alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

Хазонрезги томошабинлар эътиборига ҳавола этилди

Муҳташам Алишер Навоий киносаройида орзиқиб кутилган, барчада катта қизиқиш уйғотган «Хазонрезги» тўлиқ метражли бадиий фильмининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзининг «Осмондаги болалар», «Кичкина табиб», «Ватан», «Қўрғошин» каби қатор фильмлари билан ўзбек киноматографиясига салмоқли ҳисса қўшаётган, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг навбатдаги фильми маиший мелодрамма жанрига мансуб.

alt

Ҳар қандай фильмда ҳам ижодий жамоанинг ўз ўрни бор. Хусусан “Хазонрезги” да ҳам. Шу сабабли уларни санаб ўтамиз: 

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр - Зулфиқор Мусоқов;
Постановкачи оператор - Азиз Арзиқулов;
Постановкачи рассом - Фазлиддин Турдиев;
Бастакор - Мария Мусоқова.

altalt

Фильмда бош ролларни Бахтиёр Рахимов, Феруза Саидова, Бобур Йўлдошев, Шаҳзода Матжонова, Мунаввара Абдуллаева, Хайрулла Саъдиев, Жумадилла Раметов, Бахриддин Абдуллаев, Муяссар Бердиқуловалар маромига етказиб ижро этишган.  

alt

89 дақиқа давом этадиган фильмнинг ҳар дақиқасида томошабинда беиҳтиёр савол туғилади. Бу гапи билан нима демоқчи? Ёхуд ана у деталь қандай маъно англатади? Томошабин фильмни кўриш жараёнида жумбоқлар ичига тушиб қолгандек ҳис этади ўзини. Фильмнинг психиологик таъсир кучи ҳам айнан ана шу жумбоқларда яширинган. Аудиторияни кўпроқ ўйлашга, фикр-мулоҳазага ундайди. Шунингдек, кинода жуда кўп деталлардан фойдаланилган. Бу ҳам Зулфиқор Мусоқовнинг ҳеч кимникига ўхшамаган услубидан дарак беради. Қахрамонни камроқ гапиртириб, кўпроқ нигоҳи билан маълумот беришга ундаш айнан Зулфиқор Мусоқовга хос услуб дейишимиз мумкин. 

alt

– Мазкур фильм менинг илк дебют ролим. Бошида роса ҳаяжонга тушдим, – дейди Омина Чавандозова. - Сабаби дастлабки ролим ва яна профессионал режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан ишлаш. Лекин бу инсоннинг ҳар биримизга бўлган муносабати, самимий оҳангда ролимизни тушунтиришдан чарчамаслигини кўриб очиғи барча ҳаяжонларим йўқолди. Менга ёш, ҳали рўзғор юмушларига анчайин нунроқ келин роли ишониб топширилди. Турмушга чиқмаганлигим сабаб ролимни маромига етказиб ижро этишда кўп қийинчиликларга дуч келдим. Ана шу пайтларда Зулфиқор Мусоқовнинг насиҳатлари мени қийин вазиятлардан олиб кета олди. Мен бу инсон билан бирга ишлаганимдан жуда мамнунман". 

alt

Фильмнинг асосий мақсади – яхшиликнинг ёмонлик устидан доим ғалаба қилиши, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришдан иборат. 
Фильмнинг қисқача мазмуни – турли хил тақдирлар тараннуми, улар ҳаётида содир бўлаётган турфа ўзгаришлар, самимий севги-муҳаббатга қурилган мўжазгина оила ҳаёти, қахрамонларнинг ҳаётидаги нур ва сояларнинг ёнма-ён туриши ва бунда тўғри танлов кўп қийинчиликлар мағлубиятини муқаррар айлаши баён этилади. Фильмда қалб саҳийлиги, олийжаноблик ва бетизгин вақт ҳақида ҳам ҳикоя қилинади...

alt

Фильмни суратга олиш ишлари тўққиз ой давом этди, – дейди режиссёр Зулфиқор Мусоқов. - Фильмда жуда кўп янги қиёфаларни кузатишингиз мумкин. Актёр ва актрисаларни танлаб олдик. Ўйлайманки, танловда адашмадик. Фильм номи барчани қизиқтириши табиий. Фильмнинг асосий қисми куз фаслига тўғри келишини инобатга олиб, ҳамда “Ҳазонрезги” сўзини ёқтирганим сабаб айнан шу номни танладик. Ҳар бир ишда камчилик бўлади деганларидек, мазкур фильмда ҳам бироз камчиликлар бор. Фильмимдан 100 фоиз қониқдим, дея олмайман. Қолгани энди мухлислар эътиборига ҳавола. Ким қандай фикрга келади, кимга ёқади, кимгадир йўқ. Буни энди секин-аста кўраверамиз". 

Шаҳзода Матчонова, актриса:

alt

"Хазонрезгидаги ижройим мени буткул янгича қиёфада акс эттирмаган. Биргина фарқли томони ҳали ёши бироз ўтган, ҳали турмушга чиқмаган қахрамон ролини ижро этмагандим ва бу фильмда ўзига қатъий ишонган, ўз касбининг уддабурони, шифокор қиз ролини ўйнадим. Ролимнинг мақсади – ҳар ким ўз тақдирини ўз қўли билан яратади, деган тушунчанинг қанчалик ҳақ эканлигини  кўрсатиб бериш. Мен ажойиб режиссёр Зулфиқорака билан ишлаш менга завқ бағишлайди ва у инсондан кўп нарсани ўрганишим мумкин. Албатта ролим қанақа чиққанини билмайман. Қўлдан келганча ҳаракат қилдик. Портнёрим ҳам бунда менга катта ёрдам берди. Бобур Йўлдошевни жуда ҳурмат қиламан. Кинода ҳам айнан ана шу ҳурмат тушунчаси бўлсагина ҳар қандай актёр ролини маромига етказиб ижро этади". 

alt
 

Ҳасанхажаева Шарофат, актриса:
"Мен фильмда кичкинагина рол ижро этдим. Лекин айтишадию ролнинг катта кичиги бўлмайди. Муҳими ҳар қандай ролда ҳам актёр ўз қахрамони қиёфасини ишонарли қилиб очиб бериши. Бошида роса қўрқдим. Кичик рол бўлса ҳам қанақа қилиб очиб бера оламан деб. Лекин Зулфиқор ака бизга оталарча меҳр билан тушунтириб, баъзида ўзлари кўрсатиб бериб ўзимизга бўлган ишончни кучайтирдилар. Албатта ролимни кўриб, тўлиқ қониқиш ҳосил қилмадим. У ёғини бунуқа, бу ёғини бунуқа қилсам янада таъсирли чиқаркан деган ҳаёл ўтди. Энди томошабин хулосаси қолди, холос. Фильмда яна либос устаси сифатида ишладим. Бу билан ўзим учун катта амалиёт мактабига эга бўлдим, дея оламан". 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Рахимов:
"Самарқанд театри актёриман. Кинода биринчи марта бош қахрамон ролини ижро этишим. Аввал эпизотик ролларда кўриниб қолганман. Фильмда Авғон урушида қатнашган Қурбон роли топширилди. Қахрамоним жуда кўп қийинчиликларга учраган, зулм кўрган, лекин шунга қарамай доим инсонларга яхши муносабатда бўлувчи шахс. Ролим менга жуда маъқул бўлди. Ишонарли чиқиши учун ҳаракат қилдик. Зулфиқор Мусоқов сохталикни жуда ёмон кўради. Шу учун қахрамонларни жонли рол бажаришга уқтиради. Билмадим энди бўёғини томошабин хулосасига қолдирамиз".

 

Эслатиб ўтамиз, Хазонрезги фильми пойтахтимиз кинотеатрларида 18 мартдан бошлаб намойиш этилади. 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 18-03-2016

ИЗОҲЛАР 1

Aybek 20 март #
Фильм жуда ҳам мураккаб, диққат билан берилиб тамоша қилиш тақоза этади. Фильм, бир инсоннинг тақдири, унинг ҳаётидаги бурилишлар, имтиҳонлар, синовлар орқали ўзлигини йўқотмаслик ва албатда инсон деган юқори номга содиқ қолиши хақида томошабинларга мурожат қилади. Фильмда "майда", юки кам киёфаларнинг куплиги асосий ғоянинг тасиридан йироқлаштиради. Лекин, З.Мусоқовнинг барча фильмларида бўлгани сингари, картинадаги "юмор" инсонга яшашга бўлган ишлнчни баҳшида этади. Режияяерга янги фильмларида муваффақият тилаб қоламан, мен ишонаманки З.Мусоқов хали кўп яхши фильмларни суратга олади.
Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг