ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
People

Sharq гуруҳи билан суҳбат

543
0

- Бу йил биргаликдаги ижодингизга 10 йил бўлади. Илк концертингиз ҳақида маълум қилдингиз. Нега дастурни айнан «Икки юрак» деб номладингиз?
Сарвар Акбаров: Ҳақиқатдан ҳам бу йил гуруҳимизга Татьяна келиб қўшилганига 10 йил бўлади. Узоқ вақтдан бери концерт дастури тақдим этиш ниятида эдик. Лекин, турли хил сабаблар билан амалга ошмаётган эди. Бу йилга насиб қилган экан.
Татьяна Зайцева: Дастуримизни «Икки юрак» деб номлашимизга сабаб, биз бир гуруҳ бўлишимизга қарамай, икки алоҳида қалб эгаларимиз. Ва шу куни ижодимиз мухлислари билан дилдан суҳбат қуриш ниятидамиз. Биз ўз мухлисларимиз билан ўз дунёқарашимиз, туйғуларимиз ва ижодимизни баҳам кўрмоқчимиз.

- Концертга тайёргарлик жараёнлари ҳақида икки оғиз. Мухлислар учун қанақадир совғалар бўлиши кутилмоқдами?
Т.:
Биз бу концертга ортиқча ҳовлиқмаларсиз ёндашишга ҳаракат қилдик. Бу концерт ўн йиллик меҳнатимизнинг тантанаси бўлади. Биз айнан бугунги кунда нимага қодир бўлсак, шуни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Балки келажакда бундан ҳам юқори даражадаги дастурлар тақдим этармиз.

- Ўзбек шоу-бизнесида қайси хонандалар ижодига бефарқ эмассиз. Бир сўз билан айтганда, кимларни мириқиб тинглайсиз?
Т.: Биз иккаловимиз ҳам Севара Назархоннинг ижодларини жуда ҳурмат қиламиз ва ҳар бир қўшиқларини севиб тинглаймиз. Мен Юлдуз Усмонованинг ашулаларида катта бўлганман. Уларнинг қўшиқларини доим севиб куйлардим. Ўзбек тилини ўрганишни уларнинг ашулалари билан бошлаганман.
С.: Эстрадамиз асосчиси Ботир Зокиров, «Ялла» ансамблининг етук хонандаси Фарруҳ Зокировнинг қўшиқларини севиб тинглайман.

alt

- «Бугунги эстрада қўшиқлари саломатликка фойда экани исботланди. Ўттиз йилки ногиронлик аравачасига михланган киши фалон гуруҳнинг концертида... шартта ўрнидан туриб, чиқиб кетди», деган эди адабиётшунослардан бири. Бу каби кинояга сизнинг муносабатингиз?
С.: Биласизми, яхши ижодкорлар ҳам бор. Шунчаки, олдин санъаткорлар танилиш учун радио, телевидение эфирларидан фойдаланишган бўлса, ҳозир интернет тармоғи ривожланиши натижасида танилиш осон бўлиб қолди. Профессионал қўшиқчилар билан тенгма-тенг ҳаваскорлар ҳам ўз ижод маҳсулини интернет орқали дарров кенг оммага танитиш имконига эга бўлдилар. Лекин, бу дегани бутун бошли эстрада шу даражага тушиб кетди дегани эмас. Сифатли қўшиқлар яратаётганлар ҳам талайгина.
 

- Хўш, қачон томошабинни миллий қўшиқчиликка қайтариш имкони бўлади. Бу учун нима қилиш даркор?
С.: Ҳозирда мақомчиликни ривожлантириш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Фарғонада Мақом мактаби очилди. 2018 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом анжуманининг ўтказилиши режалаштирилган. Энг кераклиги мақомга қизиқиш катта. Биз ҳам ўз навбатида қўлимиздан келганча мақомчиликни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз. Ҳар бир альбомимизда камида битта мақом бўлишини режалаштирганмиз.
 

- Сарвар ака Сизни яккахон хонанда сифатида ҳам эслаймиз. Ўша даврда яратган тароналарингиз жуда машҳур бўлган. Лекин ижодингизни дуэт тарзида давом эттиришга қарор қилдингиз. Бунга нима сабаб бўлди?
С.: Техникумни анъанавий қўшиқчилик йўналиши бўйича тугатганман. 1999 йилда Консерваторияга ўқишга кирдим. Овозимни эшитиб кўриб, Академик вокал йўналишида таҳсил олишим кераклигини маслаҳат беришди. Ўша дамларда Мурод исмли курсдошим билан дўстлашиб, гуруҳ тузишга қарор қилдик. Сабаби ўша пайтларда Backstreet Boys, ’N Sync деган гуруҳлар жуда оммалашган эди. Уларга ҳавас қилиб, ўзимиз ҳам гуруҳ ташкил қилганмиз.

alt

- Татьяна билан илк танишишингиз қандай кечган?
С.: Татьянани илк марта давлат тадбирида кўрганман. Ундан олдин телевизорда ҳам кўрган эдим, лекин гуруҳ тузиш, устига-устак оила қуриш тушимга ҳам кирмаган эди.
Т.: Бир тадбирда, саҳна ортида турганимда жуда чиройли овоз эшитганман. Саҳнада Сарвар куйлаётган эди. Унда бир-биримизни танимас эдик. Бу бизнинг илк учрашувимиз эди. Лекин танишмаганмиз, шунчаки бир-биримизни кўрганмиз. Кейинчалик Сарвар гуруҳга қиз вокалист қидираётганини эшитганлар мени таклиф қилишган. Таклифни менга билдиришганда, мен рад жавобини берганман. Чунки ўша пайтларда мен ҳаётда ўз ўрнимни қидириш билан банд эдим. Қўшиқчиликни ташлаб, аэропортга ишга кирган эдим. Лекин, бир ой аэропортда ишлаб кўриб, бу менинг ишим эмаслигини, мен куйлаш учун яралганимни тушуниб етдим ва Сарварнинг таклифини қабул қилдим. 
 
- Айтингчи, бир-бирингизнинг қайси жиҳатларингизни кўпроқ ҳурмат қиласиз?

С.: Режалаштирган ишим амалга ошмай қолса, асабийлашаман. Ўзимни чалғитишга ҳаракат қиламан-у, лекин барибир ичимни кемириб туради. Шунақа пайтларда Татьяна қувноқлиги билан кўнглимдаги бор ғуборларни тарқатиб, кайфиятимни кўтаради.
Т.: Сарвар жиддий, узоқни кўра оладиган, режа билан иш кўрадиган инсон. Бу жуда яхши хислат деб ҳисоблайман.

- Фарзанд тарбиясига кўпроқ ким вақт ажратади?
С.: Иккаламиз учун ҳам фарзанд тарбияси – маъсулият. Ҳар иккимиз бирдек вақт ажратишга ҳаракат қиламиз. Ўғил бола бўлгани сабабли, тарбиясини албатта, ўз қўлимга олгим келяпти. Бир сўзли, ваъдасига вафоли, оқ билан қорани ажрата оладиган, ота-онасига меҳрибон фарзанд бўлсин дейман.
Т.: Биз банд бўлган маҳал бувижонлари, энага ёрдам беради.  

- Сарвар ака фарзандли бўлганингиздан кейин Татьянада қандай ўзгаришларни сездингиз?
С.: Ҳар доимгидан босиқроқ бўлди. Олдин ўзи устида шахс сифатида ишлаган бўлса, ҳозир она сифатида ишлашни бошлади. Болалар тарбияси ҳақида китоблар ўқишни бошлади.

- Татьяна сизчи? Сарвар акада кандай ўзгаришлар сездингиз?
Т.: Янада улғайди, янада жиддийлашди. Фарзанд тарбиясида ҳам, ўзаро муносабатларимизда ҳам ўзининг аниқ нуқтаи назари ва позицияси бор.

alt

- Характерингизни ўхшаш тарафлари борми?
С.: Албатта, бор. Қандай ишга қўл урмайлик, муҳаббат билан ёндашамиз. Ёқмаган ишни бошлаб ҳам ўтирмаймиз.
Т.: Икковимиз ҳам ҳақиқат тарафдоримиз. Доим рост гапиришга ҳаракат қиламиз. Ёлғонни ёмон кўрамиз. Жуда ҳам ишонувчанмиз.

- Ишонувчанлигингиз панд берганми? Ва панд еган инсонингизга яна ишона оласизми?
Т.: Панд еган пайтларимиз ҳам бўлган. У инсонга яна ишонишга ҳаракат қиламиз. Унинг яхши тарафларини қидирамиз. Унинг ўзгаришига ишонамиз.
С.: Ҳар бир инсон адашиши мумкин. Адашган инсонни ҳаётингиздан юлиб ташлашга шошилиш керак эмас. Вақти-соати келиб, у инсон хатосини тушуниб етади ва қилган ишидан пушаймон бўлади.

- 8 март яқинлашиб келмоқда. Татьянага совға танлашда нималарга эътибор берасиз?
С.: Совға сюрприз бўлса янада ёқимлироқ бўлади. Татьянада менга яна бир жуда ёқадиган тарафи – арзимаган совғагаям жуда хурсанд бўлади. Уни хурсанд қилиш осон.
 

- Ва 8 март байрами муносабати билан аёлларга табрикларингизни етказишингиз мумкин.
С.: Аёл – бу она, опа, сингил, рафиқа. Аёл – нозик ҳилқат. Доим соғ-саломат бўлишсин, юзларидан кулгу-табассум аримасин. Барча аёлларга оналик бахти насиб этсин.

alt

Суҳбат Cookbook қаҳвахонасида бўлиб ўтди. Масканга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 09-03-2018

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг