Оливье индекси. Маҳсулотларни қаердан харид қилган афзал?
Оливье салатининг нархини ҳисоблаш учун биз 250гр «Sherin» қайнатилган колбасаси, 500 гр. картошка (3 дона), 100 гр. сабзи (1 дона), 100 гр. (1/2 стакан) Bonduelle консерваланган яшил нохоти, 3 дона тухум, 200 гр. Тузланган бодринг(2 дона) ва 400 гр. (1 қадоқ) «Махеев» майонезини олдик.
Изланишимиз натижасида маълум бўлишича, энг қиммат Оливье «Тренд» супермаркетидан харид қилганингизда, энг ҳамёнбоп эса Қатортол бозоридан харид қилганингизда бўлар экан.
«Назорат текшируви» учун яна бир салад «Шуба остидаги сельд» салати учун масаллиқлар нархини ҳам солиштириб кўрдик.
Нархини ҳисоблаш учун биз 600 гр. (2 дона) сельд балиғи, 800 гр. (4 дона) картошка, 200 гр. (2 дона) сабзи, 100 гр. (1 дона) пиёз, тахминан 400 гр.(1 қадоқ) «Махеев» майонези, 350 гр. (4 дона) лавлаги олдик.
Бизнинг қайта «нарх назоратимиз» қуйидагича кўриниш олди: энг қиммат «Шуба остидаги сельд» салати «Тренд» супермаркетидан қилинган харидда, энг арзони эса Қатортол бозоридан қилинганида бўлар экан.
Оливье́ салати — Россия ва МДҲ давлатларида машҳур, байрамона ва анъанавий салат ҳисобланади. Унинг номи асосчиси, бош ошпаз Люсьен Оливье шарафига қўйилган. Чет давлатларда «Рус салати» номи билан машҳур. Россияда шунингдек «гўштли салат» номи билан ҳам аталади.
Бу эса унинг рецепти (бир киши учун тайёрланадиган масаллиқлар миқдори кўрсатилган).
Булдуруқ = ½ дона, картошка = 3 дона, бодринг =1 дона, салат барглари = 3-4 барг, провансаль= 1½ ош қошиқ, қисқичбақа думчалари =3 дона, ланспик = ¼ стакан, кавар =1 чой қошиқ, зайтун мевалари = 3-5 дона.
Тайёрлаш усули: Қовурилган булдуруқни майдалаб оламиз ва тўғралган қайнатилган картошка, бодринг бўлакчалари билан аралаштирамиз. Кавар, зайтун ва кўп миқдорда провансаль соуси қўшиб аралаштирилади. Совугач биллур ликобларда дастурхонга тортилади.
Замонавий Оливье салатига кетадиган масаллиқлар ва унинг рецепти:
Масаллиқлар:
«Sherin» қайнатилган колбасаси 250 гр., 500 гр. картошка (3 дона), 100 гр. сабзи (1 дона), 100 гр. (1/2 стакан) Bonduelle консерваланган нохоти, 3 та тухум, тузланган бодринг 200 гр. (2 дона) ва 400 гр. (1 қадоқ) «Махеев» майонези.
Тайёрлаш усули:
Картошка, сабзи ва тухумни қайнатиб оламиз, кубик шаклида тўғраймиз, колбаса ва бодрингни ҳам худди шу шаклда тўғраб оламиз. Барча масаллиқларни аралаштириб, яшил нохот ва майонез қўшиб аралаштирамиз.
«Шуба остидаги сельд» салатига солинадиган масаллиқлар ва тайёрлаш усули:
Ёғли катта сельд балиғи – 600 гр. (2 дона), картошка – 800 гр. (3-4 дона), лавлаги –350 гр. (2 дона), сабзи – 200 гр. (2 дона), пиёз – 100 гр. (1 дона), майонез тахминан 400 мл. (1 қадоқ).
«Шуба остидаги сельд» салатига солинадиган масаллиқлар ва тайёрлаш усули:
Картошка, сабзи ва лавлагини ювиб қайнатиб оламиз. Балиқни филеларга бўламиз, қилтаноқ ва терисидан тозалаймиз, майда кубикча шаклида тўғраб оламиз. Салат солинадиган идишимизнинг тагини хўллаб оламиз. Бир текис қилиб балиқни терамиз. Тозаланган пиёзни майдалаб тўғраб, қайноқ сувда чайиб оламиз, сувини селгитиб балиқни устидан терамиз. Устидан майонез сурамиз. Кейинги масаллиғимиз картошка, уни ҳам майда қилиб тўғраб устидан терамиз, майонез сурамиз. Сабзи ва лавлагини катта тишли қирғичдан алоҳида алоҳида ўтказамиз. Биринчи бўлиб сабзини терамиз ва устидан майонез сурамиз. Энг устида лавлаги бўлиб уни ҳам майонез билан қоплаймиз.
Янги йилингиз муборак бўлсин!
ИЗОҲЛАР 0