Шаҳзод Муродов билан суҳбат
— Ўзингиз ҳақингизда тўлиқ маълумот берсангиз. Қаерда таваллуд топгансиз? Қайси мактабда тахсил олгансиз? Оилада нечта фарзандсизлар? Сиз нечанчи фарзандсиз?
— 1993 йил 30 октябрда Самарқандда туғилганман. Оилада 4 фарзандмиз. 3 ўғил, 1 қиз. Дадам санъаткор. Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 6-мактабни тамомлаганман. Сўнг, Самарқанд санъат коллежида таҳсил олганман. Республика танловида рубоб чолғу йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон Давлат Консерваториясига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинганман.
— Қизиқишларингиз (хобби) хақида гапириб беринг. Мусиқадан ташқари нималарга қизиқасиз?
— Мусиқадан ташқари спортга қизиқаман. Футбол ўйнаб тураман. Стол тенниси билан шуғулланиб тураман. Шу билан бир қаторда чолғу асбоблари йиғишга қизиқаман.
— Қўшиқ куйлашингизга нима туртки бўлган?
— Санъаткор оиласида туғилганим сабабли бўлса керак. Муҳитнинг ҳам таъсири бор-да. Адашмасам учинчи ёки тўртинчи синфларда рубоб чалиб, саҳнага чиқишни бошлаганман. Ёшлигимдан кўпчилик қўшиқ куйлашга ундар, лекин уялганимданми қўрқув бўлганми ёки шунчаки қизиқишим бўлмагани сабабми ижро қилмадим. 17-18 ёшимда айнан нима туртки бўлганини билмайман, балки дадам қўшиқ куйлашимни жуда хоҳлаганлари учунми, ўзимда ҳам қўшиқчиликка қизиқиш пайдо бўлиб, куйлашни бошлаганман.
— Илк қўшиғингиз ва унинг яралиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз.
— Профессионал қўшиқчи бўлиш истаги туғилганида менда бир ғоя бор эди, ҳеч кимникига ўхшамаган санъат асари намойиш қилиш. Бу ғоя билан бастакор Иқбол Муҳаммадга борганимизда улар бир қанча қўшиқларни қўйиб, эшиттирдилар. Бизга «Ўша-ўшасан» қўшиғи маъқул келди. Матн муаллифи Нодир Азимов. Мазкур қўшиқ устида олти ой ишлаганмиз.
— Доимий ҳамкорлик қиладиган шоир ва бастакорларингиз борми?
— Асосан илк қўшиғим муаллифлари: Иқбол Муҳаммад ва Нодир Азимов билан ҳамкорлигимиз бор. Лекин бошқа бастакор ва шоирлар ижодига ҳам мурожаат қиламан.
— Бугунги кунга қадар эришган энг катта ютуғингиз?
— Ҳали жуда катта ютуқларга эришдим деб ҳисобламайман. Худо хохласа ҳаммаси олдинда.
— Муниса Ризаева билан дуэт қўшиғингиз бор. Шу қўшиқни яратилиши ҳақида гапириб берсангиз. Ким бу таклифни билдирган?
— Муниса Ризаеванинг ижодига қизиқар эдим. Вақтида мухлиси ҳам бўлганман. Ўзбек шоу-бизнесига илк қадамларини қўйган вақтлари ижодларини қизиқиш билан кузатганман, қўшиқларини яхши кўриб тинглаганман. Ўз ижодимни бошлагач, дуэт куйлаш таклифи билан чиққанман. Улар ҳам ҳеч иккиланмай, яхши қўшиқ бўлса куйлаш нияти борлигини билдирганлар.
— Муниса Ризаева билан ишлаш қийин бўлмаганми?
— Муниса Ризаева билан бирга ишлаш жуда ҳам қизиқ кечган. Умуман қийналмаганман, агар мен уларни қийнаб қўймаган бўлсам (кулади). Овоз ёзиш жараёни ҳам жуда қизиқарли бўлган. Ишонсангиз ярим соат ичида овозларимизни ёзиб бўлганмиз. Клип олиш жараёни ҳам ўзгача кечган. Кун иссиқ бўлгани сабабли бироз инжиқликлар бўлгану, лекин умуман олганда ажойиб ҳамкорлик бўлганди.
— Яна ким билан дуэт куйлашни хоҳлайсиз?
— Ҳозирча дуэт тарона яратиш ниятим йўқ. Лекин Насиба Абдуллаева билан дуэт куйлаш орзуим бор. Уларга бу таклиф билан мурожаат қилиб, розиликларини олганмиз. Ҳозирча бу фақат режада.
— Ўзбек эстрадасида сиз ҳавас қилган санъаткор борми? Ва қайси ҳислати учун?
— Албатта, бор. Озодбек Назарбеков, Абдурашид Йўлдошев. Уларни фақат ижодини эмас, балки ўзларини ҳам ҳурмат қиламан. Очиғи, уларнинг халқ билан муносабати, камтарлиги, инсоний фазилатларига ҳавас қиламан.
— Чет эл хонандаларидан кимларни тинглайсиз?
— Чет эл хонандаларида Андреа Бочеллини севиб тинглайман. Яқиндагина Тошкентда концерт дастури билан меҳмон бўлибдилар. Аскарлик бурчимни адо этаётган пайтимга тўғри келгани сабабли концертга туша олмадим ва бундан жуда ҳам афсусландим.
— Шоу-бизнес оламида дўстингиз борми?
— Шоу-бизнесда ўзимга ҳам дўст, ҳам ака деб билган инсонларим жуда кўп.
— Танқидга қандай қарайсиз?
— Танқид ўринли бўлса тўғри қабул қиламан. Ўзимга керакли хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламан. Камчилик бўлса керакки, танқид қилинади. Шу камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламан.
— Шахсий омад формулангиз борми? У нимадан иборат?
— Назаримда омаднинг формуласини тузиб бўлмайди. У Оллоҳ тарафидан берилади. Бошқа томондан олиб қараганда, бир ишни бошлашдан аввал кўнглингиз сезади, шу ишим омадли бўлади деб, чин дилдан истаб, ҳаракат қилсангиз, албатта, омад кулиб боқади. Омад ва ҳаракат ёнма-ён юради.
— Нимадан кўрқасиз?
— Яқинларимни йўқотишдан қўрқаман.
— Эркак киши билан аёл киши ўртасида дўстлик бўлади деб ҳисоблайсизми?
— Тўғрисини айтсам қизлар билан унча чиқиша олмайман, нимагалигини ўзим ҳам билмайман. Қиз бола дўстим йўқ.
— Ким билан сирлаша оласиз?
— Ўзимдан бошқа ҳеч ким билан сирлашмайман. Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша муаммолари бўлади, мен бу муаммоларим яқинларимга таъсир кўрсатишини хоҳламайман.
— Тасаввурингиздаги қиз? У қандай бўлиши керак?
— Ақлли, фаросатли, ўқимишли бўлиши керак. Сочлари узун қизлар ёқади, қош-кўзлари қора бўлсин.
— Ёшлигингиздаги қай бир орзуингизга эришдингиз?
— Болалигимдан Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўқишни орзу қилар эдим. Худога шукур бу орзуим амалга ошди.
— Сиз ўз идеалингиздаги қизни топдингизми?
— Йўқ, ҳозирча идеалимдаги қизни топганимча йўқ.
— Йўлларда қоидаларни бузиб турасизми?
— Бўлиб туради. Куни кеча энг кам иш ҳаққининг ярим баравари миқдорида жаримага тушдим. Мумкин бўлмаган жойда иккинчи йўлакдан қайрилганим учун.
— Охирги ўқиган китобингиз?
— Акбар Мирзонинг «Суиқасд» асари.
Шунингдек, яқинда шоу-бизнесга чақмоқдек кириб келган, деярли барча қўшиқлари мухлислар орасида тезда оммалашадиган гуруҳ - ВИА Мароканд билан бўлган эксклюзив интервьюни ҳам сайтимизда ўқинг.
ИЗОҲЛАР 0