alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

Ойбек ва Нигора билан янги йил олди суҳбат

- Ижод ва ҳаётда бир-бирингизни қанчалик тушунасиз?

- Ойбек: Жуда ҳам яхши тушунамиз. Нимагаки, узоқ йиллардан бери бирга ижод қилиб келмоқдамиз. Саҳнада ҳам, ҳаётда ҳам бир-биримизни кўз қарашимиздан тушунамиз, нима истаётганимизни билиб олишимиз мумкин. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, инсон бир-бирини қийин вазиятларда, умуман ҳар қандай ҳолатда тушунишга ҳаракат қилса, шундагина ҳақиқий бахтга эришади.

- Нигора: Касбдош сифатида уларни яхшироқ тушунаман. Чунки ҳамкасб сифатида ўзим бемалол тушунмаган нарсаларимни улардан сўраб, билиб олишим мумкин. Ҳаётда эса, мисол учун қошлар чимирилганда нимани нотўғри қилиб қўйганимни тушунмай қоламан. Кейин сабабини тушунишга ҳаракат қиламан.

alt

- Бирор қарор қабул қилишда қайси бирингиз шошқалоқсиз?

- Нигора: Албатта, мен. Ҳамма нарса жуда тез бўлишини хоҳлайман. Бирор жойга боришимиз керак бўлса ҳам айнан келишилган вақтда етиб боришга ҳаракат қиламан. Лекин шошганимдан нимадир эсимдан чиқиб қолади ва ортга қайтамиз. Барибир кеч қоламиз-да (кулади). Қарор қабул қилаётганда ҳам шундай. Бўлди мана шу ишни қиламиз, дейман-да. Кейин ўйлаганимдек бўлмаса, охиригача таҳлил қилмаганимни тушуниб, аттанг қиламан. Натижада турмуш ўртоғимнинг гапларига қулоқ тутаман. Булар етти ўлчаб, бир кесадилар.

- Ойбек: Инсонда ҳар хил вазият бўлади-да. Баъзан чуқур ўйлаб кейин, баъзида тезроқ бирор қарорга келиш керак бўлади. Шундай бўлса-да, кўпинча ўйлаб қарор чиқарамиз.

alt

- Жаҳлингиз чиққанида нима билан уни енгишга ҳаракат қиласиз?

- Нигора: Турмуш қурмасимиздан аввал, бор аламимни булардан олардим. Ҳозирда жим тураман. Сукут билан енгишга одатланганман. Инсон олти секунд сукут қилса, ховуридан тушади, дейишади. Ҳақиқатда шу рост. Кейин фарзандимиз билан ўзимизни чалғитамиз.

- Ойбек: Аввало бир-биримизга жаҳл қилмасликка ҳаракат қиламиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам.

- Урушиб қолсангиз ким биринчи узр сўрайди?

- Ойбек: Одатда биз жанжаллашмаймиз. Урушиш ҳам оддий келишмовчилик бўлиши мумкин. Бу табиий ҳол, албатта. Лекин узр сўраш, маълум муддат гаплашмай қолиш каби ҳолатларгача етиб бормайди. Илоҳим охиригача шундай бўлсин.

alt

- Китоб ўқишдан тўхтаган инсон фикрлашдан ҳам тўхтайди, дейишади. Бу фикрга сизнинг муносабатингиз.

- Ойбек: Ҳақ гап. (Узоқ сукутдан сўнг...) Охирги марта қачон китоб ўқиганимни эслай олмайман. Одатда интернет орқали янгиликларни ўқиб бораман. Лекин китоб ўқиш ниятим бор.

- Нигора: Кун бўйи ишда бўлиб, кеч уйга қайтганда, кўпроқ фарзандим билан шуғулланаман. Бирор нима ўқишга вақтим бўлмайди. Лекин булар китоб бўлмаса ҳам, интернет орқали дунё ва жаҳон янгиликларидан доимий хабардор бўлиб турадилар ва менга етказадилар. Ўзим вақтим бўлганда кўпинча рус тилидаги турли романларни ўқийман.

- Фарзанд тарбиясида кўпроқ нималарга аҳамият қаратасиз?

- Нигора: Бола хато қилса, унга бақириб эмас, аксинча юмшоқлик билан тушунтирсангиз, у албатта сизни тинглайди. Тўғри, фарзандимиз ҳали ёш, унга бу усулни қўллаш бироз ғалати бўлиши мумкин, лекин болани кичиклигиданоқ шунга ўргатиш керак, деб ҳисоблайман. Ширин муомала барибир ўз натижасини беради. Имронда буни синаб ҳам кўрдим. Шўхлик қилса, сал овозимни кўтариб дўқ урсам, қилаётган ишини такрорлайверади. Кейин яхши гап билан тушунтирсам, дарров қулоқ солади.

alt

- Оилада қайси бирингиз қаттиққўлсиз?

- Нигора: Мен (кулади). Булар кўпинча болани эркалатиш билан овора бўладилар.

- Болага эртак китоб ўқиб берасизми?

- Нигора: Эртак китоб ўқиб беришга, менимча сал эрта. Лекин эртакнинг бош қисми, яъни бор экан-да, йўқ экан дейишим билан Имрон сергак тортади. Кўпинча қўшиқ хиргойи қилиб берамиз.

- Ойбек: Ҳозирча мультфильмларни мазза қилиб кўради.

- Болангизнинг парвариши ва тарбияси билан кўпроқ ким шуғулланади?

- Ойбек: Иккаламиз биргаликда қарашга ҳаракат қиламиз. Лекин биз ишда бўлганимизда холаси қараб туради.

alt

- Тасаввур қилинг, вақт ўн йил ортга қайтди. Босиб ўтган йўлдан қайта ҳаракатланармидингиз ёки бошқа йўлак томон кетишингиз ҳам мумкинмиди?

- Нигора: Тўғри, ҳар бир инсонда бўлади: вой мана бу ишни қилолмадим, бунга улгурмадинг. Лекин ўйлаб кўрсак, қолган ишларнинг ҳам ўзига хос яхши тарафи ҳам бўлади. Менимча худди шу йўлни босиб ўтган бўлардим. Лекин бошқа йўлдан кетасан-у, аммо шу турмуш ўртоқ, шу фарзандинг бўлади дейишса, балки бошқа томондан кетардим.

- Ойбек: Мен ҳам рафиқам фикрига қўшиламан. Менимча босиб ўтган йўлимиз ёмон эмаски, биз қайта ҳаракатлансак. Айтишадику, ҳамма нарса яхшиликка деб.

- Ўзингизни хонандаликдан бошқа касбга тасаввур қилиб кўрганмисиз?

- Нигора: Хонанда бўлишдан, аввал боғчада тарбиячи  вазифасида ишлаганман. Назаримда шу вазифани зўр эплайман. Чунки боғчага борганимда болалар мени хурсандчилик билан қаршиларди. Кетаётганимда, ҳаттоки бир-иккитаси йиғларди ҳам. Болаларни жуда яхши кўраман.

- Ойбек: Авваллари шу маънода савол берилса, ҳазил тарзида косманавт, деб жавоб берардим. Очиғини айтсам, овқатни яхши пишираман. Баъзида ошпаз бўлиб кетгим келади (кулади). Балки ошпаз бўлардим.

alt

- Бир-бирингизга ёлғон гапириб турасизми? Қандай вазиятларда?

- Нигора: Баъзан буларни ёлғон гапиришларини билиб қоламан. Қачон ёлғон гапирадилар, пархез тутаётган вақтларида (кулади). Тўғрисини айтинг мана буни едингиз-а, десам, йўқ, деб туриб оладилар. Мен ҳам ёлғон гапириб тураман, фақат қайси вазиятларда эканини айтмайман (кулади). Яхшиликка бўлса, ёлғон гапириб тураман.

- Ўзаро сирларингизни яна бошқа биров билан бўлишасизларми?

- Ойбек: Йўқ.

- Нигора: Йўқ. Орамиздаги кичгинагина сирни ҳам ўзимиздан бошқа ҳеч ким билмаслиги мумкин. Ҳаттоки оналаримиз ҳам. Шу даражада бир-биримизга ишониб, сирларимизни айтамиз.

- Нигора доимий мурожаат қилиб турадиган стилист ва дизайнерингиз борми?

- Доим битта дизайнерга мурожаат этаман деб айтолмайман. Сабаби ҳар бир дизайнерни баъзида вақти бўлади, баъзида йўқ. Мурожаат қиладиганларим Гулчеҳра Юнусова GIGU бренди асосчиси, Дилноза Умрзоқова ва бошқалар. Доимий стилистим деб, уч-тўрт йилдан буён борадиган Ирода опани (@irowa) айтишим мумкин.

alt

- Ойбек сизнинг имиджингиз устида кимдир ишлайдими?

- Кийиниш борасида Нигора кўпроқ маслаҳат беради. Соч турмагимни эса «Акмал Тамо»даги кичик Акмал акага ишониб топширганман.

- Бугунги Нигора кўриниши жиҳатидан аввалгисидан анча фарқ қилади. Бу имиджингиз устида ким ишлаган? Ёки шахсий танловингизми?

- Асосий ўзгариш турмушга чиққанимдан сўнг бўлди. Хомиладорлик даври қийин кечди. Жуда катта вазн йўқотдим. Шу сабаб менимча ташқи кўринишим анча ўзгарди. Авваллари кўп айтишарди: семизсиз, озинг, пархез тутинг. Ҳаракат қилардим-у, аммо уддасидан чиқолмасдим. Ҳеч қандай жарроҳлик операцияси бўлмаган.

- Бугунгача эришган энг катта муваффақиятингиз нима?

- Ойбек: «Ниҳол» давлат мукофоти, мана 2015 йилда «Эътироф»ни олдик. Назаримда ижоддаги энг катта ютуқларимиз шулар.

- Нигора: Ҳаётда эса бир-биримизга эришдик, фарзандимиз бор. Бахтли ҳаёт кечираётганимиз. Мана шулар энг катта муваффақиятларимиз.

alt

- Фикр ва қарашларингиз бир-бирингизга қанчалик монанд?

- Ойбек: Бир-бирига яқин. Қизиқишларимиз деярли бир хил.

- Мана янги йил ҳам яқинлашмоқда. Айтингичи, бу йилда нималарни режалаштириб, уларнинг қай бири амалга ошди?

- Ойбек: Бу йил биз учун зўр келди. Ўтган йилларга нисбатан. Бу йил анча меҳнат қилдик, клиплар суратга олинди. Режалаштирган ишларимизни кўпини бажардик. Ўзимиз кутгандан-да яхшироқ бўлди. Келаётган йилга ҳам катта мақсадлар қўйганмиз олдимизга. Ўйлаймизки, ниятларимиз албатта рўёбга чиқади.

- Нигора: Шахсий ҳаётда ҳам ўзимиз нима ният қилган бўлсак, деярли барчасига эришдик.

- Келаётган йилдан кутаётган илинжингиз?

- Ойбек: Жуда кўп зўр қўшиқлар тайёрлаб қўйганмиз.

- Нигора: Жуда кўпчилик қачон яккахон концерт берасизлар деб сўрайди Бу йил амалга ошмай қолган режаларимиздан бири ҳам шу. Насиб этса, келаётган йилда бу ниятимизга етамиз.

alt

- Янги йилни қандай нишонлайсиз? Оиладами ёки дўстлар даврасида? Оилавий анъаналар борми?

- Ойбек: Ҳамма бир жойга йиғилиб, соат 12:00 га бонг уришини кутиб ўтиришнинг ўзи бир анъана. Ундан сўнг, дўстларимизни кўришга шошамиз.

- Нигора: Аёлларда бўладиган анъана, ширин таомлар тайёрлаш.

- Янги йилни қандай кутиб олишни режалаштиргансиз?

- Нигора: Турмуш қуришимиздан аввал ҳам шу куни хизматларда бўлиб қолардик. Лекин 12:00гача уйга етиб боришимиз керак эди. Аммо бу йилни шошмасдан, хотиржам уйда кутиш ниятимиз бор.

- Ойбек: Мен ҳар йили янги йилда қор ёғишини орзу қиламан.

- Чет элда кутишни орзу қилганмисиз?

- Ойбек: New-Yorkда кутишни орзу қиламан.

- Нигора: Шу пайтгача бирор жойга бориб янги йил кутишни ният қилмаган эканман. Лекин ўзимни уйимда, камин атрофида, арчалар безатилган, айнан шундай атмосферада кутиб олишни хоҳлайман.

alt

- Янги йилни фильмлар-у ҳар хил томошаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан янги йилда сиз ёқтириб кўрадиган фильм?

- Нигора: Уч-тўрт йилдан бери «Один дома»ни («Уйда ёлғиз ўзи») барча қисмларини кўргим келади, лекин ҳеч шароит бўлмаяпти. Балки бу йил кўрарман.

- Мухлислар учун Янги йил тилаклари.

- Ойбек: Доимио соғ бўлишсин. Нима ниятлари бўлса, барчаси ижобат бўлсин.

- Нигора: Ҳар доим оила даврасида ҳамма соғ-саломат бўлиб, биргаликда кутиш насиб этсин.

 

Интервью La Terrasse масканида бўлиб ўтди. Масканга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. 

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 28-12-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг