ТОШКЕНТНИНГ БАРЧА ВАҚТИЧОҒЛИКЛАРИ

alt alt    alt

 
КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
Концертлар ва шоу

Ж.Отажоновнинг "Live"и! бу концертни шунчаки баҳолаб бўлмайди!

1385
3







 
“Истиқлол” санъат саройи. 10,11,12-апрел. Жаҳонгир Отажонов концертига тушган одам борки, неча баҳо қўйишга боши қотди. Аъло десанг, камлик қилади. Бебаҳо десанг, жуда кўплик қилади. Концертда на бошловчига, на қизиқчига, на пардоз-андозчию костюмчига ҳожат бўлмади! Омма билан мулоқотни ҳам, табассум улашишни ҳам хонанданинг ўзи уддалади. Башанг уст-бош, дизайнерларнинг махсус ишига ҳам мурожаат йўқ! Асосий хизмат кўрсатганлар сафида эса дастрўмол ва пахтагулли чойнак-пиёла бўлди! Келинг, барчасига батафсил қуйида тўхталсак.
ТАФСИЛОТЛАР: 


 
1. Концертнинг уч куни ҳам уч хил ўтди. Жонли бўлгандан кейин шу-да, хоҳлаган қўшиғингни истаган жойингда куйлайсан! Хоҳлаганингча! 


 
2. Саҳна декорацияси оригиналлиги билан эътиборни қозонди. Баҳайбат экран ҳайратларига ҳожат сезилмади! Қип-қизил тўртбурчак шакллар ичидаги чироқлар қўшиқларга мос равишда “рақс”га тушди! 
3. Энг кўп созандаю мусиқачилар шу концертда иштирок этган бўлса, ажабмас! 50 дан ошгани аниқ!


 
4. Бу йилги концертда гитарачиларнинг фаоллиги яққол сезилди. Уч моҳир гитара устаси концертни рок-н-роллга айлантириб юборди.


 
5. Бўлса-бўлмаса кийим алмаштириш одатидан мутлақ узоқ бўлган Жаҳонгир бир хил, оддий кўринишда бутун концертини ўтказди.


 
6. Концертда умуман, блок ҳам, пауза ҳам йўқ! Ҳаммаси жонли: истаса, қўшиқнинг ярмидан тўхтатиб, мухлисларга мурожаат қилди, хоҳласа, улар билан қўшилиб куйлади. 


 
7. Жаҳонгир Отажонов яхшигина раққос ҳам экан. Бироқ, саҳналаштирилмаган, рақс ҳам “live». Бундай ноодатий рақслар фақат Жаҳонгир Отажоновга хос! Таърифлаш оз: фақат кўриш керак!


 
8. Маълумотларга қараганда, биронта қўшиқ студияда ёзилмаган. Ҳамма тароналар 2 ой давомида жонли ижрода машқ қилинган. 
9. Концерт ташкилотчисига кўра, концертнинг биринчи куни бошланишидан бир соат олдин жуда жиддий вазият юзага келган. Хонанданинг тинимсиз равишда жонли куйлаши оқибатида, овозбойламлари зўриқиши туфайли ҳатто концертни бекор қилиш хулосаси ҳам туғилган. Бироқ, Яратганнинг инояти билан хонанда сабр, куч-қувват эгасига айланди: овоз уни уялтирмади! 


 
10. Концерт бошланишидан то охирига қадар саҳнага пахтагулли чойнак-пиёла ташиш тинмади! Жаҳон юлдузлари одатда газланмаган сув билан ҳалқумини ҳўлласа, бўлажак (ўзбекдан чиққан) дунё юлдузи кўк чой ё қора чой билан томоқ зўриқишинин голдини олади. Концертга таклиф этмоқчи бўлган ташкилотчиларга кичик кўрсатма бу. 


 
11. Бу даргоҳдан ҳечким норизо бўлиб кетиши мумкин эмас! Устига-устак, Ризо тахаллусига мос иш бўлишини инобатга олибми, хонанда дастурдан ташқари бир неча оммабоп қўшиқларини томошабинлар талаб ва истакларига кўра куйлади. 
12. “Эл бирла бўл”, “Дунё” каби янги қўшиқлари мухлисларни ўйлантириб қўядиган тарбиявий аҳамиятга молик бўлди.


 
13. Ҳалол меҳнатнинг энг катта белгиси – пешона тери бўлса керак. Ерга меҳр бериб, ҳалол пешона терини далага тўкадиган бобо-деҳқон мўл ҳосил кўтарганидек, пешона терини жонли қўшиқ куйлаб, саҳнага сочадиган хонанда жонли қарсаклар тимсолида юксак эҳтиром қозонади! Бу эҳтиром эса чексиз ҳурмат, ҳақиқий муҳаббатга доялик қилади. Фонограммада куйлаб, мухлисларга ёлғон овозини сездириб қўймаслик илинжидаги хонандаларнинг қўрқув пешона терисига Жаҳонгир анти-мисол бўла олди: унинг ёниб куйлаш оқибатидаги пешона терига дастрўмол “чўмилди”. 


 
14. Паризода томошабинларни “тамом” қилди: унинг янги рақсларида янги қирралари очилди. Таъбир жоиз бўлса, у бутун оламга ўзбек раққосаси тимсоли сифатида кўрсатиб, мағрурланажак истеъдод соҳибаси! Паризоданинг концерт давомидаги иккита рақси – унинг санъатига нисбатан чанқоқлик ҳиссини кучайтирганича қолди! Латофат, жозиба, гўзаллик – ҳаммаси мужассамланди!


 
15. Жаҳонгир Отажонов бор энергиясини концертига бахшида этганига кичик гувоҳлик: бўйинда бўртган артериялар! У бошқа ҳамкасблари каби “овозасраш” усулларини, сирларини бутунлай унутганди. Куйлаш мана бунақа бўлибди! 


 
16. Улуғбек Раҳматуллаев, Ҳалима, Мунис, Бахтиёр Раҳмонов каби ўнлаб машҳурлар оддий томошабин сифатида ҳақиқий жонли концерт лаззатини туйганини бот-бот ўртоқлашишди. Таассуротларнинг кети узилмайди. У наинки, юзлаб ёш санъаткорларга балки кўплаб халқ артистларига ҳам “live” концерт бериш бобида эталонга айланди. Бу шунчаки баландпарвоз таъриф эмас, бу тан олинган (ва айримлар наздида тан олинмаган) ҳақиқат! Жаҳонгир Ризо бу истеъдод, бу санъат билан дунё саҳналарини забт этишингизга шубҳа йўқ. Шундай экан, олға!



Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 15-05-2013

ИЗОҲЛАР 3

Erkinjon 22 май #
Jahongir Otajonovning yana bir tomoni u dilidagini aytadi-qo'yadi, ya'ni u "distirlangan paxta" emas
Erkinjon 22 май #
Jonli-jonli qo'shiqlarni joni borlar aytadi, El ichida chin hofiz nomi borlar aytadi. Jahongir haqiqatann ham o'zbek estradasining Jahongiri. U hamisha ko'ngil torlarini yoqimli chertadigan ijod namunalarini yarata olgan. Uning uchun san'at bu boylik manbai emas uning uchun san'at chinakam ilhom va lazzat manbai.
Aziza Sultanova 15 май #
Bravooo))))super shou buldi
Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг