alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

«Исломхўжа»нинг ёпиқ тақдимоти бўлиб ўтди

Premier Hall кинотеатрида бўлиб ўтган тақдимотда фильм ижодкорлари, соҳа мутахассислари ҳамда журналистлар қатнашди.

alt

Фильм ХХ аср бошларида нафақат Хоразм музофоти балки, бутун Марказий Осиё ҳудуди, ҳатто Чор Руссиясининг амалдорлари орасида юксак нуфузга эга бўлган Хива хонлигининг бош вазири Исломхўжанинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Ўз даврининг тараққийпарвар, халқпарвар, давлат ва жамоат арбобларидан бири бўлган Исломхўжа 17 ёшидан хонликнинг савдо ва саноат марказларидан бири ҳисобланмиш Хазорасп беклигига хокимлик қилган, 26 ёшида Хива хонлигининг бош вазири этиб тайинланган. Валиахд Асфандиёр тўранинг ҳукмронлиги даврида Исломхўжа хонликнинг барча муҳим ва маъсулиятли вазифаларини ўз зиммасига олиб, кўплаб иншоатлар қурдирган. Қатор соҳаларда ислоҳотлар олиб борган. Бироқ, хонликнинг энг юқори амалдори, буюк ислоҳотчи Исломхўжа сирли равишда ўлдирилиб, ҳатто қотилликни фош этиш учун бошланган тергов ҳаракатлари босди-босди қилинган.
 

Фильмнинг суратга олиш ишлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ҳамда Хива, Тошкент шаҳарларида фильм учун махсус тайёрланган декорацияларда бўлиб ўтган.

Фильм ижодий гуруҳи Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлиб, буюк аждодимизнинг Россия билан боғлиқ фаолиятини ўрганиб қайтган. Бундан ташқари тайёргарлик ишлари 20 кундан ортиқ вақт мобайнида Хивада, архив ва музейларда 15 кун, Тошкентда муҳташам декорация тайёрлаш учун эса 20 кундан ортиқ вақт сарфланган.
 

alt

Фильмда бош ролларни Улуғбек Қодиров, Алишер Узоқов ҳамда Асал Шодиевалар ижро этишди. Шунингдек, фильмда Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммад Али Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов, Ҳошим Арслонов, Боир Холмирзаев, актёрлар Муҳаммад Исо Абдулхайиров, Ҳусан Жўраев, Азамат Ахроров, Элбек Файзиев, Акмал Мирзо, Бобур Айтмагамбетов, Гулруҳ Зокирова сингари актёр ва актрисалар роль ижро қилишган.

altaltalt

 

Жаҳонгир Аҳмедов, фильм режиссёри:

«Аввалига сценарий ҳужжатли фильм сифатида ёзилган эди, кейинчалик архив манбаларини ўргангач, жуда кўп маълумот тўплаганимиздан сўнг бадиий-публицистик фильмга ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Нимага тўлиқ бадиий фильм қилиб ишламадинглар деган савол туғилиши табиий. Жаомамиз ёш, тарихий фильм – бу жуда катта маъсулият. Шунинг учун катта фильмга тайёргарлик йўлида бадиий-публицистика жанрида ишлашга қарор қилдик. Бу жанрнинг яна бир яхши томони, ёшларга тушунарлироқ бўлишида қўл келади».

alt

Ҳусан Жўраев, актёр:

«Фильмда ёш тадқиқотчи образида намоён бўлганман. Реал воқеаларга асосланиб суратга олинган бадиий-публицистик фильм. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бу ролга мени таклиф қилишини кутмаган эдим. Уларни ёрдами орқали бу фильм суратга олинди. Қийинчиликлар кўп бўлди. Ҳар бир шахсни ўрганиб, унинг характерига урғу берган ҳолда суратга олишга ҳаракат қилдик. Мухлисларга ёқади деган умиддаман. Тарихда Исломхўжа каби ватанпарвар, фаҳрлансак арзийдиган аждодларимиз кўп. Секин-асталик билан уларнинг ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш ниятимиз бор. Тарихий фильмда илк маротаба суратга тушдим ва бундан жуда хурсандман».

alt

Элбек Файзиев, актёр:

«Фильмига кастинглар бошлангач, бордик, аввалига менга турк элчисини роли тавсия қилинган эди, лекин костюмларни кийганимиздан сўнг Жаҳонгир Аҳмедовнинг фикри ўзгарди, хон саройидаги амалдорлардан бири, Шехназарбой ролини таклиф қилишди. Фильм назаримда яхши чиққан, холис баҳони томошабинлар кўриб, ўзлари беришади».

alt

Фильм яқин кунларда кенг омма эътиборига ҳавола қилиниши режалаштирилган.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 16-08-2018

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг