Мурат Йилдирим матбуот анжуманида қатнашди
Кўтаринки кайфиятда ўтган матбуот анжуманида журналистлар ва актёрнинг мухлислари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Жумладан, актёр илк бор сценарийни ўқиганида қандай таассуротга эга бўлганлиги ва сценарий нимаси билан унинг эътиборини тортганлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб берди:
«Мазкур фильм халқаро миқёсда олиб борилаётган жиноий ишлар ҳақида бўлиб, ёш ижодкор нуқтаи назари асосида суратга олинмоқда. Сценарийнинг ёзилиш услуби ва мазмуни мени жуда таъсирлантири ва мен суратга тушишга розилик билдирдим. Албатта. режиссёрнинг ҳиссаси ҳам катта. Ёш бўлишига қарамай, Канн кинофестивалида ўз фильми билан иштирок этишга улгурган ижодкор. Шу билан бирга менинг бу ерда бўлиб ўтадиган суратга олиш ишларида қатнашишим учун барча шарт-шароитлар ҳозирлиги сабаб мен таклифни қабул қилдим. Бундан бағоят хурсандман».
Ўзбекистондан фильмда суратга тушиш таклифи бўлишини кутганмидингиз деган саволга актёрнинг жавоби қуйидагича бўлди:
«Тўғрисини айтсам, мендан «Ўзбекистонда фильмда суратга тушиш таклифи тушса қабул қиласанми»,- деб сўрашган ва мен «Бўлиши мумкин», - деган эдим. Бу фильм шу саволга жавоб бўлди деса ҳам бўлади».
Таниқли актёр 2017 йилдан буён «Ким миллионер бўлишни истайди?» номли дастурда бошловчилик қилишни бошлаган. Мурат Йилдирим учун бошловчилик ва актёрликнинг қайси бири қийинроқ эканлиги билан қизиқдик:
«Биласизми, бир дастурда бошловчилик қилиш бироз қийинроқ, сабаби у ерда сиз ҳамма нарсани назорат қилишингиз керак, ундан ташқари ҳар бир ташриф буюрган меҳмонни кўнглини олиш лозим. Қулай тарафлари ҳақида гапирадиган бўлсам, актёрлик соҳасида ишимни чин дилдан, самимият билан бажаришимнинг ўзи кифоя, шу тарафдан бошловчиликда ҳам самимий, ҳамма билан бирдек муносабатда бўлиш ишимни анча енгиллаштиради».
Ўзбекистонда ватанингизга нима олиб кетган бўлар эдингиз деган саволга машҳур актёр:
«Сополдан ясалган лаганлар, чойнак ва пиёлаларингиз бор экан, жуда чиройли, шулардан сотиб олдим»,- деб жавоб берди.
Мухлисларидан бири актёрдан ўзбек халқи ҳақидаги фикрини сўраганда, у ўзбек халқини жуда яқиндан таниши, Туркияда қарийб 1 миллионга яқин ўзбеклар истиқомат қилиши ва улар ўзаро жуда самимий муносабатда эканликларини билдирди.
Мурат Йилдирим иштирок этган саҳналардан фотосуратлар билан бу ерда танишишингиз мумкин.
ИЗОҲЛАР 0