alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

Актриса Шаҳло Темирова қайси ролидан афсусда?

— Шаҳло Темированинг болаликдан бери энг катта орзуси

— Ёшлигимдан пианино чалишни жуда истаганман. Лекин яхши ўргана олмадим. Кейин қайта ҳаракат қиламан деганимда ишлар кўпайиб кетди. Вақт тополмай қолдим...

— Ҳаётда ва актёрлик соҳасидаги устозингиз ким?

— Аниқ бир кишини айта олмайман. Санъаткорнинг устози бўлмайди. Чунки у ҳар бир инсондан ниманидир ўрганади. Устозларим кўп. Айнан мазкур соҳага кириб келишимда Мунаввара Абдуллаева, Бахтиёр Тўраев ва Хайрулла Саъдиевлар яқиндан кўмак берганлар. Ҳаётдаги устозим эса Бахтиёр Тўраев деб айта оламан.

— Ҳаётда қаттиқ қўрқадиган нарсангиз?

— Кераксиз инсон бўлиб қолиш ва яқин инсонимни йўқотишдан қўрқаман.

alt

— Тасаввур қилинг сиз танлов ўртасида қолдингиз. Театр ва кино. Қайси бирини танлаган бўлар эдингиз?

— Танламасдим, иккаласини ҳам қучиб олган бўлардим (кулади). Чунки унисидан ҳам, бунисидан ҳам кечиш жуда қийин. Албатта, иккаласига ҳам осонликча эришмадим...

— Сиз учун бахт бу...

— Мен кичкинагина нарсадан ҳам бахтли бўладиган инсонман. Масалан, бугунги куним бекор ўтмагани бу — бахт. Муҳими ишим бор.

— Орзуингиздаги роль.

— Театрда Медея. Кинода билмадим, ҳали ўйлаб кўрмаганман. Лекин оғир, ўзига яраша юки бор ролларни хоҳлайман.

— Шаҳло, нима сабабдан ҳеч салбий роллар ижро этмайсиз?

— Бу аслида менга боғлиқ бўлмаган ҳолат. Ҳеч таклиф қилишмаган. Ташқи кўринишимдан келиб чиқиб, салбий ролга мос эмас деб ҳисоблашса керак. Лекин феъл-атворимдан келиб чиқиб айтишим мумкин-ки, агар салбий ролни ишониб топширишса қойилмақом қилиб ижро этиб бераман.

alt

— Ҳозиргача қабул қилганиздан афсусланган ролингиз бўлганми?

— Бўлган... Озод Шамснинг «Ёлғизлар» фильмида ижро этган ролимдан афсусдаман. Албатта бу режиссёрнинг айби эмас. Ҳеч кимни хафа қилишни хоҳламайман. Шунчаки бу рол менга мос келмади.

— Сиз, нима бўлган тақдирда ҳам, биргаликда суратга тушишни истамаган актёр борми?

— Йўқ, шундай актёр бор деб айта олмайман. Мен умуман одам ажратмайман. Аксинча, бирга роль ижро этишни жуда-жуда хоҳлайдиган актёрим бор. У киши Алишер Узоқов. Уларни актёр сифатида жуда яхши кўраман. Лекин ҳали бирга ишлаш бахтига муяссар бўлмаганман. Худо хоҳласа бу ниятим ҳам амалга ошади деган умиддаман.

— Ким билан партнёрлик қилиш сиз учун қийин кечган ва аксинча?

— Сабабини билмайману, лекин Бобур Йўлдошев билан роль ижро этганимда жуда ҳам қийналганман. Балки салобатлари босгандир, ўзим ҳам тушунолмаганман. Улуғбек Қодиров билан эса аксинча. Мазза қилиб ишлаганман. Жуда ҳам очиқкўнгил, меҳрибон инсон эканлар.

— Сиз ҳеч қачон қабул қила олмайдиган роль.

— Аёл киши мажбуран қандайдир ёмон йўлга кириб кетиши мумкин, лекин шу ишни билиб туриб қиладиган инсонлар ҳам бор. Масалан, ўзи истаб ёмон қиз бўлиш. Шу каби роллардан таклифлар бўлди. Аммо рад этдим. Шунақа вазиятлар бўладики, яхши бир қизни ҳаёт мажбур қилиб, ёмон томонга бурилиб кетади. Бунақа ролларни эса ўйнаган бўлардим.

alt

— Ҳаётда эришган энг катта ютуғингиз.

— Шукур-ки, нимани орзу қилган бўлсам, ҳаммасига эришиб келяпман. Оилам, фарзандим, севимли касбим бўлади, театрда ишлайман, деганман ва ниятларимга етдим. Ва, ҳозирда яна бир ният қилганман. Яъни, бутун дунёда севимли актриса бўлиш.

— Армонингиз борми?

— Армон (бироз сукунатдан сўнг) бўлмаса керак. Бўлмасин ҳам.

— Биламиз актёрларнинг бўш вақти кам бўлади. Дейлик, бўш вақт топдингиз. Шунда қандай йўл тутасиз. Тоза ҳавода сайр ёки уйда китоб мутолааси ва бошқа ишлар.

— Тоза ҳавода, табиат қўйнида сайр қилган бўлардим. Барибир ижодкормиз. Шунинг учун бўлса керак, табиатни яхши кўраман.

alt

— Инсонлардаги сиз ҳурмат қиладиган хусусият.

— Инсон, у хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин, қайси лавозимда фаолият юритишидан қатъий назар бир-бирига муносабати бир хил бўлсин. Яъни, инсон ажратмаслик керак.

— Ўзингизни қайси мультфильм персонажи билан қиёслай оласиз? Ва, нима учун?

— Чет эл мултфильмларидан: “Зверополис”даги бош қаҳрамон ролини ўзимга қиёслайман. Албатта, инсон ўзига катта баҳо бериши керакмас-у, аммо ўзимни ўша қаҳрамонга ўхшатаман. Чунки у ҳам роса курашиб ўз мақсадига эришади.

— 2015 йилда «Энг яхши театр актрисаси» номинацияси бўйича «Эътироф» мукофотига сазовор бўлдингиз. Шунда нималарни ҳис этгансиз?

— Бу мукофотни олган кунимнинг эртасига оналик бахтига муяссар бўлганман. Ўша пайтдаги ҳиссиётларимни ҳозир сўз билан ифодалай олмайман. Жуда кучли ҳаяжондан кейин туғруқхонага кетганман (кулади).

alt

— Сиз учун машҳурлик муҳимми?

— Муҳим. Мен ҳозирги кунимга осонлик билан эришмаганман. Жуда кўп меҳнат қилишим керак бўлган. Санъатда эса меҳнатингизни меваси бу – машҳурлик!

— Машҳурлик сизга нима берди?

— Мухлислар мени яхши кўргани бу — бахт. Яъни инсонлар меҳрини берди.

— Санъатга эндигини қадам қўяётган ёш актёр ва актрисаларга тавсиянгиз.

— Ҳаётда инсон турли қийинчиликларга учраши мумкин, лекин ортга қайтмаслиги керак. Фақат ва фақат олға интилиши лозим. Синовлар кўп, улардан эса ҳалоллик ва тўғрилик билан ўтиш керак.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 06-06-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг