alt alt    alt

КИРИШ/РЎЙХАТДАН ЎТИШ
00:00
Now playing
Выберите радиостанцию
People

БЕНОМ: «ЭНГ ИНЖИҚ ХОНАНДА БУ...»

Яқинда «Бир муҳаббат қиссаси» мусиқий трилогиясининг якуний қисмини мухлисларига тақдим этган «Беном» гуруҳи билан суҳбатлашдик. Саволларимизга Сарвар Азимов жавоб берди.

alt

— Асосий даромадингиз қўшиқ куйлашданми ёки ёзишданми?

— Қўшиқ ёзишдан.

— Лола, Райҳон, Шаҳзода. Учаласи бир вақтнинг ўзида янги лойиҳа таклиф қилишса, қай бирининг илтимосини биринчи бажарасиз?

— Агар мусиқий лойиҳа бўлса, учала хонанданинг таклифини бир вақтнинг ўзида амалга ошира оламиз.

— Сиз ишлаган энг инжиқ хонандалар?

— Инжиқ деб, Лола ва Шаҳло Ахмедоваларни, ҳамда Будурни айта оламан.

alt

— Демак, сиз «инжиқ» хонандалар билан ишлашни маъқул кўрмайсиз. Ишдаги қийинчиликлардан қочасиз, шундайми?

— Биз билан бирга ишлайдиган хонандалар бизга инжиқлик қилмайди. Агар «инжиқ»лик ўринли бўлмай, бу шунчаки эркалик бўлса, албатта, биз улар билан ишлашни тўхтатамиз. Агар ўринли инжиқлик бўлса, биз уни хоҳишини, фикрини албатта, инобатга оламиз. Ҳар хил ҳарактердаги хонандалар бор-да. Масалан, Будур билан ҳам ишладим. Унда ҳам ўринсиз инжиқликлар бор. Ёки Шаҳло Аҳмедовани олайлик. Унинг инжиқликлари ҳам ўзига хос. Ишга нисбатан асосли эркалик, инжиқлик қилади. Лекин барибир ҳам у билан ҳамкорлигимиз тугатилган. Аслида эса инжиқ инсон билан ишлаб бўлмайди. Масалан, Лола Аҳмедовага бир қўшиқ таклиф қилдик. Мана сизга бунақа ашула қилдик деганимизда, у: «Менга бошқа, янги йўналиш топиб беринглар», - деб қолди. Бўлди деб, янги йўналиш топиб берганимиздан кейин ҳам у: «Мен бунда ўзимни кўрмаяпман»,- дейди. Бу бўлмаса, сизга яна қанақаси керак, десак, у яна ўзининг эски йўналишини айтяпти. Унда аввалги композиторларингиз билан ишланг, биз билан ишлаб нима қиласиз, десак «Бўпти, унда шўх бирорта қўшиқ қилиб беринглар», - деди. Қилиб берсангиз, яна ўша эски гап. Нима хоҳлаётганини ўзи ҳам билмайди. Ана кўряпсизми, бунақа асоссиз инжиқликлар қилувчи санъаткор билан умуман ишлаб бўлмайди. Лола, Шаҳзодалар эса унақа эмас. «Бўлди, мана шу бўлади ёки бўлмайди», - дейди тамом. Муддаосини бирданига билдиради, қўяди.

— Ижод қилиш осон бўлган хонанда?

— Лола Йўлдошева.

— Сизнинг фикрингизча Сардор Рахимхоннинг қайси қўшиғи хит бўлган?

«Танҳогинам» таронаси хит даражасига кўтарилган. Шахсан ўзимнинг кўча-куйда кузатишларимга асосланган ҳолда шундай дейишим мумкин. Биз эркак хонандалар билан фаолиятимизнинг бошиданоқ ишлаганмиз. Масалан, 2007-2008 йилларда Ёдгор Мирзажоновнинг «Паризодам» , «Эркалайин сени» қўшиғи ҳам аниқ хит бўлган. Унга тўлиқ битта албом ёзиб берганмиз. Ёки Улуғбек Раҳматуллаевга «Севги бу жаннат» таронасини ёздик. Лекин бу қўшиқ жуда хит даражага кўтарилмади. Чунки тарона саундтрек тарзида ёзилган эди. Аммо мухлислар зўр қабул қилди.

alt

— Айни пайтда сизлар билан доимий ҳамкорлик қилаётган эркак хонандалар борми?

— Бор, албатта. Жумладан, Сардор Рахимхон, Даврон Эргашев. Аммо аёл хонандалардан ортиб бўлмаяпти. Сабаби аёл санъаткорларимиз жуда кўп.

— Тахаллусларингизга келадиган бўлсак, «Беном» деб жавоб бергансиз. Машҳур «Беном» демоқчи бўлдингизларми ёки «Беном»да тўхтадингларми?

— Биз ўзимизни Сарвар ва Комил деб таништирганимиз билан мухлисларимиз барибир «Беном» дейишмоқда. Шу ном билан танишади. Ҳозирча шу ном билан ишлаяпмиз. Кўрамиз кейинчалик тўсиқлар юзага келса яна Сарвар ва Комил номларига қайтармиз.

— Сизларнинг номингиз билан хонандалар юлдуз даражасига кўтарилишини хоҳлайсизларми?

— Биз албатта истаймиз. Аммо бунга қўл урмаймиз. Чунки кўпчилик тушунмайдиганлар билан ишлаб бўлмайди. Масалан, шоу-бизнес бошқа бир дунё. Бошқа касбларга ўхшамаган, буни ҳамма ҳам тушуна олмайди. Биз бир нечта лойиҳа тузиб, ишламоқчи бўлганмиз, аммо ҳар сафар тушунмовчиликлар сабаб ҳамма лойиҳалар тўхтатилган. Бизнес одами шоу бизнесни тушуна олмайди, буни фақат шу оламда ижод қилаётганларгина тушуниши мумкин. Биз ёрдам беришимиз мумкин. Фақат 5-6 йил санъат қозонида қайнаб, шу соҳада ижод қилиб юрган хонандаларни кўтаришни истаймиз. Аммо кечагина келиб, эртага мен юлдуз бўламан деганлар билан эса ишламаймиз. Улар билмайди, тушунмайди, бир ойда юлдуз бўлишни хоҳлайди. У фақат юлдуз бўлишни истайди, бошқа қийинчилик, машаққатлар уни қизиқтирмайди ҳам. Аслида эса машҳурлик йиллар давомида қилинган меҳнат, машаққатлар эвазига келади.

alt

— Агар истеъдоди бўлса-ю, шоу бизнес оламини тушунмаса, унга ёрдам бериб, иқтидорини кўрсатишга кўмаклашган бўлармидингиз?

— Биз ҳам шу каби иқтидорлар билан ишламоқчи бўлдик. Бунга узоқ вақт сарфланади. Чунки уни бирданига юлдуз қилиб юборолмаймиз. Эртага у турли қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Шундай вазиятларда эса бирданига қоқилиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас. У амалиётда биз билан бирга юриб, ўзини тайёрлаб бориши лозим. Камида 3-4 йил фақат кузатиб юриши керак. Кейингина мустақил иш бошласа бўлади. Шунақа инсонларни кўрганмиз, машҳурликка эришдими, тамом, буткул ўзини йўқотиб қўйган. Машҳурликни кўтара олиши мумкин ёки умуман эплолмаслиги мумкин. Билганларимиз орасида борки, бутун бир альбом билан юлдузликка эришолмай, кейинчалик биргина таронаси билан машҳур бўлиб кетган.

alt

— «Беном» ижодда олдига қўйган, аммо ҳали амалга оширмаган энг катта режаси?

«Евровидение» танловида иштирок этиш.

— «Беном»дан мавсум янгилиги.

«Бир муҳаббат қиссаси» трилогияси давомини суратга олишга қарор қилдик.

— «Бир муҳаббат қиссаси»ни олиш ишлари бошланганми ёки бу шунчаки лойиҳами?

— Аниқ оладиган бўляпмиз.

— Қанақа кўринишда бўлади?

— Албатта учлик, иккинчи учлик шаклида бўлади.

alt

— Олдин ҳамкорлик қилган, аммо орада узилиш бўлган, ўзингиз учун хулоса чиқариб, шу билан ҳеч қачон ишламаймиз, деган хонандалар ҳам бўлганми?

— Бизда унақа тушунча йўқ. Бирга ҳамкорлик қилаверамиз. Ҳали бизда унақа персонаж юзага келмади.

— «Беном» ҳеч қачон қўл урмайдиган йўналиш — оғир рок йўналиши деб жавоб бергансиз. Шунга қўшимча изоҳ берсангиз.

— Йўқ, биз бу йўналишда ижод қилишдан тонмаймиз. Аммо шунақа нарса борки, оғир рок йўналишидаги қўшиқлар инсоннинг руҳиятини, ҳужайраларини ўлдириш хусусиятига эга. Эътибор берсангиз, мазкур йўналиш бизнинг менталитетимизга ҳам мос келмайди. Шунинг учун биз бу йўналишда ҳали ижодни бошламаганмиз.

— Агар кимдир шу йўналишда қўшиқ ёзиб беришингизни сўрашса, нима қилган бўлардингиз?

— Ҳаракат қиламиз. Фақат ўша оғир йўналишда эмас. Чунки ўша кайфият ўзимизнинг руҳиятимизга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

alt

— Кузатган бўлсангиз, инстаграмда Лоланинг 2002 йилдаги видеоси тарқалиб кетди. Хонанданинг  бу видео учун берган изоҳи: «Исёнкорлик. Ҳозирда шоу-бизнес дунёсини тўйлар бошқармоқда. Ҳозир юз бераётган ҳолатларнинг ҳаммаси қайғули, тўлақонли дидсизлик. Узлуксиз давом этаётган севиш, шўхидан бўлсин». Умуман шоу-бизнес хусусида сўз юритмоқдалар. Бу ҳақида сизнинг фикрингиз.

Лола билан биз жуда яқин ҳамкормиз. Ҳаётда ҳам яқин дўстмиз. Санъаткорлар ўзи уч гуруҳга бўлинади-да: биринчиси, миллий қўшиқ ижрочилари, иккинчиси, замонавий эстрадада миллий кўринишда куйлайдиганлар (масалан, тўйбоп — шўхидан бўлсин), охиргиси эса ҳақиқий замонавий эстрадада ижод қиладиганлар. Бу ўринда мен Лоланинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Лекин қисқа изоҳ билан шоу-бизнес оламидаги барча муаммоларни ёритиб бўлмайди. Юқоридаги фикрлар эса биз Лола билан неча кунлаб муҳокама қилган муаммоларнинг томчиси дейишим мумкин. Ҳозирги шоу-бизнес оламини ҳақиқатда тўйлар бошқармоқда. Чунки санъаткор моддий даромадининг асосини тўй ташкил қилмоқда. Бу менимча ачинарли ҳолат. Агар шу тарзда кетса, шоу-бизнес бир томонлама бўлиб қолади. Иккинчи тоифадагилар замонавий эстрадада миллий куйловчилар дедим. Уларнинг вақтида биринчи турга мансуб санъаткорлар бўлгану, улар ҳам иккинчи турга қўшилиб олишди. Уларнинг мақсади ҳам тўй. Биринчи тоифадагилар эса ўз қиёфасини асраб қолмоқда. Натижада, миллий қўшиқчилик ривожланиб, замонавий эстрада қолиб кетаётгандек, назаримда. Санъаткорларимизнинг ҳаммаси янги йўналиш, услуб яратишдан қўрқади. Дадиллик йўқолиб бормоқда. Мен Лоланинг фикрларига қўшиламан. Аммо ҳамюртларимиз уни нотўғри тушунишмоқда. Сабаби эса унинг очиқ кийиниши бўлиб қолмоқда. Йўқ, аслида унақа эмас, бу Лоланинг ташқи кўриниши, холос. Уни яқиндан билган кишигина уни тушуниши мумкин. Гап кийинишда эмас.

— Изоҳларда келтирилишича, Лоланинг овози унчалик яхши эмас. Зўр тароналар ярата олмаган ҳам. Масалан, «Сетора» гуруҳи, Севара Назархонлар ҳозир унчалик фаол бўлишмаса ҳам аммо томошабин уларни ҳамон севиб тинглашади. Бу масалани олиб чиқиш Лолага эмас, деган фикрлар билдирилмоқда. Бунга муносабатингиз.

— Юз йил олдин Галилио Галилейни ҳам ёқишган бўлса-да, аммо бироз муддатдан сўнг унинг номини оқлашди. Яъни унинг ким эканлигини англаб етишди. Бу масала ҳам худди шундай. Агар Лола ҳам узоқ муддат йўқолиб кетган санъаткорлар сингари кўринмай кетганида, бошқа санъаткорга айнан шу мухлис ёзган бўлардики: «Мана ўша вақтда Лола бўларди, жуда зўр айтарди. Мана унга сен етолмадинг», деган бўларди. Ҳақиқатдан олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ. Бу ерда Лолага нисбатан нотўғри муносабат билдирилмоқда. Лола ҳозирда манаман деган юлдузлардан ҳам зўрроқ концертлар берган, яхши ижод қилган хонандадир. У Россия Федерациясида ҳам «Майя» тахаллуси билан ижод қилади. Агар топ бешталик бўладиган бўлса, мен Лоланинг овози ёки истеъдодини биринчи ёки иккинчи ўринга қўйган бўлардим.

 

 

Kunutun.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан кунутун хабардор бўлинг.
Нашр санаси: 23-05-2017

ИЗОҲЛАР 1

Авторизация Изоҳ қўшиш учун авторизация қилинг