Театр актрисаси Нигина Анарбаева билан суҳбат
Қисқа маълумот:
Нигина Анарбаева 1989 йил 3 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Оилада 2 фарзанд, укаси бор. 2006-2010 йилларда ҳозирги Ўзбекистон давлат Санъат ва Маданият институтида таҳсил олган. 2010 йилдан буён Ўзбек Миллий Академик драма театрида актриса сифатида фаолият юритиб келмоқда.
- Ҳозирда нима ишлар билан бандсиз? Нималар ҳақида ўйлаяпсиз?
- Ҳозир иш кўп. Хусусан, театрда Мольернинг «Тартюф» комедияси саҳналаштирилаяпти. Унда Мариана образини яратяпман. Бундан ташқари, Ёлқин Тўйчиев сценарийси асосида режиссёр Мирмақсуд Охунов билан янги «Ришта» бадиий фильми устида ишлаяпмиз. Шунингдек, «Мени ёлғиз қолдирма» ва «Еттинчи қават» хусусий фильмларида суратга тушяпман. Бу орада баъзи клипларга ҳам вақт топяпман. Хуллас, бу мавсумда ҳар куни иш қизғин.
- Нима деб ўйлайсиз, сизни халққа қайси ролингиз машҳур қилди ва буни ўзингиз олдиндан сезганмисиз?
- Мени айнан бир ролим халққа танитган деб ўйламайман. Секин асталик билан танилиб келяпман. Масалан, театрда томошабинлар мени «Ўзбекча рақс»даги Маша ролим (россиялик келин) орқали билишади. Кинода эса «Шунқорлар», «Умид» каби фильмлар билан танилдим. Бундан ташқари Алишер Файзнинг «Армон» қўшиғига ишланган клипдаги ижройимни мухлисларим ҳалигача эслашади. Лекин кўпчилик мени Kino life кўрсатувининг бошловчиси сифатида билади. Баъзида кўчада одамлар сиз биринчи журналист бўлиб, кейин актриса бўлганмисиз, деган савол беришади. Ваҳоланки, мен биринчи актриса бўлиб, кейин журналистика соҳасида фаолиятимни бошладим.
- Ҳа айнан сизни машҳур қилган «Ўзбекча рақс» спектаклига тўхталсак. Унда чет эллик Маша исмли қиз ролини ижро этдингиз. Хўш, бу ижродан қай даражада қониқдингиз?
- Устозим Турғун Азизов режиссёрлигида саҳналаштирилган ушбу спектаклдаги қаҳрамонимни жуда яхши кўраман. Ундаги ҳар бир сўз, ҳаракатлар менга ёд бўлиб кетган. Бу ролни дастлаб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, севимли актрисам Лола Элтоева ижро этган. Улардан сўнг менга насиб этди. Ўша пайтда ҳали талаба эдим. Айнан мана шу ролдан кейин мен театрга ишга қабул қилинганман.
- Яратган образнинг руҳий ҳолатидан қандай чиқиб кетасиз?
Бундай ҳолатда энг зўр таскин томошабин олқиши. Агар ролимни мазза қилиб ўйнасам, ижроимдан қониқсамгина образ ҳолатидан тезда чиқиб кетаман. Мен ўзимни мажбурламайман. Аксинча ғуборларим чиқиб кетади. Бировдан хафа бўлиб, асабийлашиб қолган бўлсам ролдаги йиғидан мазза қиламан.
- Ролларингиз асосан театр саҳнасида. Кинода жуда камнамосиз. Ёки таклифлар бўлмаяптими?
- Асосан, сериаллардан бош тортяпман. Сабаби жуда кўп вақт олади. Биласиз, оилалиман. Лекин Худога шукр оилам тинч. Қайнона, қайнотам жуда яхши инсонлар. Касбимни ҳурмат қилишади. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари орқали ўз касбий фаолиятимни давом эттиряпман.
- Устоз ва шогирд анъанаси...
- Бизнинг театрда профессионал актёрлар кўп. Ҳар бирининг ўз ўрни бор. Тўти Юсупова, Рихси Иброҳимова, Яйра Абдуллаева, Ёқуб Ахмедов, Эркин Комилов бу актёрлар театримизнинг устунлари. Уларнинг ҳар биридан нимадир ўрганишга ҳаракат қиламан. Улар жуда катта мактаб кўришган. Ҳар бир сўзларида катта маъно бор. Кўпроқ мулоқотда бўламан. Фикр алмашамиз. Вақти келганда танқид қилишса, албатта ижобий қабул қиламан. Биринчи устозим деб бувижонимни айтаман. У киши мени санъат соҳасини танлашимга туртки бўлганлар. Кейин олийгоҳ ва театрда Турғун Азизов ва Замира Ахмедовалар менга устозлик қилишган.
- Зулфиқор Мусоқовнинг «Новда» фильмида эпизодик ролда гавдаландизу, лекин ролингизнинг аҳамияти катта. Демоқчиманки, фильмдаги Камолга турмушга чиқиб, қишлоқда қолишни истамай, шаҳарлик бошқа йигит билан қолишни маъқул кўрдингиз? Бу кино албатта, аммо шахсий ҳаётингизда шундай вазиятга дуч келганингизда қандай йўл тутардингиз?
- Албатта, ўйлантирадиган савол... Мен ҳаётда бирор қарор қабул қилишда ҳиссиётга эмас, аксинча ақлга таянаман. Мен учун атрофимдаги яқинларимнинг фикри муҳимроқ. Масалан, ота-онамга қайси йўлни танласам маъқул бўлади, шунга ўхшаш. Мени ҳаётий фаолиятим қайси жойни талаб қилишидан қатъий назар, яқинларимга қайси томон самарали бўлса шуни танлайман.
- Мухлисларга жуда қизиқ: турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз? Турмуш ўртоғингизнинг қайси фазилатларини қадрлайсиз?
(Ўйланиб) Ҳар доим ҳам инсон ўзи режалаштирган ишлари бўлавермас экан. Тақдирда ёзилгани бўларкан... Биринчи қайнонамлар совчиликка келишган. Шундан сўнг учрашувга чиқдим. Қарийб етти йил деганда турмуш қурдик. Биз ҳар доим дўстона муносабатда бўлганмиз. Икки ёки уч ойда бир кўришардик. Орадан етти йил ўтиб турмуш қурдик. Ростини айтсам турмуш ўртоғим яхши инсон, жуда ақлли ва жуда сабрли эканликларини ҳурмат қиламан. Муҳими касбимни тушунадилар.
- Ҳамма санъаткорни ўзига маъқул келган партнёри бўлади. Нигина Анарбаеванинг яхши партнёри ким?
- Партнёр танламайман. Актёр ҳар қандай шароитга мослашиши керак. Аксинча, партнёр ролини яхши ўйнолмаса унга ёрдам бериши лозим.
- Чет эл актёрларидан кимни ёқтирасиз ва нима учун?
- Болалигимдан Аль Пачинони жуда яхши кўраман. Унинг роллари доимо кишини ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундайди. Унинг «Чўқинтирган ота» фильмидаги ижроси жуда ёқади. Охирги қисмида қизини ўлдириб кетишади. Айнан мана шу вазиятдаги унинг руҳий ҳолати ҳалигача хотирамда сақланиб қолган. Бундан ташқари, Мэрил Стрип, Одри Хепберн, Натали Портман, Брэд Питт ва Леонардо Ди Каприоларнинг ижодига ҳам қизиқаман. Уларнинг ижросини доим кузатиб бораман ва маҳоратимни оширишга ҳаракат қиламан.
- Адашмасам, Ҳосила Раҳимованинг бир клипида суратга тушиш жараёнида отдан йиқилиб тушгансиз. Ҳаётингизга хавф соладиган мана шундай ҳолатлар кўп бўлганми?
- (Кулади). Эсимда 2015 йилнинг апрель ойи эди. Клипда Барчин ролини ижро этгандим. Съёмка жараёни Ангрен тоғида бўлган. Отни жуда яхши кўраман, болалигимда ҳатто от спорти билан шуғулланганман. Кийимларим тарихий, дўппимни оппоқ сочлари ҳам бор эди, менимча от шундан хуркди шекилли, жиловини тортишимни биламан, у чоптириб кетди. Ҳамма қўрқувда. Отни тўхтатай деяпману, отнинг тезлиги янада ошарди. Борган сари вазият ёмонлашди, кўзимни чирт юмиб отдан сакрадим. Лекин отни барибир яхши кўраман ва бу воқеадан сўнг яна отга минганман.
- Ҳозирда санъаткор қизларнинг дугона бўлиши урфга кирган. Сизнинг ҳам санъат оламида дугонангиз борми ва уни қайси фазилатларини ҳурмат қиласиз?
- Ҳа бор. Санъат оламидаги энг яқин дугонам Шахло Темирова. Кўпинча кино ва съёмкаларда учрашиб қоламиз, театрда эса доим биргамиз. Муаммоларимизни бир-биримиз билан бўлишамиз. Сирдошмиз. Шахло жуда жиддий, мен эса шаддодман. Муҳими у мени ҳар қандай вазиятда ҳам тушуна олади. Баъзида шундай ҳолатлар бўладики, менда юзага келган муаммони ҳеч кимга айтгим келмайди. Мана шундай дамларда у мени ҳаммадан ҳам кўпроқ тушунади.
- Ёлғон гапириб турасизми? Қандай ҳолатларда?
- Ҳа гапириб тураман. Баъзи ҳолатларда вазиятдан чиқиб кетиш учун ёлғондан фойдаланаман. Боҳона ўрнида қўллашим ҳам мумкин. Лекин кимнингдир ҳаётига дахл қиладиган жиддий ёлғондан йироқман.
- Инстаграм ижтимоий тармоғидан нима мақсадда фойдаланасиз? Ёки бу сизга реклама вазифасини ўтайдими?
- Одиийгина қизиқаман, холос. Асосийси ичимдаги қайсидир ҳиссиётларни хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон шу ҳолатни сурат ёки сўзларда ифодалашни истайман. Лекин ашаддий фанат эмасман. Балки қайсидир маънода реклама бўлиши ҳам мумкин. Билмадим.
- Сиз учун клип ва реклама...
Бу пул. Рости фақат пул. Театр ва кино бу мени касбим. Лекин клип ва реклама фақат пул.
- Санъатга кириб нима топдингизу нима йўқотдингиз?
Ҳамма нарса топдим. Тинчликни йўқотдим, холос. Санъатда ўз касбимни топдим. Муҳими кимдир мен билан қизиқади, демак мен кимгадир керакман.
Қисқа ва лўнда:
- Кўп ишлатадиган сўзим...
- Анақа
- Севимли таомим...
- Гампан
- Сўнгги ўқиган китобим...
- Ўткир Ҳошимов «Дунёнинг ишлари», Джон Майкл Грин «Бумажные города»
- Сўнгги кўрган ва таъсирланган фильмим...
- «Фатмагулнинг айби нима?»
- Энг севимли мультфильм персонажим...
- Бель «Соҳибжамол ва махлуқ»
- Хафа бўлсам...
- Харид қиламан ёки ёлғиз сайр қиламан
- Хафа қилсам...
- Узр сўрайман
- Бирга роль ўйнашни истайман...
- Сергей Безруков билан
- Тақдир тухфа этган энг олий бахт...
- Ҳаёт
- Аёл бахти...
- Cевиб, севилиш ва хотиржамлик.
ИЗОҲЛАР 0