alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

Хонанда Шерзодбек билан дилдан суҳбат

 

Шерзодбек Шербўтаевич Ортиқов. 1989 йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Глиер номидаги болалар мусиқа мактабида ўқиган. Тўққизнчи синфни битириб, Ўзбекистон Давлат консерваторияси қошидаги академик лицейга ўқишга кирган. Лицейни тамомлагач Ўзбекистон Давлат Консераториясида академик вокал йўналишида таҳсил олган. Ниҳол мукофоти совриндори. Шунингдек The Cover Up лойиҳасининг илк ғолиби.

- Сизнинг ижод йўлингиз нимадан бошланган?

Болалигимда Глиер номидаги болалар мусиқа мактабида таҳсил олганман. Адашмасам 7-8 синфларда ўқиб юрган вақтимиз, мактабда ҚВЗ танлови бўлган. Шу танловда мусиқий танаффус учун Самандар Ҳамроқуловнинг Габаржуба қўшиғини ижро этиб чиққанмиз. Ва шу номердан сўнг мен қўшиқчи бўлишга қарор қилганман. Саҳнада туриб кулдириш бошқа, қўшиқ айтиш бошқа. Қўшиқ айтишининг мазасини ўшанда тушуниб қолганман ва илк қадамларимни ташлаганман. Мактабни битириб, академик лицейга, сўнг Ўзьекистон Давлат Консерваториясига кирганман. Консерваторияга иккинчи уринишдан кирганман. Биринчи йил йиқилганман ва ўша йили қўшиқ куйлашни бошлаб, санъатга илк қадамларимни қўйганман.

- Карьерангизнинг бошланиши ҳақида гапириб берсангиз?

2008 йилда илк қўшиғимни ёзганман. Ўша пайтда, халигача ёдмда, болаларча беғуборлик бўлган менда, студияга овоз ёзишга кирганда, илтимос, шу қўшиғим зўр чиқиши керак деганим. Хуллас қўшиғим тайёр бўлгач, радиоларга тарқатишни бошлаганмиз ва ўша пайтда назарга тушганман. Продюсерлардан таклифлар туша бошлаган. Онам нимагадир продюсерлар билан ишлашимга қарши бўлганлар. Лекин ўшанда илк маротаба ўзим қарор қабул қилганман ва продюсер билан ишлаш таклифига рози бўлганман.

- 2013 йилда илк яккахон концерт дастурингизни тақдим этгансиз ва таъкидлаш жоиз бутун концерт жонли ижрода ўтган. Лекин мана орадан 4 йил вақт ўтди ва ижодингизда катта танаффус кузатилди. Сабаб?

Ўзимми оқлаш учун тўсиқлар бўлди, у-бу дейишим мумкин. Лекин бир нарсани айтаман, айб ўзимда. Мен иккиланишим керакмас эди. Умидни сўндириш керак эмас. Бу ҳаётда ҳеч нарса абадий эмас. Агар пешонамга санъат йўли ёзилган бўлса, давом этаман, ёзилмаган бўлса, тарк этаман. Одам тақдиридан рози бўлиши керак.

alt

- Ҳамма айб ўзимда деб гапни қисқа қиляпсиз. Санъат йўлингизда учраган тўсиқларга тўхталсак.

Мен «Ниҳол» мукофоти совриндориман ва Давлат назаридаман, ҳимоясидаман десам ҳам бўлади. Айб ўзимда деганимда нимани назарда тутдим? Олдимдан қанақа тўсиқ чиқишидан қатъий назар мен таслим бўлишим керакмас эди. Шунақа пайтлар бўлди, мен учун ҳамма эшиклар ёпилди. Бастакорлар щзини олиб қочишни, журналистлар мен ҳақимда ёзишни тўхтатдилар, интернет сайтлардан мен ҳақимдаги мақолалар олиб ташланди. Кимга мурожаат қилмай, рад жавобини оладиган бўлдим ва тан олиб айтаман, мен синиб қолдим. Тушкунликка тушиб қолдим. Тақдиримдан рози бўлиб, боримга шукур қилишни бошлаган куним, кечагидек эсимда, ўша тонг жуда ҳам бошқача кайфиятда уйғондим, кўчага юзимда табассум билан чиқдим, шунчаки ясама табассум эмас, самимий табассум эди. Ич-ичимдан хурсанд эдим. Ва ишонасизми, шу кундан ишларим ўнглана бошлади. Бир эшик ёпилган бўлса, иккинчиси очилар эди. Омадим келиб, ишларим юришиб кетди. Шу сабаб, насиҳатга йўйилмасину, барча ёшларга маслаҳатим, умидингизни сўндирманг, таслим бўлманг.

- Ўзингиз ижроингиздаги қайси тарона кўпроқ ёқади?

Ҳар битта қўшиғим ёқади. Лекин энг ёққани «Ёр-Ёр» бўлса керак.

- Қўшиқларингизни ўзингиз ёзасизми?

Ўзим ёзган қўшиқларим ҳам бор. Аммо ҳар бир ишни ўзининг устаси қилиши керак, шу сабабли қўшиқларимни профессионаллларга ишонаман. Лекин охирги пайтда бир нарсани тушуниб етдим, юрагингиздаги дардни етказиб бера олиш учун албатта сизнинг ҳам қаламингиз тегиши керак экан. Чет эл қўшиқлари нима сабабдан бошқаларникига ўхшамайди? Чунки улар сўзини ҳам, мусиқасини ҳам ўзлари ёзишади, устига устак аранжировкани ҳам ўзлари қилишади. Мусиқий асбоблар чалишни биламан, қўшиқ ҳам ёза оламан, лекин аранжировка қилиш қўлимдан келмайди. Шундан афсусдаман. Фурсатдан фойдаланиб, ўсиб келаётган ёш авлодга кичкина бир маслаҳатим, вақтингиз бор, имконингиз бор, кўпроқ нарсани ўрганишга ҳаракат қилинг. Аранжировка қилишни ўргангим келади, лекин бизнинг халқимиз санъатга чанқоқ, улар доим янги ижод маҳсули кутадилар, аранжировкани ўрганиша киришиб кетсам, ижодим сусайиб қолиши мумкин, мен шундан қочаман.

- Ҳаётингизда ўзингиз ёқтирмаган қўшиқни ижро этишга мажбур бўлганмисиз?

Ҳа, бўлган. (кулади) Эсласангиз бир қўшиғим бориди, вақтида хит бўлган, «Мен сенинг кўйингдамас, сен кимнинг кўйидасан» (хиргойи қилиб берди). Шу қўшиқни куйламайман деб оёқ тираб олганман, лекин онам илтимос қилганларидан сўнг куйлаганман ва айнан шу қўшиғим хит бўлган.

- The Cover Up лойиҳасининг битта сонида дуэт куйлаш вазифаси тушган эди. Шадиша билан чет эл тароналаридан бири We don’t talk any more таронасини ижро этдингиз. Шу борада қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

Қўшиқ танлашда қўшиқнинг сўзларига, дардига эътибор қаратдик. Менимча бу қўшиқда юрак бор. Қийинчиликларга тўхталадиган бўлсам, энг катта қийинчилик сўзларни талаффуз қилишда бўлган. Болалаигимда инглиз тилини жуда яхши билардим. Вақт ўтиб, амалиётда қўлламганингиздан кейин барибир эсингиздан чиқиб кетар экан. Шу сабабли сўзларни нотўғри талаффуз қилишдан чўчидим. Шадиша менга қараганда инглизчани анча яхши билларкан Ундан миннатдорман, менга катта ёрдам берди.

alt

- Айнан мана шу кўрсатувнинг бир сонида сизнинг дуэтдошингиз Дилсўз айрим бир сабабларга кўра кела олмадилар. Шу борада фикрингиз? Ва нега айнан Дилсўзни танлаган эдингиз?

Бу ҳақда мен ҳеч кимга гапирмаганман. Ҳайронман бу маълумот қандай қилиб оммага тарқалди. Тўғри, лойиҳанинг бир сонида Дилсўз билан дуэт куйлашимиз керак бўлган. Лекин Дилсўз аввалдан келишилган тадбири бор экан. Шунда ҳам менга ёрдам беришга, мен билан дуэт куйлашга рози бўлди. Лекин уша куни суратга олиш жараёни чўзилиб кетгани боис Дилсўз суратга олиш жараёнида қатнаша олмади. Мен асло ундан хафамасман. Дилсўз маҳоратли хонанда ва яхши инсон.

-Лойиҳага келган меҳмон санъаткорлар ичида кимнинг ўгитлари-ю, насихатлари ва маслахатлари ёдингизга мухрланиб қолди?

Жаҳонгир Отажонов ва устоз санъаткорлаимиз Фаррух Зокиров ҳамда Насиба Абдуллаева. Уларнинг менга айтган ҳар бир фикрлар ва танбеҳларимдан ўзим учун дарс чиқардим.

-Ҳозирги кундаги мусиқа санъати, ўзбек хонандалари ҳақида кўпгина фикрлар мавжуд. Халқ томонидан айтилаётган, устоз санъаткорлар томонидан айтилаётган фикрлар. Яъни аксарияти салбий фикрлар. Сиз ҳам санъаткор, ёш хонанда сифатида айни дамда ўзбек мусиқасидаги энг катта муаммо ва камчиликларни биттасини бўлса ҳам айтиб ўта оласизми? 

Халқ бу бизнинг ўзимиз. Ҳозирги кунда санъаткорлар ўртасида самимийлик етишмайди. Ваҳоланки, менинг фикримча ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз керак. Орқаваротдан бир-биримизни ғийбат қилмасдан, бир-биримизга кўмаклашишимиз керак. Шундагина бирон бир натижага эришишимиз мумкин.

- Умуман ўзбек хонандалари орасида кимнинг овозини юқори баҳолайсиз? Ва кимнинг мухлисиман дея оласиз?

Отабек Муҳаммадзоҳиднинг қўшиқларини мазза қилиб тинглайман. Ундан ташқари Озодбек Назарбековга жуда ҳавас қиламан. Уларнинг овозларида мақтаниш йўқ. Баъзи бировларга ўхшаб овозим бор деб, бақирмайдилар. Хонанда учун энг муҳими, юрак бўлиши керак.

-Нима деб ўйлайсиз мухлисларнинг ёдида бўлиш, уларнинг назаридан қолмаслик учун доим ТВда кўриниб туриш, яъни қўшиқлар, клиплар ротацияси керакми?

Энг катта хатоим шунда деб ўйлайман. Шу тарафдан сустроқман. Халқни назарида бўлиш учун албатта тинмай телевидение ва радио орқали кўриниб туриш шарт.

-Шерзодбек биламиз барча хонандаларнинг асосий даромади тўйлардан. Аммо сизни тўйларга боришингизни ҳам эшитмаганмиз ва кўрмаганмиз ҳам. Балки шунчаки биз эшитмай, кўрмагандирмиз. Тўйларга борасизми? Таклиф этишадими хонанда сифатида?

Албатта, бу ҳозир ҳеч ким учун сир эмас. Асосий даромадимиз тўй хизматларидан. Мени ҳам тўй хизматларига таклиф этиб туришади, қўлдан келганча ишончларини оқлашга ҳаракат қиламиз.

- Санъаткор бўлмаганингизда қайси касбни эгаллардингиз ва нимага?

Болалигимда актёр бўлишни орзу қилар эдим. Жангари фильмларни шунақа эътибор билан томоша қилар эдим-ки. Эсингизда бўлса корейс сериаллари бўларди. Корейс актёрларини ҳар бир ҳаракатини диққат билан томоша қилар эдим. Шу даражада ичига кириб кетардим, кейин ҳафталаб ўша образдан чиқолмай юрардим. (кулади)

- Шахсий ҳаётингизга тўхталиб ўтадиган бўлсак, уйланиш борасида нима дейсиз? Қачонга мўлжаллаяпсиз?

Ўзимдан кўпроқ онам уйланишимни хоҳлайдилар. Ёшимам ўттизга бориб қолди, ўзимга айтмасалар ҳам, кўзларидан биламан, айниқса ёш болаларни, чақалоқларни кўрганларида набира кўришни хоҳлашлари қаттиқ сезилади. Шунда ҳам очиқ-ойдин гапирмайдилар. Қоғозга ўраб, набирасини ширинлигини қара, ҳавасим келди деб қўядилар.  Пешонага ёзилган вақтда уйланаман.

alt

- Севган инсонингиз борми?

Кўз остимга олиб қўйганим бор. Ҳаммаси Худодан, олдиндан бир нарса дейиш қийин, сўнгги қарор барибир ота-онадан.

- Орзуингиздаги турмуш ўртоғингизни тарифлаб беринг.

Бир донишманддан қандай қилиб турмуш ўртоқ танлаш борасида маслаҳат сўраганларида деган экан. Бўлажак ёринг иймонли, эътиқодли бўлса бирни қўш, у гўзал бўлса ёнига нолни қўш, 10 бўлади, ўқимишли бўлса яна нольни қўш, 100 бўлади, тегли-тугли бўлса яна нольни қўш, 1000 бўлади, лекин олдида турган бирни олиб ташласанг ҳеч қандай қиймати қолмайди деган экан. Шу ривоят менга жуда қаттиқ таъсир қилган.

- Эркак киши аёл кишига нисбатан муомалада қандай бўлиши керак? Бир гапдан қолгани маъқулми ёки ўзиникини маъқуллаши керак деб хисоблайсизми?

Авваламбор эркак ва аёл ўртасида кураш бўлиши керак эмас, эр-хотин бир-бирига эмас битта тарафга қараса мақсадга мувофиқ бўлади. Ақлли аёл эркагини оёқ ости қилмайди, ақлли эркак аёлидан пастга тушиб қолмайди.

- Ҳаётингиздаги қизиқарли воқеалардан бирини гапириб беринг.

Яқинда бўлиб ўтган воқеани гапириб бераман. Тўй хизматларида юрган эдик. Охирги «бирров»имиз қолган. Буюртмачи қўнғироқ қилди, мана, ҳозир етиб борамиз дедик, бордик, тўйхонага кирдик, қўшиқларимизни ижро қилиб, тўйхонадан чиқдик. Маъмуримдан ҳисоб-китобни сўрасам, қўнғироқ қилсам кўтармаяпти деди. Ва шу пайт ҳалиги буюртмачи яна қўнғироқ қилиб қолса бўладими. Адашиб бошқа тўйхонага кириб борган эканмиз. У ердан чиқиб, асли боришимиз керак бўлган жойга етиб бориб, у ерда ҳам хизмат қилиб қайтдик. Шунақа воқеалар ҳам бўлиб туради.

-Шерзодбекнинг қўлидан хонандаликдан бошқа яна нималар келади? Мухлислар, биз билмаган бирон-бир ҳислатингиз, ҳунарингиз ёки жуда яхши қила оладиган ишингиз борми?

Биринчи йил Косерваторияга ўқишга топширганимда имтиҳонларан йиқилганман. Ўша йили дадам ҳам оламдан ўтиб қолганлар. Қаттиқ таъсир қилган, стрессга тушиб қолганман. Уйдан кўчага чиқмай, телевизор кўриб ётардим. Шунда онам келиб Ўғлим, эркак киши унақа бўлмайди, деганлар. Шу бир оғиз гаплари менга етган. Ўрнимдан туриб кўчага чиқиб кетганман ва ўша куннинг ўзида иш топиб келганман. Экопен ойна ромлар ишлаб чиқарадиган цехга ишга кирганман. Аввал шогирд тушганман, кейинчалик шу соҳада ишлаганман. 

- Бу йил учун олдингизга қўйилган мақсадларингизни неча фоизини бажардим деб ўйлайсиз?

Бу йил ҳам сал режадан ортда қоляпман. Мана масалан The Cover Up лойиҳасида ғалаба қозонганим учун Зўр ТВ канали томонидан бир йиллик сертификат тақдим этилди. Лекин ротацияга бериш учун ҳали клипим тайёр эмас. Тўғрироғи учта шўх таронамиз тайёр, шуларни орасида қайси бирига клип олишни билмаяпмиз.  

alt

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 07-08-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг