Ҳайит дастурхонига рецептлар
Ҳайит байрами дастурхонининг энг ажойиб, кўркли ширинликларидан бири – пахлава ҳисобланади. Унинг тайёрланиши бегойимлардан анчагина маҳорат, қунт талаб қилади.
Пахлава
Керакли маҳсулотлар:
- маргарин (шедрое лето) - 250 гр;
- қатиқ ёки сметана - 1 стакан;
- тухум - 6 дона;
- ун - 4 стакан;
- ванилин ва сода;
- магиз ва ёнғоқ.
Тайёрланиши:
Дастлаб, хамир тайёрлаб олинади. Ишни маргарин ва унни аралаштиришдан бошлайсиз. Сметана (қатиқ)га озгина сода солиб, кўпчитиб соласиз, кейин 5 дона тухумни сариғини соласиз. Барча масаллиқлар яхшилаб қорилади. Пахлава хамири тайёр ҳолатга келгандан сўнг хамирни 3 бўлакка бўлиб, музлатгичга қуйилади.
Навбатдаги жараён ширинлик начинкасини тайёрлаш. 5 дона тухумнинг оқини миксерда яхшилаб кўпиртирасиз. Кейин 1 стакан шакар ва таъм бериши учун ванилин солиб, яна аралаштирилади. Тайёр масаллиққа 2 стакан ёнғоқ ва магиз қўшамиз.
Музлатгичдаги хамирни олиб, паднисга ёғ қуямиз. Хамирнинг бир булагини ёямиз ва устидан начинка қуямиз. Шу ҳолат яна икки марта такрорланади. Пичоқ ёрдамида кичик бўлаклар чизиб чиқилади. Устига қолган 1 дона тухумнинг сариғини суртиб чиқасиз. Сўнгги иш пахлавани устига ёнғоқ билан безак бериш бўлади.
Ва ниҳоят, пахлавани 180 градусли духовкада 40 дақиқа давомида пишириб оламиз. Тайёр пахлавани устига асалдан тайёрланган сероп қуйилади. Ширинликни бир неча дақиқа совутиб оласиз ва кейин уни чиройли шаклда кесиб чиқасиз.
Қўзиқоринли сомса
Керакли маҳсулотлар:
Хамир учун
- ун – 1 кг;
- сув – 2 стакан;
- хамиртуруш – 25г;
- туз – 2 чой қошиқ;
Қиймасига
- қўзиқорин – 1 кг;
- гўшт – 200г;
- пиёз -3,4 дона;
- 1 боғ кашнич;
- Таъбга кўра туз ва қалампир ишлатилади.
Тайёрланиши:
Қўзиқоринни олиб бандларини қирқиб ташлайсиз ва қайноқ сувга солиб яхшилаб ювасиз. Сўнгра майдалаб чопасиз, қиймага ёғлироқ қўй гўшти пиёз, кашнич, туз ва қалампир қўшиб аралаштирасиз. Тайёр бўлган масаллиғини қизитилган қозонда қовурасиз. Хамиртуришли хамирдан 25-30г ли зувалачалар узиб юпқа қилиб ёясиз ва бунга тайёрланган қиймани солиб, учбурчакли сомса тугасиз. Духовкага қўйиб пишириб оласиз.
Творог ва какаоли пирог
Керакли маҳсулотлар:
- ун - 300 гр;
- сарёғ - 200 гр;
- шакар - 220 гр;
- тухум - 3 дона;
- тварог - 500 гр;
- сметана - 150 гр;
- ванилин;
- какао.
Тайёрланиши:
1 – босқич: Ишни ун ва сарёғни бирга уқалашдан бошлайсиз. Иккала масаллиқни яхшилаб аралаштиргандан сўнг, устига 70гр шакар ва 3 чой қошиқ какао солиб, яна уқалантириш такрорланади. Шу ҳолатда хамирни тайёр ҳолга келтирамиз.
2 – босқич: Энди навбат пирогнинг қайласи начинкасини (ичига керакли масаллиқларни) тайёрлаш жараёнига келди. Бунда 150гр шакарга 3 дона тухумни чақиб, миксер ёрдамида яхшилиб кўпиртирилади. Ундан кейин эса тайёр масаллиқга твораг, сметана, ҳамда таъбга кўра ванилин солиб аралаштирилади.
3 – босқич: Юқорида тайёрланган уваланувчи хамирнинг ярмини қолипга солиб, устидан тварогли масаллиқ солинади ва устидан увоқ сепилади. 180 градусли духовкада 60 дақиқа давомида пишириб олинади.
ИЗОҲЛАР 0