alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
Кино

Кино янгиликлари


АҚШнинг Вашингтон шаҳрида «Ўзбек киноси ҳафталиги»

22-28 сентябр кунлари «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ва Жорж Вашингтон номидаги университет ҳамкорлигида АҚШнинг Вашингтон шаҳрида «Ўзбек киноси ҳафталиги» бўлиб ўтади. Киноҳафталик давомида ўзбек кинематографияси олтин фондидан ўрин олган «Тошкент - нон шаҳри» (режиссёр Шуҳрат Аббосов), шунингдек, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан турли йилларда суратга олинган «Дилхирож» (Юсуф Розиқов), «Паризод» (Аюб Шаҳобиддинов), «Осмондаги болалар» (Зулфиқор Мусоқов), «Ота» (Абдухалил Мигноров) фильмлари намойиш этилади. Мазкур маданий тадбир доирасида «Ўзбеккино» маъсуллари ҳамда Шуҳрат Аббосов ва Аюб Шаҳобиддинов каби ўзбекистонлик таниқли киноижодкорлардан иборат Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлади. «Ўзбек киноси ҳафталиги»да намойиш этиладиган барча фильмлар инглиз тилидаги субтитрлар билан ўзбек тилида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Вашингтон вақти билан намойишлар жадвали қуйидагилардан иборат:
22 сентябр, 18:30 - «Тошкент – нон шаҳри» (1968 й)
23 сентябр, 18:30 -  «Паризод» (2012 й)
24 сентябр, 18:30 - «Дилхирож» (2000 й)
25 сентябр, 17:30 - «Осмондаги болалар» (2002 й)
28 сентябр, 18:30 - «Ота» (2014 й)


Янги «Балли, Камолиддин!» бадиий фильми катта экранларда 

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан «Илк-фильм» киностудиясида драма жанридаги «Балли, Камолиддин!» бадиий фильми суратга олинди. 2014 йилнинг сентябр ойида ишлаб чиқаришга туширилган ушбу фильмни суратга олиш ишлари Тошкент вилоятининг Паркент туманида, Жиззах вилоятининг Маржонбулоқ қишлоғида шунингдек, Тошкент шаҳрида олиб борилган. Режиссёр Элёр Ҳошимов томонидан суратга олинган мазкур фильмда мамлакатимиздаги кичик ва ўрта бизнес ҳамда қишлоқ хўжалигининг ривожи, мазкур соҳаларда эл-юрт равнақи, Ватан шуҳратини ошириш йўлида меҳнат қилаётган ташаббускор ёшлар ва уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, картинада замонавий оила муаммолари, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатлар, ёшларнинг маънавий тарбияси каби мавзулар ҳам кўтарилган.

alt

Фильм бош қаҳрамони — яқиндагина олий ўқув юртини тамомлаб, нуфузли қўшма корхоналарнинг бирида иш бошлаган Камолиддин (Миролим Қиличев) тез орада ўзининг иқтидори, ташаббускорлиги билан жамоада тилга тушади. Шу боис уни қўшма корхонанинг хорижий мамлакатлардан биридаги ваколатхонасига раҳбар этиб тайинлашади. Аммо кутилмаганда унинг қишлоқда яшайдиган акаси Фазлиддин (Толиб Мўминов) автоҳалокатга учраб, вафот этади. Камолиддин икки ўт орасида қолади, хорижга кетиш керакми ёки марҳум акаси бошлаб қўйган ишларни давом эттириш керакми? У жиддий ўйлаб кўриб, иккинчи йўлни танлайди ва қишлоққа қайтиб, яқинлари кўмагида акаси экиб кетган писта дарахтларини парваришлашга киришади...
Ушбу фильм премьераси  22 сентябрда Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтади. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан тасвирга олинган мазкур фильмда Миролим Қиличев, Толиб Мўминов, Мадина Юсупова, Шаҳзода Матчонова, Бекзод Муҳаммадкаримов каби таниқли актёрлар суратга тушган. 
 
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, айни вақтда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмаси асосан тасвирга олинаётган «Барон» (режиссёр Рустам Саъдиев), «Ажал жодуси» (Ҳилол Насимов), «Ойқиз эртаги» (Акбар Бектурдиев), «Сўнгги пушаймон» (Нозим Жумаев), «Зурриёд» (Абдухалил Мигноров), «Масъума»(Ёлқин Тўйчиев), «Кузнинг бир куни» (Зулфиқор Мусоқов), «Толиққон кўнгиллар ойга талпинар»(Собир Назармуҳамедов) фильмларини суратга олиш ишлари давом этмоқда.

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 22-09-2015

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг