Актриса Муқаддас Саъдуллаева билан суҳбат
- Талаба бўлиш қандай экан? Нималарни кутган эдингизу, нималарга дуч келдингиз?
- Осон эмас. Бу иккинчи мутахассислигим. Аввал Ўзбекистон Миллий Университетининг Психология факультетини тугатганман. Ўзим санъат соҳасида фаолият юритаётганим сабабли Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ўқишга кирдим. Тўғрисини айтсам, осонроқ бўлади деб ўйлаган эдим. Лекин, адашган эканман. Ўз қийинчиликлари бор экан.
- Сизнингча Олий таълим олмасдан ҳам етук актёр ёки актриса бўлиш мумкинми? Ёки иқтидорнинг ўзи камлик қиладими?
- Биринчи ўринда Аллоҳ томонидан берилган иқтидор бўлиши керак. Лекин барибир ўқиш керак деб ҳисоблайман. Санъатнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Агар таълим олса, янада мукаммалроқ санъаткор бўлади деб ҳисоблайман. Аммо, олий таълим олмай туриб ҳам етук санъаткор бўлган инсонлар талайгина. Шулардан бири актриса Сора Эшонтўраева бўлиб, бу соҳада ўқимаган бўлсаларда, халқ суйган санъаткор бўлганлар. Санъат соҳасида менимча иқтидор биринчи ўринда туради.
- Ёш онасиз, ҳам фарзанд тарбияси, ҳам суратга олиш ишлари, энди талабалик ҳам қўшилди. Қандай улгуряпсиз?
- Жуда ҳам қийналяпман. Суратга олиш ишлари, ўқиш, орада телевиденияда съёмкалар бўлиб қолади. Ҳаммасига улгуриш мушкул. Бахтимга онам бор. Улар қизимга ҳам она, ҳам буви бўлиб, ўз меҳрларини аямайдилар. Шунинг учун кўнглим тўқ. Лекин бўш вақт топдим дегунча, фарзандим билан машғул бўламан.
- Фарзанд тарбиясида ким сизга ёрдам беради?
- Онам. Юқорида айтганимдек, бахтимга онам борлар. Қизимни тарбиялашда ёрдамларини аямайдилар.
- Қизалоғингиз сизнинг йўлингизни давом эттиришни хоҳласа унга қаршилик кўрсатасизми?
- Қизим улғайгач, қайси соҳани танласа, уни шу соҳага йўналтиришга ҳаракат қиламан. Лекин иложи борича бу санъат соҳаси бўлмаслигига умид қиламан. Яна билмадим. Агар жуда ҳам санъат соҳасида фаолият юритишни хоҳласа, унга албатта қўлимдан келганча ёрдам бераман. Лекин, ота-онам айтганларидек, санъат жуда мураккаб соҳа. Айниқса аёл киши учун. Ўзим санъатга кириб келгач бунга яна бир бор амин бўлдим.
- Қизалоғингизни тергаб турасизми? Ёки ширин гап билан тушунтириш тарафдоримисиз?
- Йўқ, ҳечам уриша олмайман. Доим ширин гапириб, эркалашга ҳаракат қиламан. Онам баъзида койиб турадилар: «Битта сенда фарзанд борми, тергаб тур, эрка бўлиб кетяпти»,- деб, лекин онам ҳам мени уришмасдан катта қилганлар. Худога шукур эрка эмасман. Қизим ҳам эрка бўлмайди деган умиддаман.
- Машҳур инсонларнинг фарзанди бўлиш сизга кўпроқ нима беради? Ғурур ҳиссими ёки маъсулият?
- Катта маъсулият юклайди. Ота-онамнинг номига доғ туширмаслик учун ҳар бир қадамимни ўйлаб босишга ҳаракат қиламан. Баъзан хоҳламаган равишда хато қиласиз. Беайб Парвардигор. Лекин иложи борича хато қилмасликка интиламан.
- Сиз яхши фарзандмисиз ёки яхши она?
- Бу саволга жавоб беришим мушкул. Менимча бу саволингизга онам энг тўғри жавобни берсалар керак.буни онамдан сўраш керак, яхши фарзандманми ёки яхши она.
- Актриса бўлмаганингизда қайси касбни эгаллаган бўлар эдингиз?
- Агар актриса бўлмаганимда, балки дугонам Шаҳзода Муҳаммедовага ўхшаб дизайнер бўлардим. Ўқитувчилик касби ҳам менга жуда ёқади. Ўзимнинг биринчи эгаллаган соҳам, психологлик ҳам яхши. Балки вақти келиб айнан шу иш билан шуғулланарман.
- Энг яқин дугонангиз дизайнер, бундан фойдаланган пайтларингиз бўлганми?
- Албатта! Жуда кўп фойдаланаман. Лекин жуда ноқулай мен учун. Чунки Шаҳзода менга тиккан либослари учун умуман пул олмайди. Зўрлаб ҳам беролмайман. Шунинг учун баъзан ўзимни ноқулай ҳис қиламан.
- Бир умр қулоғингиз остида жаранг сочадиган насиҳат?
- Ота-онам доимо камтар бўл дейишади. Вақти келиб эл суйган санъаткор бўларсан, шунда ҳам оддий Муқаддас эканлигинг ёдингда бўлсин. Кеккайма, ўзинги бировлардан устун қўйма. Шу насиҳатлар доимо ёдимда.
- Қандай вазиятда ақлга ва қай ҳолда ҳиссиётга таяниб иш кўрасиз?
- Кўпинча ҳиссиётга таяниб иш тутганим учун панд еган пайтларим бўлади. Жуда ишонувчанман. Ақлим шу ишни қилма деб турган бўлса ҳам, кўнглим бўшлик қилиб хато қилган вақтларим бўлади.
-Одамларнинг гап-сўзларидан ўзингизни қандай ҳимоя қиласиз? Кўнглингизга оласизми ёки одамлар гапираверади деб эътибор бермай ўтиб кетасизми?
- Одамларнинг гапини юрагимга яқин оламан. Қаттиқ эзиламан. Гапираверадида деб ўтиб кетолмайман. Ўзим ҳақимда салбий фикр эшитиб қолсам, тинмай ўйлайвераман. Қаерда хато қилдим, нимага уларда бундай тушунча уйғонди деб ич-этимни ейман.
- Аслида санъаткор ким учун ё нима учун ижод қилади?
Халқ учун, албатта. Ҳар бир ижро этган ролимиз бир инсоннинг ҳаётига яхши таъсир қилса, биз ўйнаган роль орқали инсонлар хатоларини тушуниб етсалар ёки ўзларига керакли хулоса чиқарсалар, шу бизнинг ютуғимиз.
- Имкони бўлса вақтни орқага қайтарган бўлармидингиз? Нимага?
- Менимча, ҳар бир инсон имкон бўлганда буни хоҳлаган бўлар эди. Одам бу дунёда билиб-билмай қилган хатоларини тузатиш учун вақтни жон деб ортга қайтарган бўлар эди.
- Қандай ҳордиқ турини афзал кўрасиз?
- Жуда ҳам чарчаган пайтларим машинада бир ўзим сайр қилишни хуш кўраман. Айниқса ёмғирли ҳавода ўзимнинг севимли таронамни тинглаб, шаҳар айлансам анча чарчоғим чиқади.
- Ижодий режаларингиз?
- Сўнгги вақтларда кўплаб тарихий фильмлар суратга олинмоқда. Насиб қилса, мени ҳам лойиқ кўришса, бирон бир тарихий фильмда суратга тушишни жуда ҳам хоҳлайман. Кейинчалик театрда ҳам ишлаш орзуим бор. Режаларим жуда кўп.
ИЗОҲЛАР 0