Акбархўжа Расулов: «Биз кинони йўқотиб қўйдик»
- Акбархўжа, ижодий янгиликлар ҳақида гапириб ўтсангиз.
- Биринчи навбатда айтмоқчи бўлганим, бир неча ойдан бери «Дийдор» театр студиясида Ёлқин Тўйчиев қаламига мансуб Mono-Lock асари устида иш олиб боряпмиз. Труппамиздаги актёрларнинг маълум бир қисми шу спектаклга жалб қилинган. Мазкур спектаклда инсон психологияси, тақдири, ўзлиги ҳақидаги тушунчалар кўтарилади. Унда бешта қаҳрамон бўлиб, ҳар бирининг ўз ҳикояси бор. Ушбу спектакль рус тилида бўлиб, русийзабон томошабинлар учун ҳам жуда қизиқ бўлади деб ўйлайман. Ундан ташқари яқинда Жаҳонгир Қосимовнинг янги фильмида суратга тушдим. Фильмнинг ишчи номи «Тонг яқин» бўлиб, ҳаётий воқеалар асосида суратга олинган.
- Ўзбек киносида Сиз ўзингиз актёр сифатида қандай муаммоларга дуч келмоқдасиз?
- Актёрлар ўртасида жипслик йўқ, яна муаммолардан биттаси ҳамма бировни хатосини кўра олади, лекин ўзиникини кўрмайди. Матнни нотўғри гапирсангиз хатоингизни кўрсатади, мана бу ерда хато қилдинг деб, лекин ўзининг матнини билмайди.
- Нима деб ўйлайсиз, бизнинг фильмларга нима етишмайди?
- Биз кинони йўқотиб қўйдик. Бу касбга енгиллик билан қарайдиганлар кўпайиб кетди. Мисқоллаб йиғилган ҳурмат қисқа муддат ичида йўққа чиқарилди. Баъзи бир режиссёрлар пулнинг кетидан қувиб, томошабинни ҳам йўқотди, биз қилган меҳнатни ҳам йўққа чиқарди. Гап кимлигида эмас, касбга бўлган ҳурмат қолмади. Парда қолмади. Касбнинг пардаси бўлади. Баъзи бировлар мана шу пардани йиртиб кириб, кино соҳасида йиллаб қилинган меҳнатни чиппакка чиқарди.
- Ҳозир ҳамкасбларингиз ўзларини режиссёр сифатида ҳам синаб кўриб, фильм суратга олмоқдалар. Акбархўжа режиссёрлигида фильм суратга олинадими?
- Режиссура ёшлигимдан менинг дилимда, лекин тан олишим керак, ўзимни ҳали тайёрмас деб ҳисоблайман. Ўз устимда ишлаш учун ҳеч бўлмаганда телефонимга кичик лавҳалар суратга олиб юрсам бўлади, лекин вақт етишмаслигиданми ёки шунчаки дангасаликми шу ишни ҳам қилмайман. Мен тўғрисини айтсам, яхши кино қандай бўлишини биламан ва барибир шунақа чиқмайди деб шу ишга қўл урмайман. Шу нарса менга тўсиқлик қилади.
- «Юлдузли тунлар» спектаклидаги ролингиз ҳақида, режиссёр Баҳодир Йўлдошев ҳақида гапирсангиз?
- Авваламбор Баҳодир ака ҳақида гапириб ўтсам, чунки мазкур спектаклда роль ижро этишимга улар сабабчи бўлганлар. Баҳодир Йўлдошев касбини севган ва касбига ҳиёнат қилмаган инсон. Бу каби инсонлар кўпайганида, санъат соҳасида жуда ҳам катта ютуқларга эришган бўлар эдик. «Юлдузли тунлар»даги ролимга келсак, Мавлоно Фазлиддин ролини ижро этганимда кўз олдимга раҳматли Ҳожиакбар Нурматов келадилар, шахсан ўзим бу актёрни жуда ҳам яхши кўрганман, ҳурмат қилганман. Мавлоно Фазлиддин ролини илк маротаба улар ижро этганлар. Персонажим ҳақида гапирадиган бўлсам, бу каби қалби пок, ҳокисор одамларни ҳаётим бўйича жуда кам учратганман. Ролим ўзимга жуда ёқади.
- Сизга театрда роль ижро этишми ёки фильмда суратга тушиш кўпроқ завқ бағишлайди?
- Театрми, киноми фарқи йўқ. Сизга берилган ролни кўнглингиздагидек ижро эта олсангиз, қилаётган ишингиздан роҳат олсангиз шунинг ўзи катта завқ.
- Ўзингиз қайси жанрлардаги фильмларни кўпроқ кўрасиз?
- Арт Хаус жанридаги фильмларни севиб томоша қиламан. Муаллифлик фильмларини жуда яхши кўраман. Қўрқинчли фильмларни кўрмайман, қўрққаним учун эмас, шунчаки ёқтирмайман.
- Санъат кўп қурбонлик талаб қилади дейишади. Сиз шу кунгача кўп нарса қурбон қилдингизми?
- Қайси касб бўлишидан қатъий назар, ўзининг қийинчиликлари бор. Лекин мен бу нарсани қурбонлик эмас, ишнинг ташкилий қисми деб ҳисоблайман. Санъат шуниси билан санъат.
- Ота-онангиз ёки яқинларингиз касбингиздан нолиган пайтлари бўлганми?
- Бўлган. Ҳар бир ота-она фарзанди учун қайғуради. Менинг ота-онам ҳам вақтида овқатланишим, вақтида дам олишим, оиламга керакли вақт ажрата олишимни хоҳлашади. Биз актёрларда эса кун тартиби йўқ. Керак бўлса суткалаб ухламай ишлаймиз. Баъзан овқатланишга ҳам вақт йўқ. Бир нарсани режалаштирган бўлсак, охирги лаҳзаларда ҳаммаси ўзгариб съёмкаларга югуриб қоладиган вақт ҳам бўлади. Ота-онам одатда шундан нолишади.
- 2016 йилнинг 14 июль куни қиз фарзандли бўлдингиз? Ўзингизда кандай ўзгаришлар сездингиз?
- Бу кун мен умуман бошқа одамга айланган куним. Ҳаётда бошқа босқичга ўтган куним. Қизимни қўлимга олганимда ҳам ота бўлганимга ишонмаганман. Улғайганимни сезганман.
-Бахтсизликни бир сўз билан қандай таърифлаб бера оласиз?
- Ўзлигимни йўқотиш.
-Энг катта қўрқувингиз?
-Умрни бесамар ўтказиш.
Қисқа ва лўнда
Бахт бу...
Бахт нималигини билмайман, лекин бахтлилигимни биламан.
Маррага етиш учун...
Ишлаш керак!
Омад сиз учун бу...
Омад ҳеч нарса. Юқорида айтганимдек, ишлаш керак!
Таниқли бўлиш учун...
Ишлаш керак!
ИЗОҲЛАР 0