Улуғбек Раҳматуллаев билан суҳбат
— АҚШ бўйлаб бўлган гастроль сафаридан қайтдингиз. АҚШдаги мухлислар билан юртимиздаги мухлисларингиз орасида қандай фарқни ҳис этдингиз? Бўлиб ўтган концертларга тўхталиб ўтсангиз.
— Америка Қўшма Штатларидаги мухлисларимиз бизни жуда ҳам соғинганликларини ҳис этдим. У ерда ҳаётида мени бир марта ҳам кўрмаган инсонлар бор эди ва айнан улар бу учрашувларнинг ҳар бир дақиқасидан иложи борича унумли фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Чунки улар менинг ижодим билан фақатгина интернет орқали таниш бўлганлар. Мухлисларим қаерда истиқомат қилишларидан қатъий назар, менга ҳар бири қадрли ва улар учун ижод қилишдан чарчамайман.
— Нью-Йорк, Чикаго, Лос-Анджелес шаҳарларида бўлдингиз. Қайси бири сизга кўпроқ ёқди? Бу шаҳарларнинг қайси жойларида бўлишга улгурдингиз?
— Америкада бўлиш орзуларимдан бири эди. Худога шукур, орзуим амалга ошди. Менга АҚШнинг ҳар бир штати, ҳар бир жойи, одамлари ҳам жуда ёқди. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир соҳада жуда ривожланган давлат. Имконият бўлса, бориб кўришга арзийди. Янги ижод учун ажойиб куч ва ғоялар билан қайтдим.
— Мухлисларга сўнгги тақдим этган ижод маҳсулингиз бу «Қизалоғим» қўшиғига суратга олинган таъсирли видеоклипингиз бўлд. Ҳозирда қандай қўшиқлар ёки клип устида ишлаяпсиз?
— «Қизалоғим» номли таронамиз ва унга ишланган клип мухлисларимиз томонидан ажойиб кутиб олинди. Ҳаттоки, Лос-Анжелесда ҳам шу таронани сўрашди. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Мана бир неча кун аввал «Алвон лолалар» номли қўшиқни премьерасини ўтказдик. Мазкур қўшиқ концерт дастурида ижро этилгандаёқ мухлислар томонидан жуда илиқ қабул қилинган эди. Насиб бўлса, мухлисларимиз тез кунда Ёдгор Носиров билан биргаликда суратга олган клипимизни томоша қилишга муваффақ бўладилар. Бу клип ажойиб сюжет ва янгиликларга бой бўлади.
— Эстрадамизнинг кўпгина аёл хонандалари билан дуэт куйлагансиз. Шаҳзода билан айтган қўшиқларингизнинг барчаси хит бўлади десак муболаға бўлмайди. Дуэтдошингиз ҳақида фикрингиз?
— Мен ҳар бир дуэтдошим ҳақида фақат яхши фикрлар айта оламан. Чунки мен ҳеч қачон уларнинг мавқеи ёки даражасидан келиб чиқиб қўшиқ куйламаганман. Аксарият ҳолатларда ўзим таклиф қилганман. Ҳар бири ажойиб инсонлар. Дуэтдошларим инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ҳурмат қиламан.
— Яна ким билан дуэт куйлаган бўлар эдингиз?
— Ундай санъаткорлар кўп. Улардан бири бу - Сами Юсуф.
— Кўп йиллардан бери талабгир хонандалардан бири эканлигингизнинг сири нимада деб ўйлайсиз?
— Ижодимдаги ютуқлар ҳақида нима ҳам дейишим мумкин. Кимгадир, ниманидир исбот қилиш учун ижод қилмайман. Энг муҳими, қўл урган ишимни чин дилдан қиламан ва бу қадрланади. Ва ўз-ўзидан Аллоҳ файзини беради. Мен кўпроқ дуо олишга ҳаракат қиламан. Ижодимнинг бошқа сири йўқ.
— Райҳон: «Улуғбек Раҳматуллаевнинг бир хислати бор, у хит таронани дарров ҳис этади. Масалан, «Томчи» қўшиғим хит бўлишини айтган эди», - деган. Хонанда бирон-бир қўшиқни хит бўлишини қандай билади ёки ҳис этади?
— Ҳа, «Томчи» қўшиғи чиққанда ўзим қўнғироқ қилиб, тез клип олиши кераклигини айтдим. Қўшиқ жуда ҳам зўр чиққан эди. Мен кўпроқ биринчи таассуротга ишонаман ва шу пайтга қадар кўпинча тўғри чиққан. Баъзи қўшиқлар айнан клип суратга олингач хит бўлади. Мен шунчаки фикримни айтишни яхши кўраман. Райҳон томонидан менга берилган таърифга келсак, хурсандман. Лекин мен ҳам бандаман, адашишим мумкин.
— Санъаткор қандай юксалади деб ўйлайсиз?
— Сабр, ҳалоллик ва меҳнат орқали.
— Инсон борки, хато килади. Аммо, ундан хулоса чикариш салоҳияти ҳаммага ҳам насиб килавермайди. Сизчи, хатолардан қилинган хулосалар кейинги ҳаракатларга ижобий таъсир этишига ишонасизми?
— Албатта, хатолар кўп, менда ҳам бор. Энг кераклиги уларни вақтида ҳис қилиб, бошқа қайтармасликдир. Мен хатоларим устида ҳар куни ишлайман.
— Дейлик ҳамкасбингизнинг бирор ижроси сизга маъқул келмади бошқаларга ҳам. Шуни унга айта оласизми ёки ҳеч нима димасликни маъқул кўрасизми?
— Олдин бемалол айтар эдим. Ҳозир етти ўлчаб, бир кесаман. Жуда яқин инсоним бўлса айтаман, лекин, омма олдида эмас, алоҳида. Ҳақиқий дўстлик ҳам шунда билинади.
— Рақобат бор жойда ўсиш борлигига ишонасизми? Рақобатчингиз борми?
— Албатта бу фикр тўғри. Рақобат яхши нарса, агар у соғлом бўлса. Мен ўзимга кимнидир рақобатчи сифатида кўришни хоҳламайман. Олдин бўлгандир, лекин ҳозир йўқ. Худога шукур, ўз ўрнимга эгаман. Ўз ўрнига эга бўлмаганлар менимча рақобатда бўладилар.
— Мағлубият сиз учун нима?
— Ўз принципларимга қарши чиқиш.
— Шахс сифатида энг катта ютуғингиз нима деб ўйлайсиз?
— Аллоҳни таниганим.
— Юртимизнинг гўзал жойлари кўп. Боришни хоҳлаган, аммо хали бора олмаган жойларингиз борми? Масалан қаерлар?
— Аллоҳга шукур, жаннатмакон Она диёримнинг ҳар бир гўшасига бордим, боряпман. Мен учун Ватанимни ҳар бир жойи муқаддас. Неча марта борсам ҳам, боргим келаверади. Кўпроқ зиёратгоҳларга боргим келади, чунки ўзимни у ерларда енгил ҳис этаман.
— Хориж эстрадасидан кўпроқ кимларни тинглашни хуш кўрасиз?
— Брайн Адамс, Жастин Тимберлейк, Рианна, Женифер Лопес, Энрике Иглесиас, улар жуда кўп. Мен меломанман десам тўғри бўлади.
ИЗОҲЛАР 0