ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Дефиле

Tashkent Fashion Week: 6-кун

712
0

Мода ихлосмандлари биринчи бўлиб  ёш дизайнерлар Умида Бабакулова, Муаттар Темирова ва Гулҳаё Хулкиеванинг коллекциясини кўришга муваффақ бўлдилар. Эркаклар учун яратилган тўпламдан попоп билан безак берилган бахмал пижаклар ўрин олган эди.

Кейинги дизайнерлар Зарнигор Аликулова ва Меҳрибон Жалилова миллий чопонларимизга ўзгача безак беришга ҳаракат қилганлар ва ҳар бир чопонга турфа хил жило беришни уддалаганлар. Ҳар бир чопонга мос равишда миллий зебигардонларимиз акси туширилган футболкалар тикилган.

Наталия Ногай томонидан яратилган либослар коллекцияси ҳарир матолардан яратилган кўйлаклар ва блузкали шимлардан иборат бўлиб, ассиметрик бичимда тикилган либосларда миллий матоларга алоҳида урғу берилган.

Хуршида Султон брендининг фесивалда намойиш этган либослар коллекцияси муҳташамлиги билан алоҳида ажралиб турди. Оппоқ ҳарир либослар ва уларга тикилган турли чопон ва нимчаларга мунчоқлар билан жуда нафис безак берилган.

Дизайнер Алия Шершенбиева коллециясидаги либосларда асосан оқ ва қора ранглардан фойдаланган. Ҳар бир образ миллий махсиларимиз билан якунланган.

Дизайнер Гулноза Саидова эркаклар ва аёллар учун қоракўлдан қишки кийимлар коллекциясини тақдим этди.

Фурқат Абдураҳмонов шифон, адрас ва шойи матоларидан либосларни тақдим этди. Турли бичимдаги оқшом либосларига қўшбурмалар, мунчоқлар ва тўрлар билан безак берилган.

Денис Томилин бу сафар бир хил кулранг матодан тикилган оқшом либосларини тақдим этди. Бу коллекциянинг бошқаларидан кескин фарқи моделлар учун эмас, балки катта ўлчамдаги аёллар учун яратилганлигида бўлиб, уларни оддий аёллар намойиш этишди. Ҳар бир либос кулранг тошлар билан безатилган.

Ёш дизайнер Умида Хамидова сидирға ва атласнусха адрас, шойи, ипак, бахмал, органза матоларини уйғунлаштирган холда яратилган оқшом либосларини тақдим этди. Плиссе қилинган матодан оқшом чопони, корсет ва кенг бичимдаги юбкалар ҳамда шимлар, ноаънанавий бичимдаги пиджаклар белбоғлар билан тўлдирилган.  

Фестиваль якунида Osiyo Ramzi Ўзбекистон дизайнерлар Ассоциацияси раиси Холида Комилова сўзга чиқиб, бу йилги Тошкент мода ҳафталиги натижалари ҳақидаги фикрларини билдирдилар.  Сўнг фестиваль иштирокчилари махсус дипломлар билан тақдирландилар.

alt

Тошкент мода ҳафталиги доирасида маҳорат дарслари ва мода намойишлари, жумладан Анъанавий ўзбек либослари намойиши, #beyoung ёш дизайнерлар танлови, Ўзбек дизайнерларидан муаллифлик намойиши, ҳиндистонлик машҳур дизайнер Риту Беридан либослар намойиши, National dress Fashion show ўтказилди. Шу билан Tashkent FashionWeek 2018 ўз ишини якунлади.

Тошкент мода ҳафталигининг барча кунларидан шарҳ бу ерда.

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 27-11-2018

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг