бўлмаса кино соҳасида муваффақиятга эришиш қийин нарса. Томошабин буни сезади, томошабинни алдаш мушкул. Агар фильмларда суратга тушиб, бу соҳани ҳам эплаяптими, демак унда оз бўлса ҳам иқтидор бор. Буни ёмон томони йўқ деб ўйлайман. Мен ўзим ҳам консерваторияни тамомлаганман, лекин фильмларда ҳам суратга тушганман. Бир нарсага ойдинлик киритмоқчиман, ҳеч қачон таниш-билиш орқали бирон-бир ролга тасдиқланмаганман. Кўп синовлардан ўтиб, аввалига кичик роллардан бошлаганман кинода суратга тушишни. Актрисаларни қўшиқ куйлашига келсак, овози, қизиқиши бўлса нимага куйламасин?!

— Санъаткор қизларнинг кўпи бир хил бўлиб кетмоқда. Хамма нарса сунъийлашиб кетаётганлигига қандай қарайсиз?

— Бир хиллашиб кетмоқда деганда ташқи кўриниш ва кийиниш маданиятини назарда тутаётган бўлсангиз, ҳар йили нимадир урфга киради. Ҳозир лабларни шишириш, улама киприклар тақиш урф бўлгани учун бўлса керак. Лекин табиий гўзалликка етадигани йўқ.

— Бундай бўлиб кетаётганлигига нима сабаб бўляпти деб ўйлайсиз?

— Бунга нима сабаб бўлиши мумкин?! Балки европаликларга ҳавасдир. Нима дейишни билмайман.

— Балки бу саволни мухбирлар кўп беришган, санъаткор бўлмаганингизда ўзингизни қайси соҳада синаган бўлардингиз?

— Агар санъаткор бўлмаганимда либослар дизайнери, интерьер дизайнери ёки архитектор бўлишим мумкин эди.

— Шоу-бизнесда дўстлик тушунчаси борми? Унинг самимийлигига ишонасизми?

— Шоу-бизнесда дўстлик тушунчасимас, дўстлик бор деб ҳисоблайман. Самимиятига ҳам ишонаман.

alt

— Сизга санъат нима берди?

— Мен ўзимни санъатсиз тасаввур қила олмайман. Санъаткор оиласида дунёга келганман. Шу муҳитда катта бўлганман. Санъат менга кўп нарса берди. Шу санъатим орқали кўплаб яхши инсонлар билан танишдим, мухлислар, дўстлар орттирдим, дунё кўрдим. Қолаверса турмуш ўртоғим билан танишувимизга ҳам айнан санъатим сабаб бўлган.

— Ўзбек томошабини, мухлисларига нима ёқади деб ўйлайсиз? Ҳеч кузатганмисиз мухлислар диди қандайлигини, албатта санъатда.

— Ўзбек томошабинига қўшиқчиликни оладиган бўлса, замонавий эстрада йўналишида ижод қилса ҳам, мусиқасига бироз миллийлик қўшилса мухлисларга жуда ёқади. Ўзимизники деб тинглашади. Кино соҳасини оладиган бўлсак, қайси жанр бўлишидан қатъий назар, тарбиявий аҳамиятга эга бўлса, ҳаётий бўлса, томошабиннинг кўнглига йўл топа олади.

— Сиз ҳам она бўла туриб санъат соҳасини хам четга суриб қўйганингизча йўқ. Бунинг барчасига қандай улгурасиз?

— Тан олиб айтишим керак, оила қуриб, она бўлганимдан кейин ижодда бироз сустлашдим. Лекин тўғрисини айтаман, бундан афсусланмайман. Чунки чиройли оила қурдим, фарзандларим тарбияси билан машғулман ва улар билан ўтказган вақтимдан фақат ва фақат завқ оламан. Ишларимга қандай улгуришимга келадиган бўлсам, катта фарзандим болалар боғчасига боради, кичкина фарзандимга энага қарайди, оилам ва энага ёрдами туфайли кўп ишларимга улгураман.

— Болаларнинг тарбиясида нималарга эътибор берасиз?

— Мен қаттиққўлроқ онаман. Болалар тарбияси жуда ҳам қийин иш экан. Фарзандларим хали ёш бўлишига қарамай, вақти келганда қулоқ солмай, характерини кўрсатади. Аввалига яхши гапириб, тушунтиришга ҳаракат қиламан, жуда қулоқсизлик қилса орқасига енгилгина шапати еб олиши ҳам мумкин. Кўпинча эртаклардан мисоллар келтириб, нима яхши, нима ёмонлигини ўргатишга ҳаракат қиламан.

— Ёш оналарга ўзингизни маслаҳатларингиз.

— Ёш оналарга маслаҳатим, фарзандларини соғлиғига эътиборли бўлишсин. Фарзандлари бетобланиб қолса, дарров интернетдан маълумот қидириб, дуч келган маслаҳатларга амал қилиб, болалари устида тажриба ўтказмасдан, фақатгина шифокор кўригига олиб бориб, шифокор тавсияси билан даволашсин.

— Оилада тинчлик ҳотиржамлик бўлиши учун аёл киши нималарни қилиш керак? Нималарни қилмаслиги керак деб ўйлайсиз?

— Оилада тинчлик ва ҳотиржамликни сақлаб қолиш учун, аёл киши зийрак бўлиб, эркагининг жаҳли чиққанини сезса, уни кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиши, уйини саришта сақлаши керак. Ва албатта турмуш ўртоғини ранжитадиган ҳаракатлардан ўзини тийиши керак. Энди оилавий ҳотиржамликнинг бутун юкини аёлнинг елкасига ортиб бўлмайди. Қарс икки қўлдан чиқади дегандек, тинч-тотув ҳаёт учун ҳар икки томон ҳаракат қилиши керак. Эр ва хотин бир-бирига меҳрибон ва ҳурматда бўлса ҳотржамлик йўқолмайди.

— Улғайганимиз сари ҳаётга бўлган қарашларимиз ўзгариб боради. Аввал аёл бахти нимада деб билардингиз? Ҳозирчи?

— Тўғри, улғайганимиз сари ҳаётга бўлган қарашимиз ўзгариб боради. Шахсан мен аёл кишининг бахти оиласида, фарзандларида ва суюкли ёрида деб биламан. Бу борадаги фикрим авваллари ҳам айнан шундай эди. Ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда. Бундан ташқари аёл киши жамиятда ҳам ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиши керак деб ўйлайман.

— Турмуш ўртоғингизда Сиз қадрлайдиган энг яхши ҳислат нима?

— Турмуш ўртоғимда энг қадрлайдиган ҳислат, уларнинг ваъдага вафодорликлари. Бир нарсага сўз бердиларми, албатта бажарадилар. Бажара олмайдиган нарсаларига сўз бермайдилар. Бу ҳозирда энг камёб ҳислатлардан бири деб биламан. Ундан ташқари ҳар қандай муаммони ҳотиржамлик билан, ўтириб, суҳбатлашиб, келишиб ҳал қилишлари ёқади.

alt

— Волидангизнинг Сиз доим ёдингизда тутадиган энг қадрли насиҳатларини айтиб ўтсангиз?

— Агар санъат соҳасида гапирадиган бўлсам, онам доимо «Камтар бўлгин, доимо ўзинга қараб, чиройли бўлиб юргин», - деб кўп таъкидлайдилар. Ҳаётда бўлса, «Турмуш ўртоғингни ҳурмат қилгин, кўнглига қарагин», - деган ўгитларни кўп эшитаман.

— Волидангиз ижросидаги энг севимли спектаклингиз?

— «Энага» деган спектакль бўлар эди. Шу спектаклдаги образларини жуда ҳам яхши кўрар эдим. Яна «Боши қотган ошиқлар», «Шайтон ва фаришта» спектаклларидаги ролларини ҳам севиб томоша қиламан. Умуман онам ижро этган барча роллари ёқади.

— Кино ёки спектакль, қайси бирини кўриш  маъқул?

— Албатта спектаклни томоша қилиш мароқлироқ. Спектаклда жонли ижро бўлгани сабабли орада импровизация бўлади, жонли ижро бўлгани учун кўпроқ ҳис қиласиз ўша ерда бўлаётган нарсани. Мен учун спектакль кўриш мароқлироқ.

— Ёшлигингиздаги ёдингизда қолган бир воқеа борми? Айтиб берсангиз.

— Ёшлигимда бўлган кўп воқеа ёдимда қолган. Шулардан бирини гапириб берсам. Ёшлигимда Самарқандага бувим, холамникига кўп борар эдик. Саккиз-ўн ёшлар бўлганман, холамнинг оилаларида янги автомобиль харид қилишган. Ўша автомобилга давлат рақами олиш учун боришганда, ҳамма болалар машинага чиқиб олганмиз. Рақам олишгунга қадар ўша ерда ҳовлида югуриб, ўйнаб юрганмиз. Бир маҳал, бирдан ҳамма ёқ қоп-қоронғи бўлиб қолган. Тепага қарасам ёруғлик кўриняпти, ўша ердан ҳамма менга қараб турибди, кейин билсам югуриб юриб, очиқ турган икки метрли қудуққа тушиб кетган эканман. Қариндошлар йиғилганда ҳалигача шу воқеани эслаб куламиз.

— Ҳамиша гўзал бўлиш учун нималарга амал қиласиз? Уй шаройитида қандай юз ниқобларидан фойдаланасиз?

— Ҳамиша гўзал бўлиб юра олмайман. Аёл киши доимо гўзал бўлиши кераклигини ёдда тутиб, иложи борича ўзимга қараб, гўзал бўлиб юришга ҳаракат қиламан.Тўғрисини айтаман, ҳеч қандай ниқоблардан фойдаланмайман. Баъзида шу қулупнай мавсумида қулупнай сувига юзимни ювишим мумкин. Юзни оқартиради. Ёки бодринг артганимда пўчоғини юзимга суртишим мумкин. Лекин бу ҳам камдан кам бўладиган ҳолат. 

— Яқин орада мухлислар Мадина Мумтоздан қандай ижодий янгиликларни кутишлари мумкин? Янги қўшиқлар, янги клиплар устида иш олиб бормақдамисиз?

— Мухлисларимга яқинда туркча «Узун, инже» деган қўшиқни ҳадия этдим. Яна янги қўшиқлар тайёрлаяпмиз. Балки улардан бирига клип суратга олармиз. Мухлисларим учун туҳфалар бўлади.

— Мадина Мумтоз яқин йилларда концерт бериш ҳақида ўйламоқдами? Режаларда борми?

— Албатта режаларимизда жонли ижрода концерт бериш бор. Лекин қачон амалга ошиши номаълум. Аниқлашса, хабар берамиз.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 30-06-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг