ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Кино

«Оташ ичра» фильми ёпиқ премьерасидан

2096
0

Картинада асосий роллар Дониёр Хафизов, Нигина Анарбаева, Элёр Носиров, Гавҳар Зокирова, Бегзод Ҳамроев ва Зарина Шириновалар томонидан талқин қилинган.

alt

Фильм сценарий муаллифи ва режиссёри Азизхўжа Азимов бўлиб, у узоқ йиллардан бери чет элда фаолият олиб боради, мазкур картина унинг мамлакатимизда суратга олган илк ижод маҳсулидир. Картина продюссерлари Олимхўжа Азимов ҳамда Баҳодир Дарвешевлар.

alt

Фильм ғояси ҳақида қисқача:

Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган нақл бор. Демак бола аввало ота-онадан ибрат олади, у нимани қилса шуни қилишга, хуллас унга эргашишга интилади. Мазкур картинада ҳам айнан мана шу ғоя илгари сурилади. Фильмда мана шундай оилалардан бирини кўрсатиш орқали бутун бир жамиятни қайсидир маънода ўрнакка чорлашга ҳаракат қилинган. Ота ҳарбий, ички ишлар ходими, бутун бир ҳаётини миллат, мамлакат тинчлиги, осойишталиги учун сафарбар этган. Бу шахс картинада кўрсатилмаган, аммо тирикларнинг у ҳақидаги хотираларидан буни яққол сезиш мумкин. У Ватан учун жонини фидо қилган. Она психолог. У турмуш ўртоғидан ажралгач ёлғиз фарзандини улғайтиради. Худди отасига ўхшатиб. Ҳақиқий ватанпарвар бўлиб, катта бўлган бола ҳам ота касбига яқин, ўт ўчирувчиликни танлади. Она юрак ховучлаб яшайди. Ўғлидан доимий хавотирда. Ҳаттоки унинг ўлимини «кутиб» яшайди. Чунки у Ватан хизматида, унга нима бўлишини хеч ким билмайди. Она Ватан учун ягона фарзандини ҳам қурбон қилишга тайёр. Бу иш барча онанинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу она эса ўзгача, у биргина ўзининг бахтсизлиги эвазига бўлса ҳам бутун бир жамиятни бахтли кўришга тайёр. Режиссёрнинг энг катта ютуғи — она ролини эмас, у она образини ҳеч кимникига ўхшамаган тарзда ярата олганидадир.

alt

Фильм якуни трагедия бўлиб, беихтиёр томошабинни ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди. Энг муҳими, бутун бир жамиятни, у хоҳ катта, хоҳ кичик, барчасини Ватан, муҳаббат, она деган тушунчаларининг мазмунини теран англаб етишга, шунингдек, ҳаётнинг асл мазмуни пулда эмас, кимгадир керакли инсон бўлиш, мақсадли яшашда эканлигини кўрсатиши билан тарбиявий аҳамияти юқори.

alt

Картина ғояси оригинал бўлмаслиги мумкин, аммо уни аудиторияга етказиб бериш усули ноодатий. Воқеалар ривожи томошабинга бирданига аёнлашмайди, тобора кадрлар ўзгариб, кутилмаган воқеаларга эгалиги билан томошабинни якунгача курсига «михлайди». Бундан ташқари картинада фойдаланилган трюклар ҳам жуда ишонарли чиққан. Албатта, актёрлар қийин саҳналарни ҳам ўзлари бажариб, ҳақиқий ролга кириб борган. Картинада профессионаллик хусусияти мавжудлиги яққол сезилади.

alt

Режиссёр Азизхўжа Азимов:

«Картинанинг умумий сьёмка жараёнларига бир ярим йил вақт сарфланди. Қисқа фурсатда олиш ҳам мумкин эди, аммо мен бундай ишлашни истамайман. Ҳар бир детал, актёрлар ижроси, ўзини тутишига эътибор қаратишим зарур. Маҳсулот секин бўлса ҳам пишиқ-пухта тайёр бўлишини хоҳлайман ва шунга ҳаракат қиламан. Шунингдек картинада трюк саҳналари бор, бунда хавфсизликни инобатга олиш шарт, бусиз бўлмайди. Бу ҳам анча вақт олади. Лекин бу ишда, яъни каскадёрлик бўйича менга устозим Алишер Ахмадқулов катта ёрдам бердилар. Мақсадимиз томошабинга озгина бўлса ҳам керакли «озуқа» бериш».

alt

Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров:

«Мени гоҳ гоҳида ғашим келади, асл касби бошқа, лекин қандайдир юз тузилиши тўғри келиб, бир ролга таклиф этишди. Бирданига уни актёр ёки актриса деб кетишади. Ваҳоланки, унинг санъатга умуман алоқаси йўқ. Нега шунақа? Кечирасизу мен касбимни жуда қизғонаман. Барча бу номга сазовор бўла олмайди. Авваллари хаваскор, деган сўз бўларди. Ҳозир деярли ишлатилмайди. Битта рол ўйнаса ҳам у актёр бўлиб қолмоқда. Барибир у санъат соҳасида ўқиган актёрдек чин юракдан ҳис этиб ўйнай олмайди. Матнни ёдлаб олиб, шу ерда йиғлаш керак бўлса йиғлайди, кулиш бўлса кулади (мажбуран). Ҳақиқий актёр эса ролга шундай кириб кетадики, йиғи ҳам кулги ҳам ўз-ўзидан келади. Айтмоқчи бўлганим, бу картинага хаваскорлар эмас, санъат тилини тушунадиган маҳоратли актёрлар жалб этилди. Мен бу фильмдан ижодий қониқиш ҳосил қилдим. Тўғри ролим унчалик катта эмас, икки кунлик сёмканинг ўзидаёқ олиб бўлинди, аммо режиссёр билан кўп маслаҳатлашиб, фикрлашиб ишладик. Азизхўжанинг шу хусусияти, яъни ўз ишига сидқидилган профессионал ёндашуви, ҳар бир деталга алоҳида аҳамият қаратиши, ҳеч бир ҳолатни эътибордан қолдирмаслиги менга жуда ёқти. Ўйлайман картина ўз томошабинини топади».

alt

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова:

«Биринчи сценарий билан танишганимдаёқ, менга жуда маъқул келди. Негаки, Ватанига хизмат қилиш, унинг тинчлиги учун боридан кечиш ҳақида биз тилда кўп гапирамиз, лекин амалда деярли йўқ. Шу вақтгача бундай фильм йуқ эди. Ҳозир кўпайиб кетган севги-муҳаббат ҳақидаги картиналар. Маиший мавзуларга ўралашиб қолаётгандекмиз. Лекин бу картина бундан йироқ. Она ролини ижро этдим. Шу вақтгача ўйнаган она ролларимдан фарқи катта. Ҳар бир кунига шукрона айтиб, мамнун яшайдиган она. Ҳозир қизлар келин бўлмасиданоқ, қайнона ёмон деган тушунчада бўлиб юради. Аммо бунда келин ва қайнона дугона бўлади. Индаллоси шуки, инсон туғилиб ўсган жойига нисбатан муҳаббати бўлсагина, ҳаётда яшашдан мақсади бўлади. Мақсадимиз ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш».

alt

Картина якунланмагунича ҳеч ким ўрнидан силжимади. Аёнки фильм тошашабинни эътиборсиз қолдирмади. Экран ёпилгач, жуда илиқ фикрлар айтилди.

alt

Рустам Сагдулллаев, актёр:

«Ўзбек киносидаги янги очилиш дейишим мумкин. Ҳақиқатда профессионал режиссёрлик иши мавжудлиги сезилади. Актёрлар жамоасини-ку билиб танлаган. Чунки картинанинг асосий муваффақиятини ҳам актёрлар белгилаб беради. Хуллас, фикрим жуда зўр ижодий маҳсул бўлган».

alt

Ноиба Хожиева, тиббиёт ходими:

«Фильмни йиғлаб кўрдим. Жуда катта таъсир қилди. Бу яқин ўртада бунақа фильм томоша қилмагандим. Очиғи, бардошли, мулоҳазали она роли ҳеч бир аёлни эътиборсиз қолдирмайди. Ишонаман, картина томошабинга керакли таъсир кўрсатади».

Премьерадан фоторепортажни ҳукмингизга ҳавола этамиз.

altaltaltalt

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 17-07-2017

ИЗОҲЛАР 0

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг